Синовли кунларда бир тану бир жон бўлайлик!

 

Ушбу йил барчамиз учун синовли йил бўлди. Халқимиз қийин кунларни бошидан ўтказаётган шу онларда барчамиз бир тану бир жон бўлишга ҳаракат қилишимиз лозим. Инсон ҳаётдаги синовлар билан тарбияланади, ҳеч бир иш беҳикмат бўлмайди, энг муҳими шу синовлардан чиройли ўтиб олишдир. Аллоҳ таоло юборган мусибатга қилинган сабрнинг ажри зиёда қилинади. Айни дамда коронавирус билан касалланган юртдошларимиз агар бу дардга сабр қилсалар, билсинларки, Аллоҳ таоло улар билан биргадир! Аллоҳ таоло ўз каломида  шундай марҳамат қилади: “Ва сабр қилинг. Аллоҳ сабр қилувчилар биландир”. (Анфол сураси, 46- оят). Ҳадиси шарифларда ҳам  инсонга берилган дардлар  унинг гуноҳларининг кечирилишига сабаб бўлиши ҳақида баён қилинган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам:” Мусулмонга  қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришими етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг ҳатоларини каффорат қилур”, дедилар. (Икки Шайҳ ривояти). Аллоҳ таоло барча беморларнинг гуноҳларини каффорат қилсин, даражаларини кўтарсин. Пандемия даврида оиласи даврасида, фарзандлари олдида бўлмай, беморларга ёрдам бераётган тиббиёт ҳодимлари, халқ осойишталиги, ҳавфсизлиги йўлида тиним билмай ҳизмат қилаётган мутасаддилар! Умид қиламизки сизлар улкан савоблар устадирсизлар! Аллоҳ таоло ҳар бир холисона қилинган яхши амаллар савобини ўн мислидан етти юз баробаригача кўпайтириб беради. Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Одам боласининг ҳамма амали (савоби) кўпайтириб берилур. Бир яхшиликка унинг ўн мислидан то етти юз баробаригача. Аллоҳ азза ва жалла: ”Магар рўза менинг учундир. Унинг мукофатини Мен берурман. У (одам боласи) шаҳватини ва таомини мен учун тарк қилур”, деди”. (Бешовларидан ривоят қилинган). Бошқа бир ҳадисда Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам мусулмонларнинг машаққатларини аритиш, унга ёрдам бериш ҳусусида шундай марҳамат қилганлар: Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади”. (Имом Муслим, Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган).

Пандемия сабабли азият чеккан, азиз юртдошлар! Агар сизлар Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлиб, сабр қилсангизлар Аллоҳ таоло ушбу қийинчиликлардан сўнг тезда енгиллик юборади. Аллоҳ таоло Қуръони Каримда шундай марҳамат қилади: ”Аллоҳ  ҳар бир нафсни Ўзи берганидан ортиқчага таклиф қилмас. Аллоҳ қийинчиликдан сўнг тезда осонликни берур”. (Талоқ сураси,7-оят).

Эҳтиёжмандларга Аллоҳ йўлида ёрдам бераётган саҳоватпеша, инсонлар! Сизлар ҳақингизда Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади: ”Аллоҳнинг йўлида молларини сарфлайдиганларнинг мисоли худди бир донга ўхшайдики, У ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган етти бошоқни ундириб чиқаради. Ва Аллоҳ кимга хоҳласа, яна кўпайтириб беради. Ва Аллоҳ (карами) кенг ва билимдондир”. (Бақара сураси,261-оят). Аллоҳ йўлида мол сарфлашнинг фойдаси ушбу оятда ажойиб услубда васф қилинмоқда. Сиртдан қараганда хайр-эҳсон қилган кишининг мол-дунёси камайганга ўхшайди. Ўша бир дона дон кейинчалик униб чиқиб кўпайганидек, хайр-эҳсон этилган мол ҳам бир неча чандон кўпайиб кетади. Агар Аллоҳ хоҳласа, унинг савобини яна ҳам кўпайтириб бериши мумкин.  Эҳсон қилувчиларнинг “ажрлар ҳирмонини” Аллоҳ таоло зиёда қилсин!  Қийинчиликда озиқ-овқатсиз, кийимсиз қолган инсонларга ёрдамга шошилганларнинг фазли ҳусусида ушбу ҳадисда қуйидагилар келтирилган: Абу Саъид розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: ”Қайси бир мусулмон кийими йўқ мусулмонга кийим кийдирса, Аллоҳ унга жаннатнинг яхши кийимларидан кийгизур. Қайси бир мусулмон қорни оч мусулмонга таом берса, Аллоҳ уни Жаннат мевалари ила таомлантирур. Қайси бир мусулмон сувсиз чанқаган мусулмонга сув берса, Аллоҳ азза ва жалла уни роҳийқи махтумдан сероб қилур”, дедилар”. (Абу Довуд ривояти). Шундай ҳайрли амалларни бажарётган муҳсин кишиларга, Аллоҳ таоло Жаннатнинг яхши кийимларидан кийдириб, унинг мевалари ила таомлантирсин ва сизларни  Жаннат шароби бўлмуш “Роҳийқи махтум” билан сероб қилсин!

