АБУ МАНСУР МОТУРИДИЙ ИЛМИЙ МЕРОСИ

Аҳли сунна  вал жамоа таълимотини ёритиб берган асосий эътиқодий мазҳаблардан бири Абу Мансур Мотуридий (ваф. 944 й.) асос солган Мотуридия мактабидир. Манбаларда қайд этилишича, Абу Мансур Мотуридий фиқҳ ва каломдан машҳур олим бўлиб етишган Абу Наср Аҳмад Ийодий ва Абу Бакр Аҳмад Жузжонийлардан таълим олган.

Имомул мутакаллимийн (калом илми олимлари пешвоси) ва Имомул ҳудо (тўғри йўлга бошловчи) каби унвонларга сазовор бўлган ушбу буюк олимимизнинг илмий фаолияти серқирра бўлиб, тафсир, усулул фиқҳ, ақоид каби шаръий илмлар бўйича асарлар таълиф этган. Абу Масур Мотуридий илмий меросининг гултожи тафсир йўналиши бўйича ёзилган “Таъвийлоту аҳли сунна” номли асари ҳисобланади. Ушбу асарда Қуръон оятлари тафсиридан ташқари эътиқодга, усулул фиқҳга ва фиқҳга тегишли ҳукмлар ҳам маҳорат билан очиб берилган. Қуръон оятларини кўпинча оятлар билан тафсир қилган, айрим ўринларда ҳадислар билан ҳам тафсир қилган. Бу тафсир айрим тафсирларда учрайдиган исроилиёт қиссаларидан тамомила холи асар ҳисобланади. Шунинг учун ҳам Абдулқодир ибн Абул Вафо Қуроший  “Жавоҳирул музия” асарида “Таъвийлоту аҳли сунна” тафсирини: “Бу китобга бирор тафсир китоби тенг кела олмайди. Балки бу фан бўйича ундан олдинги ёзилган тафсирлар унинг даражасига яқин ҳам кела олмайди”, дея мадҳ қилган.

Абу Мансур Мотуридий усулул фиқҳ йўналиши бўйича “Маъхозуш шароиъ” (Шаръий ҳукмлар манбаси) ва “Жадал” (Илмий баҳслар) номли иккита китоб ёзган. Олимлар ушбу икки китобни ҳанафия мазҳабидаги қоидаларни ва улардан олинадиган турли ҳукмларни муфассал суратда жамлаган асарлар, деб мақтаганлар. Ҳижрий олтинчи асргача ҳанафийларнинг усулул фиқҳ бўйича мурожаат қиладиган асосий манбалари бўлиб келган. Кейинчалик эса ушбу йўналиш бўйича ёзилган Абу Зайд Даббусийнинг “Тақвиймул адилла” ва Фахрул Ислом Паздавийнинг “Канзул усул” каби усулул фиқҳ бўйича таълиф этилган асарларнинг асоси бўлиб хизмат қилган. Афсуски, бу икки китоб бизгача етиб келмаган.

Абу Мансур Мотуридий ақоид йўналиши бўйича кўплаб асарлар ёзган. Бу асарларни ўрганиб чиққан уламолар уларни уч турга ажратганлар:

  1. Мақолот (мақолалар); 2. Раддиялар; 3. Тавҳид асари.

Буларни кўриб чиқадиган бўлсак, аслида Мотуридийдан олдин ҳам “Мақолот” (мақолалар) номли бир қанча китоблар ёзилган ва уларда асосан Ислом динига мансуб турли фирқаларнинг қарашлари жамланган. Масалан, Абул Ҳасан Ашъарийнинг “Мақолотул исломиййин” асари худди шундай асарлар сирасига киради. Абу Мансур Мотуридийнинг “Мақолот” китобини “Китабут Тавҳид” билан битта китоб бўлган деб ҳисоблаган олимлар ҳам бор.

