ЎЗИНГ БИЛМАГАН НАРСАГА ЭРГАШМА

Аллоҳ таоло Қуръони Каримда Исро сурасида шундай марҳамат қилади:

Ўзинг билмаган нарсага эргашма! Албатта, қулоқ, кўз ва дил-ана ўшалар, масъулдирлар. (36-оят)

Ҳеч бир инсон ўзи яхши билмаган нарса ҳақида гапирмаслиги лозим бўлади. Ислом шариати ҳар бир нарсани илмий асосда олиб боришга, билмаган нарсасидан узоқ бўлишга даъват қилади. Мусулмон киши бирор масала ҳақида гапирмоқчи бўлса, ўзи аниқ ишонган, маълум бир асосга таянган ҳолда бу ишни бажариши керак. Тахминлар, гумонлар, кимдандур эшитган эдим деган гаплар билан ҳукм чиқариш ва уни одамларга тарқатиш мутлақо ножоиздир. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларининг бир ҳадисларида: “Гумондан эҳтиёт бўлинглар, чунки гумон энг ёлғон сўздир”, деганлар. Бундан ташқари ишончли маълумотни ўқиб, ёки илм аҳлидан эшитиб бу маълумотни қандай бўлса шундайлигича етказмаслик ҳам катта гуноҳ саналади. Инсоннинг қулоғи, кўзи ва дили эшитган, кўрган ва билган хабарлари учун масъул ҳисобланади. Кимки бу масъулиятни ҳис қилмаса омонатга хиёнат қилган бўлади.

Ислом шариатининг Қуръони каримдан кейинги ишончли манбаси бўлмиш ҳадиси шарифларнинг бизгача етиб келишида ана шундай омонатдор кишиларнинг ҳиссаси беқиёс.  Пайғамбаримиз Муҳамммад сав дан бизгача бир неча минглаб ҳадислар етиб келган. Бу ҳадисларни тўплаб, китоб ҳолига келтириш учун ислом умматининг кўплаб омонатдор олимлари бутун умр меҳнат қилишди. Бу уламолар ўзлари тўплаган ҳадислар ва бошқа  ҳадисларни ёддан билишар эди. Бугунги кунимизда барча ҳадисларни ёддан биладиганлар оз бўлса-да, лекин ҳадисларни текширишнинг осон йўллари кўп. Ҳозирги кунда бирор маълумотни бу ҳадисда келтирилган ёки ҳадисда келмаган дейиш учун юзлаб китобларни ўқиб чиқишга ҳожат йўқ. Замонавий қурилмалардан компюпер, телефон, планшет каби жиҳозлардан бирор маълумотнинг ҳадисларда келган ёки келмаганини тезда билиб олиш мумкин. Бир сўз билан айтганда ҳозирги кунимизда нотўғри ва динимизда йўқ бўлган маълумотларини “Пайғамбаримиз шундай деганлар” деб тарқатавериш ўта жоҳиллик бўлади. Уларнинг гапига кўр-кўрона ишониб кетавериш ҳам инсоннинг масъулиятсизлигидан далолатдир.

Кўз ҳам, қулоқ ҳам, дил ҳам ҳар бир нарсадан масъулдир. Бу дунёда бу масъулиятдан қочиб қолинса ҳам, у дунёда, албатта, жавобгар бўлади. Охиратдаги ана ўша масъулият, айниқса, мусулмонларни илмий омонатга ҳеч хиёнат қилмасликка ундаган. Улар доимо билгани ҳақида тўғри маълумотлар берганлар. Юқоридаги ояти каримага ўхшаш оятлар, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадислари уларни доимо илмий омонатга хиёнат қилмай тўғри маълумотлар беришга чорлаб келган.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Кишига гуноҳ учун эшитган нарсасини гапирмоқнинг ўзи кифоя қилади», дедилар».

Абу Довуд ва Муслим ривоят қилган.

Инсонлардан эшитган нарсасини сўраб суриштирмай гапиравериш гуноҳ саналади. Чунки кишилар ўртасида турли асоссиз гаплар юриши айниқса бугунги кунлардан жуда кенг тақалиб кетди. Бу гап сўзларнинг жуда кўпи ёлғон ва уйдирмалардан иборат бўлади. Эшитган гапини одамларга гапиравериш ёлғончиликка олиб бориши шу сабабдан келиб чиқади. Аллоҳ таоло ҳузурида гуноҳкор бўлишдан қўрққан банда эшитган гапини гапиравермаслиги лозим.

Аллоҳ таоло:

“Ёлғонни фақат Аллоҳнинг оятларига иймон келтирмайдиганларгина тўқирлар. Ана ўшалар ўзлари ёлғончилардир”, деган (Наҳл, 105).

