Биргаликда енгамиз!

Саломатлик ва хотиржамлик икки улуғ неъматлардан бўлиб, инсон кўпинча уларни йўқотгандагина қадрлай бошлайди. Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида тинчлик-хотиржамлик энг катта неъмат эканлигини таъкидлаб шундай деганлар: Икки неъмат борки, кўпчилик инсонлар унинг қадрига етмайдилар. Ухотиржамлик ва сиҳат-саломатликдир. (Имом Бухорий ривояти).

Бугунги кунда бутун дунё халқлари ҳаётини издан чиқишига сабаб бўлаётган пандемия ҳам айнан инсон саломатлиги ва хотиржамлигига хавф солмоқда. Инсоният тарихига назар соладиган бўлсак, бу 18-йирик пандемия бўлиб, турли даврлар ва ҳудудларда ўлат, вабо, безгак каби турли йуқимли касалликларнинг тарқалиши ва уларни олдини олиш борасида кўрилган чора тадбирлар ҳақида ўқиб, ўрганишимиз мумкин. Тарихчи олимларнинг айтишларича, миллий давлатчилигимиз тарихида ҳам бугунги кунимиздаги каби ҳолатлар кузатилган. Масалан, Бухоро амирлиги даврида мамлакат билан иқтисодий алоқаларни йўлга қўйган ҳудудларда вабо тарқалиши сабабли мамлакатга кириб келаётган мусофирларнинг барчалари чилла(карантин)га олинган ва бандаргоҳларга махсус қоровул ва табиблар қўйилган. Ёки яқин ўтмишимизга назар солсак, Собиқ Иттифоқ даврида 1966 йилда ҳам Қорақалпоғистон худудида вабо касаллиги тарқалганлиги ва бу офат вақтида жорий қилинган карантин чора тадбири ва тиббиёт ходимларининг фидокорона меҳнатлари  билан бартараф этилгани оммавий ахборот воситалари томонидан эълон қилинди.

Шундай экан, ҳозирда пандемияга қарши ва вируснинг кенг тарқалишининг олдини олиш мақсадида ҳукуматимиз томонидан кўрилаётган чораларнинг барчаси тарих тажрибасига таянган. Аммо бу масалада муваффақият қозониш, вирусни енгиш фақатгина давлат ва раҳбарларнинг сайъ-ҳаракатлари билан бўлмайди, балки бунга жамиятнинг барча аъзолари, каттаю кичик бирдек масъулият билан қарашлари керак.

Пайғамбаримиз саллаллоҳу алайҳи васаллам ҳадисларининг бирида ҳам:  “Огоҳ бўлинг! Ҳаммангиз раҳбарсиз ва ҳамман­гиз қўл остингиздагилардан масъулдирсиз”, деганлар. Давлат ўз халқига, раҳбарлар қўл остидагиларга, эркак киши ўз оиласига, табиблар қўлларида даволанаётган беморларга, устозлар ўқувчиларига масъул, жавобгардир. Яъни, қиёмат куни Аллоҳ томонидан сўраладиган, ҳисоб бериладиган масъулият. Демак, ҳар бир шахс нафақат ўзи талабларга амал қилиши, балки қўл остидагиларни ҳам доимо тартиб-қоидага чақириши, огоҳлантириши, бефарқ бўлмаслиги лозим экан. Аммо бугунги кунда жамиятимиз аъзолари орасида карантин чоралари бироз енгиллатилганини нотўғри тушуниб, яна оммавий тадбирлар ташкил қилаётганлар, карантин қоидаларига амал қилмаётганлар, “Исломда юқиш йўқ” деган сўзни ўз фойдаларига нотўғри талқин қилаётганлар талайгина топилмоқда. Бу эса вазият яна жиддийлашишига сабаб бўлиши мумкинлигини унитмоқдалар. Шу ўринда атрофдаги яқинлари, дўстлари уларни огоҳлантиришлари, катта муаммоларнинг кичик сабабларидан бирига айланиб қолишларидан қайтаришлари лозим.

Шу билан бирга орамизда  қийин кунларда халқимиз корига яраб, кўнгилли равишда тиббиёт ускуналари ва дори дармонларни тарқатганлар, қийналган оилаларга моддий ёрдам ташкиллаштирганлар билан бир қаторда, афсуски, вазият жиддийлашиб, касалланганлар сони кескин ортган вақтда, инсонларда карантин сабабли юзага келган моддий қийинчилик маълумлигига қарамасдан, дори воситаларини улгиржи шаклда сотиб олиб, нархларни сунъий равишда кўтарилишига, шаҳар дорихоналарида керакли дорилар танқислиги пайдо бўлишига сабаб бўлганлар ҳам топилди. Бу инсонийликни четга суриб, нафсига қул бўлганларнинг, кимнингдир мусибати эвазига бойиб, вазиятдан фойдаланмоқчи бўлганларнинг иши. Шукрки, давлат томонидан вақтида кўрилган чора тадбирлар сабаб бундай нохуш ҳолат узоқ давом этмади.  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: Ким бир мўминдан бу дунё машаққатларидан бир машаққатни аритса, Аллоҳ таоло ундан қиёмат куни машаққатларидан бирини аритади. Ким бир камбағалнинг ишини енгиллатса, Аллоҳ унинг бу дунёю охиратидан ишларини енгиллатади. Ким бир мусулмоннинг айбини беркитса, Аллоҳ унинг айбини бу дунёю охиратда беркитади. Модомики, банда ўз биродарининг ёрдамида экан, Аллоҳ ҳам унинг ёрдамида бўлади”, деб марҳамат қилганлар.

Келинг азизлар, бундай синовли кунларда бир-биримизга ёрдам қўлини чўзайлик, қоида бузарликларга бефарқ бўлмайлик, балки барчамиз ўз вазифамизни масъулият билан бажариб, бу синовни биргаликда енгайлик.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчи Абдувалиева Комила

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*