Абу Мансур Мотуридий ўзининг асарларида қадарий, мўътазилий ва қарматий каби адашган фирқаларнинг қилаётган даъволарига бирма-бир нақлий ҳамда ақлий далиллар асосида раддиялар қилган. “Баяну ваҳмил мўътазила” (Мўътазилийларнинг нотўғри тасаввури баёни), “Родду алал қаромита” (Қарматийларга раддия) каби асарларида мазкур фирқаларнинг умумий қарашларидаги хатоларни кўрсатиб берган.  Шунингдек, бу зотнинг Аҳли сунна вал жамоага қарши чиққан фирқаларнинг даъволарига умумий раддия қилишдан ташқари уларга батафсил раддиялар қилгани алоҳида диққатга сазовордир. Яъни, бу зот ўша пайтларда омма мусулмонлар орасида турли фитналарни келтириб чиқараётган мўътазилий етакчиларининг асарларига бирма-бир раддиялар ёзиб, уларни “очиқ майдон”да мағлуб қилган. Бунга у зотнинг қуйидаги асарлари яққол далилдир:

  • Абу Муҳаммад Боҳилий мўътазилийнинг “Усулул хомса” (бешта асос) китобига “Родду усулил хомса” (“бешта асос” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “таҳзийбул жадал” (илмий баҳсларни ўргатиш) китобига “Родду таҳзийбил жадал” (“илмий баҳсларни ўргатиш” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Ваъийдул фуссақ” (Фосиқларга таҳдид) китобига “Родду “Ваъийдил фуссақ” (“Фосиқларга таҳдид” китобига раддия);
  • Абулқосим Каъбий мўътазилийнинг “Аваилул адилла” (Дастлабки далиллар) китобига “Родду аваилил адилла” (“дастлабки далиллар” китобига раддия) каби асарлар ёзган.

Абу Мансур Мотуридий Аллоҳ таолога иймон келтириш асослари бўйича “Тавҳид” китобини ёзган. Калом илмига оид энциклопедия дейиш ҳам мумкин бўлган бу китоб мотуридия мазҳабининг асосий қарашларини баён қилувчи асардир. Имом Мотуридийнинг ушбу асарини ундан кейин ёзилган калом китобларига намуна бўлган дейиш мумкин. Чунки кейинчалик ёзилган калом китоблари асосан Имом Мотуридийнинг услубига кўра ёзилган ва маълумотлар у зотнинг тартибига кўра тартибланган ҳисобланади. Мотуридия мазҳабидаги китобларнинг аввалида келадиган “билиш воситалари” мавзусини ҳам дастлаб Абу Мансур Мотуридий жорий қилгани айтилган.

Мотуридия мазҳабининг асосий қарашларини баён қилувчи “Тавҳид” китоби “билиш воситалари” мавзуси билан бошланиб, сўнгра даҳрийлар, суманийлар, суфастоийлар каби фирқаларга раддия беришга ўтилган. Китоб охирида қазо ва қадар, иймон, шафоат, иймон ва ислом масалалари баён қилинган. Мотуридия мазҳабидаги машҳур китоблар бўлган Абул Муин Насафийнинг “Табсиротул адилла”, Умар Насафийнинг “Ақоидун Насафий” каби асарлари “Тавҳид” китоби асосида таълиф этилган асарлар ҳисобланади.

Имом Мотуридий илмий мероси ҳамиша илм аҳлларининг диққат марказида бўлиб келган. Негаки, ушбу бой маънавий-илмий меросда ислом  динидаги ҳар бир масалалар нақлий ва ақлий далиллар ёрдамида батафсил баён қилинган бўлиб, кейинги асрлардаги уламолар илмий фаолиятига ҳам муҳим пойдевор бўлиб хизмат қилган. Ушбу илмий меросни ўқиб-ўрганиб таҳлил қилиш, уларни такомиллаштириш давримиз заруриятидир. Ушбу асарлар юртдошларимизнинг эътиқодини мустаҳкамлашда, турли адашган оқимларга нисбатан мафкуравий иммунитет ҳосил қилишда,  ҳаётда ўз ўринларини топишлари ва ислом динининг мазмун-моҳиятини теран англашларида муҳим аҳамият касб этади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

 ўрта махсус ислом таълим

муассасаси катта ўқитувчиси

 А.Сайдахмедова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*