Ғоялар кураши даврида огоҳ бўлайлик

Сўнги йилларда дунёнинг турли нуқталарида, ҳусусан, мусулмон мамлакатларида экстремистик ва террористик ташкилотлар фаолиятининг кучайиши кузатилмоқда. Мутаасиб кучлар томонидан муқаддас ислом дини таълимотини сохталаштириш ва ғаразли манфаатлари йўлида оғир жиноятлар содир этилмоқда. Афсуски, соғлом эътиқодни оёқости қиладиган ва муборак динимизни ўз манфаати йулида қурол қилиб олган кимсалар борлиги бугун барчамизни ташвишга солмоқда. Маълумки, ақидапараст ва бузғунчи кучлар халқ рухиятини ичдан емириб, ҳалокатга бошлайди. Жамиятнинг ҳамжихатлигини бузади, халқни жар ёқасига олиб боради. Диний тушунчалардан усталик билан фойдаланиб, одамларга унинг асл моҳиятини бузиб кўрсатади. Шунингдек, ҳалқнинг ишонувчанлигидан фойдаланиб, оммани норозилик кайфиятида тарбиялайди. Ёшларни эса алдов йўли билан ўзининг жирканч қуролига айлантириб, нафақат ҳаётини балки охиратини ҳам барбод қилади. Ақидапарастлар фикрича ислом маърифатини ёйишнинг энг самарали йўли зўравонликдир. Шу йўлда улар жангариларни тайёрлаш ва қўпорувчилик билан инсонларга ваҳима солиш орқали ўз қора ниятларига етишни мақсад қилади. Вҳхоланки, Аллоҳ таоло: “(Эй Муҳаммад,) Раббингизнинг йўли (дини)га хиҳкмат ва чиройли насиҳат билан даъват қилинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг!.. ” (Наҳл сураси, 125-оят) деб амр қилади.

Ғоялар кураши даврида ҳар бир фуқаро тажовузлар моҳиятини тўғри англаб етиши талаб этилади. Шу билан бирга, бундай қарама-қаршиликлар қайси кучларга таяниши, қандай фикрларни тарғиб этишини ҳам яхши англаш лозим. Ана шундай ғояларга қарши мустаҳкам иммунитетни шакллантириш ва бунёдкор ғоялар ила камол топган ёшлар қатламини вужудга келтириш ҳар бир замнода долзарб вазифа бўлиб келган.

Бугунги кунда дунёнинг турли минтақаларида баъзан атайин уюштириладиган норозиликлар, исёнлар, аҳоли табақалари орасида тўқнашувлар бўлиб турибди. Дин тўғрисида хато тасаввурга эга баъзи ёшлар турли алдовлар билан бундай тўс-тўполонларнинг қўғирчоғи бўлиб майдонга чиқаяпти. Натижада, энг олий неъмат бўлмиш тинчликка раҳна солинмоқда, одамлар орасидан меҳр-оқибат кўтарилмоқда, ҳузур-ҳаловатда эътиқод қилиш имконияти бой берилмоқда.

Айни пайтда дунёнинг турли минтақаларида ҳалқаро терроризм ва экстремизмнинг янги таҳдидларига қарши курашиш борасида тарғибот ва амалий фаолиятнинг кучайтирилаётганлиги ҳамда унга қарши курашиш нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар, балки кенг жамоатчиликнинг биринчи даражали вазифаси сифатида тан олинган. Бу борада мамлакатимиз Президенти Шавхат Мирзиёев таъкидлаганидек: “Ўзбекистон терроризм, экстремизм ва радикализм мафкурасига қарши кураш борасида ҳамиша принципиал позицияга эга бўлиб келган. Бундай ҳавф- хатарларга қарши фақат куч ишлатиш усуллари билан эмас, балки биринчи навбатда, айниқса ёшлар ўртасида, зўравонликни келтириб чиқарувчи жаҳолатга қарши маърифат билан курашиш лозим”.