Бу ояти каримада ёлғонни фақат иймонсизларгина тўқишлари таъкидланяпти. Чунки уларда савоб, гуноҳ деган тушунча йўқ. Ёлғон гапирса, гуноҳ бўлишига, у дунёда азобланишига ишонч бўлмагани учун ҳам ўйламасдан ёлғон тўқийверадилар. Мўминлар эса, ёлғонни катта гуноҳ, деб биладилар. Ёлғон гапириш туфайли охиратда азобга дучор бўлишларидан қўрқадилар.

Имом Молик ривоят қилган ҳадиси шарифда Савфон ибн Сулайм розияллоҳу анҳу айтадиларки:

“Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин қўрқоқ бўладими?” деб сўралди.

“Ҳа”, дедилар.

“Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин бахил бўладими?” деб сўралди.

“Ҳа”, дедилар.

“Эй Аллоҳнинг Расули! Мўмин ёлғончи бўладими?” деб сўралди.

“Йўқ», дедилар”.

Ушбу ҳадиси шарифдан кўриниб турибдики, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гарчи бошқа ҳадисларда қўрқоқлик ва бахилликни салбий сифатлар ўлароқ танқид қилган, улардан четланишга амр қилган бўлсалар ҳам, бу ерда ёлғонга нисбатан бу икки салбий сифат арзимас бир ҳол эканини билдирмоқдалар. Шу билан бирга, ёлғон нақадар катта гуноҳ эканлигини, ёлғончи одам мўмин бўлолмаслигини таъкидламоқдалар. Ушбу ҳолатларни ҳисобга олиб, Исломда ёлғонга қарши қаттиқ курашилган. Ёлғончилар турли разил сифатлар билан сифатланиб кўрсатилган ва уларга тайинланган жазолар такрор-такрор айтилган.

Ёлғонларнинг энг каттаси бўлмиш Аллоҳ ва расулининг номидан ёлғон тўқишнинг оқибати ҳақида билиб олишимиз ҳам жуда муҳим.

Абдуллоҳ ибн Амр розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васаллам:

“Мендан бир оят бўлса ҳам етказинглар. Бани Исроил ҳақида гапиринглар, танглик йўқ. Ким менга қасддан ёлғон тўқиса, дўзахдаги ўриндиғига жойлашаверсин”, дедилар”.

Бухорий ва Термизий ривоят қилишган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам айтмаган нарсани у зотдан деб гапириш шунчалар ёмон нарсаки, ким шу ишни қилса, дўзахий бўлиши турган гап. Билиб-билмай турли гапларни ҳадис, деб гапириш катта гуноҳ. Шунинг учун ҳадиснинг ҳақиқий эканлигига тўлиқ ишонч ҳосил қилмасдан туриб, ҳадис айтиш яхши эмас. Пайғамбаримиз сав номларидан аниқ билмасдан туриб, гапириш бу динимиз номидан, Аллоҳ таоло номидан ёлғон тўқишдир.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

“Менинг сизларга кўп ҳадис айтишимни ман қиладиган нарса Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг: “Ким менга ёлғонни қасд қилса, дўзахдаги ўриндиғини олаверсин», деганларидир”, деди”.

Тўртовлари ривоят қилишган.

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу илмий одобга қаттиқ риоя қилганлар.  У киши Пайғамбар соллаллоҳу алайҳи васалламнинг хизматларида ўн йил бардавом турган зот бўлиб, саҳобаи киромлар ичида энг кўп ҳадис билгувчилардан эдилар. Зеҳнлари жуда ўткир, хотиралари кучли эди. Шундай бўлса ҳам Пайғамбаримиз айтмаган бирор оғиз сўзни айтиб қўйиб, дўзахий бўлишдан қўрққанлар.

Ислом дини ёлғоннинг ҳар қандай кўринишини ҳаром қилган. Ислом назарида ёлғончи Аллоҳнинг душмани, иймонсиз ҳисобланади. Расули акрам соллаллоҳу алайҳи васалламга нисбатан ёлғон тўқиш, у киши айтмаган гапни айтди, қилмаган ишни қилди, дейиш мисли йўқ улкан гуноҳ бўлади.

Ҳар қандай масалада ўзи аниқ билмаган нарсани  гапириш кишининг ёлғончилигидандир. Мусулмон киши ҳеч қачон гумон ва тахминларга асосланиб гапириб юрмаслиги керак. Айниқса, дину диёнатга, иймон-эътиқодга, ҳалол-ҳаромга, шариат аҳкомларига ва оят-ҳадисга тегишли мавзуда сўз юритганда жуда эҳтиёт бўлиш керак.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

катта ўқитувчиси Ибрагимова Сурайё

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*