МОТУРИДИЯ ТАЪЛИМОТИ

Мовароуннаҳрда ақоид илмини ривожланишида буюк мутакаллим Абу Мансур Мотуридийнинг ўрни ниҳоятда катта бўлган. У яшаган даврга келиб       ислом динида пайдо бўла бошлаган турли гуруҳ ва фирқаларнинг сони кўпайиб кетган эди. Бу ҳол эътиқод масалаларида кўплаб ихтилофларни келтириб  чиқарди. Улуғ аллома-мутакаллим Абу Мансур Мотуридий мана шундай мураккаб шароитда фаолият олиб борган ва вужудга келган муаммоли вазиятни илмий асосда бартараф этишда ўзининг катта ҳиссасини қўшди. Шу тариқа Имом Мотуридий ҳанафий мазҳаби асосчиси Имоми Аъзам Абу Ҳанифанинг таълимотига суянган ҳолатда ўзига хос калом (ақоид) мактабига асос солди.

Имомнинг вафотидан кейин бу таълимотни теранг англаган издоши, насафийлар сулоласидан етишиб чиққан йирик мутакаллим Абу Муин Насафий  Мотуридийнинг таълимотини давом эттириб, уни янада ривожлантирди.

Манбаларда бизгача Мотуридийнинг кўплаб асарлари ҳақида маълумотлар етиб келган. Мотуридий асосан уч йўналишда, яъни калом, тафсир ва фиқҳ бўйича асарлар ёзган. Абу Муин Насафий “Табсирот ал-адилла” асарида Мотуридий қаламига мансуб қуйидаги асарларни кўрсатиб ўтган.

“Китоб ат-тавҳид”;

“Таъвилот ал-Қуръон ал-карим”;

“Китоб ал-мақолат”;

“Баяну ваҳми ал-мўътазила”;

“Родду ала ал-қаромита”;

“Родду таҳзийбил жадал лил Каъбий”;

“Родду “Ваъийдил фуссақ лил Каъбий”;

“Родду аваилил адилла ли баъз ар-равофиз”;

“Родду усулил хомса ли Аби Умар ал-Бохилий”;

“Шарҳу ал-жомиъ ас-сағир”;

“Китоб-ал жадал фи усул ал-фиқҳ”

“Маъхаз аш-шариъа фи усул ал-фиқҳ.

Юқорида номлари келтирилган асарлардан ташқари Мотуридийга яна бошқа асарлар ҳам нисбат берилган. Бунга мисол қилиб, Абу Ҳанифанинг “ал-Фиқҳул ал-акбар” рисоласига ёзилган “Шарҳ ал-фиқҳ ал-акбар” номли асарни олиш мумкин. Ушбу асар ҳам баъзи манбаларда Мотуридийга тегишли дейилган.

Айрим тадқиқотчилар бу асарни унинг замондоши Абу Лайс  Самарқандийга ҳам нисбат беришган.

Бизгача Имомнинг иккита,  “Китоб ат-тавҳид” ва “Таъвилот ал-Қуръон ал-карим” номли асарлари етиб келган ва улар ҳақида аниқ маълумотлар бор. Бу икки китобдан бири “Китоб ат-тавҳид” ақоидга оид муҳим асар ҳисобланади. Ушбу асарда Мотуридийнинг калом илмидаги ақидавий қарашларини акс этган.

“Китоб ат-тавҳид”ни мотуридия уламолари орасида биринчилардан бўлиб Абул Юср Паздавий “Усул ад-дин”  асарида ва Абу Муин Насафий “Табсират ал-адилла” асарида таъкидлаб ўтганлар ҳамда ундан иқтибослар келтирганлар.

Асар бир неча марта; биринчи бор 1971 йилда Байрутда, кейинчалик эса ушбу нашр Анқарада қайта чоп этилган. Асар тил ва мазмун жиҳатидан ниҳоятда мураккаб усулда   ёзилган. Абу Муин Насафий айнан шу асарга шарҳ сифатида “Табсират ал-адилла” асарини ёзиб, ундаги мураккаб жумлаларни ёритиб берган. Шу боис уламолар Насафий ҳақида  мотуридия калом мактабининг ривожланишида ҳеч ким у каби хизмат кўрсатмаган, у  мотуридия таълимоти интерпритатори-ёритиб берувчиси, Абу Муинсиз бу таълимотни асло тасаввур қилиб бўлмайди деб, унинг илмий меросини юқори баҳолаганлар. Муаллифнинг бундан бошқа асарлари ҳам кўп. Аммо  “Табсира” асари мотуридия калом мактабидаги Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асаридан кейинги асосий манба ҳисобланиб, мотуридия таълимотини ўрганишда ҳамда ақидавий мактабларни бошқа мактаблардан энг равон тарзда фарқлаб очиб беришдаги аҳамияти каттадир.

         Имом Мотуридийнинг “Тавҳид” асарини шарҳи бўлган ҳамда мотуридия мактабини ривожланишида асосий манба ҳисобланган бу асарда муаллиф асосан Абу Ҳанифа мазҳабини ҳамда маънавий устози бўлган Имом Мотуридийнинг мактабини ботил мазҳабларнинг нотўғри ақидаларидан ҳимоя қилади. Ботил  мазҳабларнинг, асосан мўътазилаларнинг нотўғри ақидалари баён қилиниб, раддиялар билдирилади.

         Бундан кўриниб турибдики, олимнинг бу асари ҳозирги кунимизда ҳам ўрганилиши зарур ва долзарб  бўлган, ҳанавий мазҳабидаги ақидавий масалаларни баён қилиб берувчи, ҳамда  турли фирқаларнинг нотўғри эътиқодларидан халос бўлиш учун асосий манба ҳисобланади.

Ушбу асарнинг 2018 йил У.Уватов ва бошқалар тарафидан  ўзбек тилига таржима қилиниши айни муддао бўлиб, халқимизнинг ҳанафий мазҳаби бўйича ақидавий масалаларни ўрганишларига ҳамда маънавий юксалишига хизмат қилувчи манбалардан бири бўлиб келмоқда.

   Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси  ўқитувчиси

    С.Мухамедходжаева

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*