 Карантин даврида илм изланишдан тўхтамаган устозлар ва толиби илмлар! Сизларга ҳам Роббимнинг раҳмати бўлсин! Ушбу ҳадиси шарифни сизлар учун келтириб ўтмоқчиман: Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: ”У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: ”Ким илм талаб қилиш йўлига юрса, Аллоҳ унга Жаннат йўлини осон қилиб қўяди. Албатта, фаришталар толиби илмни рози қилиш учун қанотларини қўяди. Албатта, олимга осмондаги зотлар, ердаги зотлар, ҳатто сувдаги балиқлар ҳам истиғфор айтади”, деганларини эшитдим деган эканлар”.(Абу Довуд ва Термизий ривоят қилишган). Устоз ва толиби илмлар! Исломда сизларнинг қадрларингиз баланд ва даражаларингиз улуғ ҳисобланади. Илм йўлидан алсо тўхтаманг! Эгаллаган илмларингиз нури   ҳаётингизни мунаввар қилсин!

 Шундай синовли кунларда халқимиз бирлашиб, бир-бирларига ёрдам бериб, далда бўлаётганда, бир жондек бўлиб курашишга интилаётган бир пайтда, ўзларини гуноҳлардан тия олмаётганлар, спиртли ичимликлар ичиб, уйда ўтиришдан нолиб карантин қоидаларига амал қилмай, турли ҳуқуқбузарликларни содир этаётган кишилар, сиҳат-саломатликни, оила даврасида бўлиш неъматини қадрига ета олмаяптилар. Улар оиласидан, яқинларидан узоқда бўлган беморлар ва тиббиёт ҳодимларининг ҳолатини ҳис қилиб кўрсалар бўлар эди. Агар неъматларни қадрламасалар, Аллоҳ таоло неъматларни заволга учратиши ҳеч гап эмас. Наҳотки, шундан қўрқмасалар?

Синовлардан тўғри ҳулосалар чиқариб, гуноҳлардан тийилиб, Хаққа қайтиш вақтимиз келмадимикин?! Аллоҳ таоло ўз каломида шундай марҳамат қилади: ”Иймон келтирганлар учун Аллоҳнинг зикрига ва нозил бўлган ҳаққа қалблари юмшаш, айни чоғда, олдин китоб берилган, сўнг муддат ўтиши билан қалблари қотиб қолган, кўплари фосиқ бўлганларга ўхшамаслик вақти келмадими?!”. (Ҳадид сураси, 16-оят). Барчамиз Роббимиз биздан рози бўлиши учун У томон шошилайлик. Ҳаёт ғанимат, умр қисқа! Имкониятларимиз вақт қиличи ила кесилгунга қадар, ҳар дамимизни ғанимат билайлик! Ҳаёт саҳифаларимизни хайрли, гўзал амаллар билан зийнатлайлик. Эй Роббим! Ушбу оятингдан умид қилиб, сенга дуолар қиламиз. ”Қачон бандаларим Мен ҳақимда сўрасалар, Бас, албатта, Мен яқиндирман. Дуо қилувчи дуо қилганда, дуосини ижобат қилурман”. (Бақара сураси,186-оят). Аллоҳим сендан юртимизга тинчлик, осойишталик, барака сўраймиз. Эй Меҳрибонларнинг меҳрибонлиси! Барча дардманлар дардларига шифо бер! Синовли кунлардан бирдамликда,  ўтиб олишимиз учун бизларга куч-қувват, сабр-қаноат ато эт! Сендан офиятингни сўраймиз, Ўзинг дуоларимизни қабул айла!

 

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчиси  Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*