Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот маркази ташкил этилади — Президент қарори

Ўзбекистон Республикаси президентининг «Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори имзоланди.
Имом Абу Мансур Мотуридий мақбараси, Самарқанд шаҳри / Фото: Qadriyat.uz

Қарорнинг асосий мақсади – буюк мутафаккир аждодимиз, мотуридийлик таълимоти асосчиси имом Абу Мансур Мотуридий ва унинг издошлари меросини чуқур ўрганиш, уларнинг ақида ва калом илми ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш, ёш авлодни эзгу умуминсоний ғоялар руҳида тарбиялаш, уларда маънавий ва маърифий қарашларимизга ёт бўлган зарарли таъсирларга қарши мафкуравий иммунитетни кучайтиришдир.

Қарор билан:

  • Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг фаолиятини қўллаб-қувватлаш ва мувофиқлаштириш бўйича васийлик кенгаши таркиби тасдиқланди;
  • 2020–2024 йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси» тасдиқланди;
  • марказни Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида ташкил қилиш ҳамда Имом Мотуридий номидаги халқаро стипендияни таъсис этиш ҳақидаги таклифлар маъқулланди.

Қарор орқали Марказ фаолиятига жаҳоннинг етакчи мотуридийшунос олим ва тадқиқотчилари жалб этилади.

Имом Мотуридий халқаро илмий-тадқиқот марказининг асосий вазифалари сифатида қуйидагилар белгиланди:

  •  ақида ва калом илми ривожига беқиёс ҳисса қўшган Имом Мотуридий ва унинг издошлари бўлган алломаларнинг улкан илмий, диний-маънавий меросини чуқур ўрганиш, улар яратган асарларнинг илмий-изоҳли таржима ва қиёсий матнларини нашр этиш, халқимиз ва жаҳон жамоатчилиги ўртасида кенг тарғиб қилиш;
  • ислом динининг инсонпарварлик моҳияти, маърифий-маданий роли ва ривожланиш йўналишларини илмий асосда ўрганиш ва кенг афкор оммага, жумладан, халқаро жамоатчиликка етказиш;
  • Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг калом илми ривожига қўшган ҳиссаси ва унинг тараққиётида тутган ўрнини чуқур тадқиқ этиш, ёш авлодни миллатлараро ва динлараро бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, тинчлик-тотувлик каби ислом динининг асл қадриятлари руҳида тарбиялаш;
  • мамлакатимиз ҳамда хорижий давлатларнинг кутубхоналари ва архив фондларида сақланаётган буюк алломаларимизнинг калом илмига оид мероси ҳамда ислом дунёси учун муҳим илмий аҳамиятга эга бўлган қўлёзма, тошбосма асарларнинг аcл ҳамда электрон нусхаларини тўплаш ва келажак авлодга етказиш учун тизимли илмий тадқиқотларни ташкил этиш;
  • исломий илмлар, хусусан, калом илми тарихи ва унинг бугунги кундаги аҳамиятини илмий тадқиқ этиш соҳасидаги халқаро ҳамкорликни кучайтириш мақсадида илмий-назарий ва услубий масалаларга бағишланган анжуман, конференция, симпозиум, семинар-тренинг ва танловлар ўтказиш;
  • «жаҳолатга қарши маърифат» ғояси асосида ислом динининг илм-маърифат, маънавий поклик, тинчлик-осойишталик, тараққиёт ва бунёдкорликка чақирувчи ғояларини халқимиз, айниқса, ёшларга етказиш.

Ҳужжатда Марказ ҳамда Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича Ислом олами ташкилоти (ICESCO)га аъзо мамлакатлар ва бошқа давлатларнинг махсус муассасалари, университетлари ўртасида самарали халқаро ҳамкорликни ўрнатиш ва ривожлантириш чоралари белгиланди.

Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Ўзбекистон Республикаси Президенти ҳузуридаги Давлат хизматини ривожлантириш агентлиги қошидаги мутахассисларни хорижда тайёрлаш ва ватандошлар билан мулоқот қилиш бўйича «Эл-юрт умиди» жамғармаси мунтазам равишда Марказ илмий ходим ва тадқиқотчиларининг хорижда амалиёт ўташи ва стажировкасини ташкил этиш чораларини кўради.

2020–2024 йилларда Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотини ўрганишни қўллаб-қувватлаш бўйича «Йўл харитаси»да ташкилий, илмий-тадқиқот ва маънавий-маърифий тарғибот йўналишларида 29та комплекс чора-тадбир белгиланган.

Уларнинг ижросини таъминлаш орқали:

  • Имом Мотуридий ва унинг издошларининг мусулмон оламидаги машҳур асарлари ўзбек тилига таржима қилинади ва халқимизга етказилади;
  • юртимиз мотуридийшунос олимларининг хорижий мамлакатларда ўтказиладиган халқаро конференцияларда доимий иштироки таъминланади;
  • «Мотуридийлик» маънавий-маърифий, илмий-адабий журнали нашр этилади;
  • «Мотуридийлик таълимоти ва ҳозирги замон» мавзусида конференция ва семинарлар ўтказилади;
  • дунё қўлёзма фондларида сақланаётган Имом Мотуридий ва мотуридийлик таълимотига оид қўлёзма асарлар нусхалари жамланади ҳамда уларнинг каталоги яратилади;
  • мотуридийлик таълимотига оид энциклопедия тайёрланади;
  • маҳаллаларда мотуридийлик таълимотининг бугунги глобаллашув жараёнларидаги долзарб аҳамиятини очиб беришга бағишланган давра суҳбатлари ҳамда учрашувлар ташкил этилади;
  • Имом Мотуридий, Абу Муин Насафий каби алломаларнинг ҳаёти ва илмий мероси ҳақида бадиий ва ҳужжатли фильмлар тайёрланади.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*