Ислом омонлик динидир

Aллоҳга шукрлар бўлсинки, халқимиз юртимиздаги динга берилаётган эътибор ва кенг имкониятлардан фойдаланиб, ислом арконларига бекаму-кост амал қилиб келмоқда. Президентимиз ва диний уламоларимиз сай-ҳаракатлари билан янги масжидлар, диний таълим муассасалари, илмий марказлар ташкил етилмоқда.

Аммо бу имконият, ислоҳатларга қарамай, айрим шахслар ёки қўштирноқ ичидаги диндорлар томонидан юртимиздаги ислоҳат ва динга бўлган эътиборни нохолислик билан танқид қилаётганлар ҳам афсуски, учраб турибди. Одамларнинг тинчини бузиб, қўрқувга солиш таъқиқланган ишлардандир. Расули акрам (с.а.в.) : “Кимки биродарига тиғли нарса билан ишора қилса, бас, то ўзини тийиб олмагунча фаришталар унга лаънат ўқийди, гарчи у одам ўзининг туғишган укаси (ёки акаси) бўлса ҳам”, деганлар, ( Имом Муслим ривояти ) яна бир ҳадис шарифда эса: “Кимки бир мўмин кишини қўрқитса, ундай одамни қиёмат кунининг дахшати ва қўрқувидан хотиржам қилмасликни Aллоҳ Ўз зиммасига олади”, дейилган. Бир киши ҳазил тариқасида бировнинг ковушини олиб, беркитиб қўйди. Бу воқеа Расули акрамга (с.а.в.) етказилганида, “Мусулмон кишини қўрқитманглар, мусулмонни қўрқитиш катта зулмдир”, деб танбеҳ берганлар. Ҳатто, мусулмонга қўрқитувчи нигоҳ билан қараган одамни Aллоҳ таоло қиёмат кунида қўрқитиши ҳам зикр қилинади.

Қўлига қурол олиб, инсонларни қўрқитиб, уларнинг ҳаётига зомин бўлаётган кимсаларнинг оқибати еса, албатта, оғир бўлади. Бу борада Расули акрам (с.а.в.): “Бирортангиз ўз биродарига қурол билан ишора қилмасин (ўқталмасин,). Чунки у билмайдики, шайтон унинг қўлини бузиши мумкин. Оқибатда еса у одам дўзах чоҳига қулайди”, деб огоҳлантирганлар.

Шу каби жиноятлар билан шуғулланувчилар Aллоҳ ва Унинг Расули ва фаришталар лаънатига дучор бўлиши ҳамда қиёматда дўзахга қулаши ҳақида огоҳлантиришлар келгани боис, сабабсиз мусулмонга тил билан ёки қўл билан озор бериш, жонига қасд қилиш, мусулмонлар орасида турли бузғунчи иғво фитналар тарқатиш оғир гуноҳ экани малум бўлади.

Ислом дини таълимоти, қонун-қоида, аҳкомларидаги бош мақсад бу – инсониятнинг ҳаёти, шаъни, дини, насли, молини ҳимоя қилишдир. Юқорида санаб ўтилган иллатлар эса мана шу мақсадларга қарши қаратилгандир.

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, ислом дини турли асоссиз фитна ва иғволар жамият ҳаётига соладиган хавф хатарлардан огоҳлантириб, доимо бундай иллатлардан узоқ бўлишга чорлайди. Қўрқитиш, зулм қилиш ва бузғунчиликка асосланган ҳар қандай мафкурани қоралайди.

Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Иброҳимова Фотима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*