Ёшларнинг ҳаёти ва тарбиясига ката ҳавф солаётган турл иақидапараст оқимларни барча қоралайди. Динимиз ҳам бу каби ғаразли ишдан қайтаради. Қуръони каримда: ….. Аллоҳнинг ризқидан еб-ичингиз, ер юзида бузғунчилик қилмангиз!” (Бақара, 60-оят) – дейилади. Бундай манфур кимсалар Аллоҳ, қайтарган ишдан, ҳусусан, бузғунчиликдан қайтмаяптилар. Қандай қилиб улар мусулмон бўлсин? Аксинча, улар Аллоҳнинг буйруғига қарши чиқаётган ислом душманларидирлар. Шунингдек, динимизда муъмин бошқа бировга заррача бўлса ҳам, озор бермаслиги уқтирилади. Ўзлари “чин” мусулмонликни даъво қилаётган бу кимсалар ёшларни ўз ота-онаси, ватани, ўз ҳалқига қарши қурол кўтаришга чақираётгани қайси тамойилга тўғри келади?! Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қўли ва тили билан ўзгаларга озор бермаган киши мусулмондир”, – дея таъкидлаганлар.

Ислом таълимоти бузғунчиликни, одамлар қалбига ваҳима, душманлик ва фитна уруғларини сочишни қаттик қоралайди. Маълумки, сўнгги йилларда динни ўзларига ниқоб қилиб олган оқимлар, тоифалар пайдо бўлди. Улар ғаразли мақсадлари йўлида жамиятда бузғунчилик, бегуноҳ одамлар қонини ноҳақ тўкиш каби жиноятларни авж олдириб, фуқаролар тинчлигини бузиб, халқ орасида низо чиқаришга ҳаракат қилишмоқда. Динимизда ҳаддан ошиш, тажовузкорлик, зўравонлик қаттиққораланади. Қуръони каримнинг Нисо сураси 93-оятида: “Кимда-ким қасддан бир мўминни ўлдирса, унинг жазоси жаҳаннамда абадий қолишдир. Яна унга Аллоҳғазаб қилгай, лаънатлагай ва унга улкан азобни тайёрлаб қўйгай”, – деб огоҳлантирилган. Оятда ноҳақ одам ўлдиришни ҳалол деган эътиқодда қотиллик қилган киши тўғрисидаги қатьий ҳукм баён этилмоқда.

Ислом олами уюшмаси ислом фиқҳи кенгашининг Макка баёнотида террорчилик қуйидагича таърифланади: “Террорчилик – бу кишилар ёки гуруҳларнинг инсон дини, жони, моли, номусига бузғунчилик билан душманлик қилишидир. Унинг доирасига қўрқитиш, азият бериш, таҳдид солиш, ноҳад қон тўкиш, мол-мулкини тортиб олиш, йўл тўсарлик қилиш, зўравонлик каби таҳдиднинг барча турлари билан жиноий режани амалга ошириш киради. Ушбу ҳаракатларнинг мақсади кишилар орасига қўрқув, таҳлика солиш, азият бериб қўрқитиш ёки ҳаётлари, эркинликлари, омонликлари, мол-мулкларини ҳавф-ҳатарга қўйишдир. Атроф-муҳитга зарар етказиш, хусусий ёки жамоа мулкини,юртини ва табиий бойликларни хавф-ҳатарга қўйиш ҳам шундай жиноятлар жумласидандир”.

Ерда бузғунчилик килмаслик ҳусусида Аллоҳ таоло Ўз китобида қуйидагича марҳамат қилади: “Ва Аллоҳ сенга берган нарса билан охиратни излагин, бу дунёдаги насибангни ҳам унутма. Аллоҳ сенга яхшилик қилганидек, сен ҳам яхшилик қил. Ер юзида бузғунчиликни излама. Албатта,  Аллоҳ  бузғунчиларни суймас” (Қаосос сураси, 77-оят). “Фитна ўлдиришдан каттароқдир…” (Бақара сураси, 217-оят). Ушбу оятда фитнанинг нақадар ёмонлиги, ҳаттоки бировни ноҳақ ўлдиришдан ҳам каттароқ иш эканлиги баён этилмоқда.

Юқоридагилардан турли экстремистик ва террористик ташкилотлар ўзларининг мутаасиб ва ғаразли ғояларини сиёсий мақсадларини амалга оширишда, шунингдек, бу мақсадларига эришиш йўлида муқаддас динимиз қоралаган иллатларни ўзига дастурул амал қилиб олганликлари аён бўлади. Шундай экан, эл-юрт тинчлиги ва ҳавфсизлигини таъминлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган ҳар бир шахс билмоғи лозимки, бундай мутаасиб, ёд ғояларга кўр-кўрона эргашиш фожиали якун топиб, ҳар бир мана шу юрт фарзандини ғоялар кураши даврида огоҳ бўлишликка чорлайди.

                                                       Хуршида Усмонова

                                                                       Хадичаи Кубро аёл-қизлар ЎМИТМ Ўқитувчиси

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*