Диний соҳадаги ислоҳотлар ва уларнинг мазмун-моҳияти

Ислоҳот луғавий жиҳатдан араб тилидан олинган сўз бўлиб, “яхшилаш”, “тузатиш” деган маъноларни англатади. Истеъмолда эса бирор бир мамлакатнинг сиёсий, иқтисодий, ҳарбий, маданий, диний, маърифий, ҳуқуқий ва шу каби бошқа турли соҳаларида илғор қайта ўзгаришга нисбатан қўлланилади.
Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам – демократик ислоҳотлар йўли – биз учун яккаю ягона ва энг тўғри йўлдир, деб таъкидлаган эдилар.
Дарҳақиқат, ҳар бир ривожланган ва ривожланиб бораётган давлат ўзининг фуқаролари фаровонлигини таъминлаш учун доимий равишда ислоҳотлар олиб боради.
Аллоҳ таоло Зуҳо сурасида марҳамат қилади:
“Ва аммо Роббингнинг берган неъмати ҳақида сўзла” (11-оят).
Шу ўринда сўнгги йилларда юртимизда амалга оширилган диний-маърифий соҳадаги янгиликларни эслаб ўтишни жоиз деб топдик:
− 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун ҳаж квотаси 7200 нафар қилиб белгиланди (илгари бу кўрсаткич 5200 нафар эди).
− Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида Ўзбекистон Республикаси Президентининг Қарори имзоланди.
− 2017 йилдан ўзбекистонлик фуқаролар учун умра квотаси 10000 нафар қилиб белгиланди (илгари бу кўрсаткич 6000 нафар эди).
− Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар ташкил этилди.
− Бухородаги Баҳовуддин Нақшбанд мажмуасида янги ташкил этилган Бухоро Олий мадрасанинг очилиш маросими бўлиб ўтди.
− “O‘zbekiston” телерадиоканалининг “Ҳидоят сари” студияси ва Тошкент Ислом университети “Зиё медиа маркази” фаолиятини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг қарори қабул қилинди.
− Тошкент ислом институтида олий диний ўқув юртидан кейинги таълим – ислом фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ҳамда ислом фанлари бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими ташкил этилди.
− Республикамизда фаолият юритаётган икки мингдан зиёд масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилди.
− Диний-экстремизм фаолиятига адашиб жалб қилинган шахслардан 16 мингдан зиёди ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари «қора рўйхати»дан чиқарилди.
− Ўзбекистон мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасаларига талабаларни қабул қилиш квоталари ўтган йилга нисбатан икки баробарга оширилди.
−Тошкент шаҳридаги Симпозиумлар саройида “Ислом ҳамжиҳатлиги: Ўзбекистон ва Озарбайжон мисолида” мавзуида халқаро илмий-амалий конференция бўлиб ўтди.
− Ўзбекистондаги масжидларда овоз кучайтиргичлар орқали азон айтила бошланди.
− Ўзбекистонда “Ҳалол” стандарти жорий қилинди. Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев «Мева сабзавот маҳсулотлари, узум, полиз, дуккакли экинлар, шунингдек қуритилган сабзавот ва меваларни маҳаллий экспорт қилувчиларни қўллаб-қувватлаш бўйича чора-тадбирлар тўғрисида»ги қарорни имзолади. Қарорнинг олтинчи бандида Ўзстандарт агентлигига: Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Дин ишлари бўйича қўмита, бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда йигирма кун муддатда республикада халқаро стандартларни, шу жумладан “ISO 22000”, “Ҳалол” стандартларини жорий этиш ва кейинчалик қўллаш бўйича чора-тадбирлар дастурини Вазирлар Маҳкамасига киритсин, деб қайд этилди.
− Самарқандда Калом ва Ҳадис мактабларининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
− Бухоро вилоятида жойлашган Мир Араб олий мадрасаси ҳузурида Баҳоуддин Нақшбанд тасаввуф илмий мактаби очилди.
− Қашқадарё вилоятида “Абу Муъин ан-Насафий” номидаги ақида илми мактабининг очилиш маросими бўлиб ўтди.
− Тошкент халқаро аэропортида мусулмонлар учун намозхона очилди.
− Ўзбекистон Мусулмонлар идораси тасарруфидаги диний таълим муассасалари қошида пуллик ўқув курслари ташкил этилиши ҳақида буйруқ қабул қилинди. Буйруқда ЎМИ тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Қуръони карим ва тажвид ҳамда араб тили фанларини ўргатувчи пуллик ўқув курслари ташкил этилиши, ушбу курсларнинг муддати 1 декабрдан бошлаб 6 ой давомида амалга оширилиши белгиланди.
− Фарғонада Ўзбекистон мусулмонлари идораси томонидан Ислом ҳуқуқи мактаби ташкил этилди.
− Янги давлат стандартига кўра, 2018 йил 1 январь эътиборидан расман кучга кирадиган қоидаларда ҳар бир меҳмонхонада Қуръони карим, ибодат қилиш учун жойнамоз (меҳмонхона номерларининг энг камида 10 фоизида) ва қибла кўрсаткичи (меҳмонхона номерларининг энг камида 30 фоизида) бўлиши шарт этиб белгиланди.
− Ўзбекистон Мусулмонлар идораси буйруғига кўра, Қорилар мусобақаси ҳар бир туманда ўтказиладиган, унда ЎМИ тасарруфидаги ўқув юртларидан бўлмаганлар ҳам иштирок эта оладиган бўлди.
− Ўзбекистонда илк бор исломий “AzonFM” онлайн радиоси фаолият бошлади.
− Ўзбекистон Республикаси президентининг “Ўзбекистон Ислом академиясини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарор эълон қилинди. Ўзбекистон Ислом академияси ҳузурида магистратура (2 йил), таянч докторантура (3 йил) ва докторантура (3 йил) фаолият юритади.
− Қурбон ҳайит ва Рамазон ҳайит байрамларининг муҳимлиги ва аҳамиятини инобатга олган ҳолда, миллий-маънавий қадриятларимизни юксалтириш ва сақлаб қолиш мақсадида 2018 йилдан бошлаб айрим дам олиш кунларини байрам кунларига яқин бўлган иш кунларига кўчириш ҳисобига узлуксиз уч кунлик дам олиш кунлари белгиланди.
− “Вақф” хайрия жамоат фонди тузилди;
Мазкур ислоҳотларнинг барчаси ўзида диний саводхонликни ошириш, аждодларнинг илмий меросини ўқиб-ўрганиб, келгуси авлодга ҳам гўзал шаклда етказиш, фуқароларнинг орасида кўп сонли ислом динига эътиқод қилувчи аҳоли учун кенг имкониятлар тақдим қилиш, ўлкамизда туғилиб, бутун дунёда илм фан ривожланишига ўзининг улкан ҳиссасини қўшган олиму уламоларни ва уларнинг асарларини чуқурроқ ўрганиш ва дунёга танитишдан иборат. Қолаверса, бугунги долзарб муаммолардан бири бўлмиш ёшларни турли хил нотўғри ва хатарли ғоялардан ва даъватлардан ҳимоя қилиш, уларга қарши ёшларда соғлом маънавий ҳамда диний иммунитет ҳосил қилишда ҳозирда амалга ошириб келинаётган диний илм борасидаги ислоҳотларнинг роли катта.
Шундай имкониятлар яратилаётган вақтда бизнинг вазифамиз улардан унумли фойдаланиш ва диний-маърифий, шу билан бирга, илмий соҳа ривожига ўз ҳиссамизни қўшишдан иборатдир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта
махсус ислом таълим муассасаси
ўқитувчиси М.Ниғматова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*