КЕНГ РИЗҚ СЎРАБ ДУО ҚИЛИШ

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ عِلْمًا نَافِعًا وَرِزْقًا وَاسِعًا وَعَمَلاً مُتَقَبَّلاً.

Дуо ўқилиши: “Аллоҳумма инний асъалука ъилман-наафиъаа, ва ризқов-ваасиъаа, ва амалам-мутақоббалаа”.

Дуо таржимаси: “Эй Аллоҳ, Сендан манфаатли илм, кенг ризқ, мақбул амал сўрайман” (Аҳмад – Умму Салама розияллоҳу анҳодан – ривоят қилган. Шуайб Арнаутга кўра, Умму Салама розияллоҳу анҳунинг мавлоси исми маълум эмаслиги сабаб ривоят санади заиф).

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам бомдод намози икки ракат фарзидан кейин мана шу дуони ўқирдилар. Унда ҳар бир мўмин учун муҳим нарсалар сўралади. Жумладан:

“Манфаатли илм”. Бундай илм эгасига дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда келтиради, уни хорликдан, залолатдан асрайди, Аллоҳ розилигига эриштиради. Манфаатли илмлар аввалида шаръий илмлар туради.

“Кенг ризқ” банда ризқи баракали, умри фаровон, касб-кори ҳалолдан бўлишидир.

“Мақбул амал” – риё, сумъа, кибрдан холи амал. Бу ерда қалб поклиги, ният холислиги, ихлос, хушуъ сўралмоқда. Зеро, мазкур сифатлар амаллар қабул бўлишида ўта муҳимдир.

Шунга кўра, дуо маъноси қуйидагича бўлади: Эй Аллоҳ, Сендан дунёда ҳам, охиратда ҳам фойда берадиган илм, кенг ризқ, мазмунли ҳаёт, осуда умр, қолаверса қалбимни риёдан, сумъадан, ўз нафсидан ажабланишдан поклашингни, амалларим холис бўлишини, даргоҳингда бенуқсон қабул этишингни сўрайман!

اللَّهُمَّ إِنِّي أَسْأَلُكَ الْهُدَى وَالتُّقَى وَالْعَفَافَ وَالْغِنَى.

Дуо ўқилиши: “Аллоҳумма инний асъалукал ҳудаа ват-туқо вал-ъафаафа вал-ғинаа”.

Дуо таржимаси: “Эй Аллоҳ, Сендан ҳидоят, тақво, иффат, бойлик сўрайман” (Муслим, Термизий, Ибн Можа – Абдуллоҳ ибн Масъуд розияллоҳу анҳудан – ривоят қилган).

Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ерда тўртта муҳим нарсани сўрамоқдалар:

  1. “Ҳидоят” – Аллоҳ таоло йўлида бардавом бўлиш. Банда Аллоҳ ҳидоятига эришганидан кейин яна ҳидоят сўраши ҳидоятда собитқадамлик, имондан бенасиб қолмасликни сўрашидир.
  2. “Тақво” – Аллоҳ таоло ҳаром қилган нарсалардан ўзини сақлаш. Кўпчилик “тақво” деганда асосан ҳалол луқма ейишни тушунади. Тўғри, луқма ҳалол, покиза бўлиши тақводорлик шарти. Аммо бундан ташқари ғийбат-туҳматдан, ёлғондан йироқ юриш, тилни беҳуда сўзлардан тийиш, кўзни номаҳрамлардан сақлаш ҳам тақво доирасига киради.
  3. “Иффат” сўзи тилимизда “қалб поклиги”, “ор-номус”, “ҳаё” маъносини ифодалайди. Бу сўз аслида “ҳаром сўзлардан, амаллардан сақланиш”; “баъзи мубоҳ ишлардан тийилиш” мазмунига эга.
  4. “Бойлик” калимаси аслиятда “ғинаа” деб келтирилган. У “одамлардан беҳожат бўлиш”, “қалб бойлиги – қаноат” маъносини англатади.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам бу ҳадис орқали қандай дуо қилишни ўргатмоқдалар. У зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуони аввал ҳидоятдан бошлардилар. Кейин тақвони, ортидан тақво асоси бўлмиш ҳаромдан сақланишни, охирида қаноат ва бойлик сўрардилар.

اللَّهُمَّ أَصْلِحْ لِي دِينِي وَوَسِّعْ عَلَيَّ فِي ذَاتِي وَبَارِكْ لِي فِي رِزْقِي.

Дуо ўқилиши: “Аллоҳумма аслиҳ лий дийний, ва вассиъ ъалайя фий заатий, ва баарик лий фий ризқий”.

Дуо таржимаси: “Эй Аллоҳ, Ўзинг динимни ислоҳ қил, ўзимда кенглик пайдо қил, ризқимга барака бер” (Аҳмад – Абу Мусо розияллоҳу анҳудан – ривоят қилган. Шуайб Арнаутга кўра, ривоят санади ҳасан лиғайриҳ).

Дуо изоҳи: “Эй Аллоҳ, Ўзинг имонимни комил, қалбимни пок, саломат қил, амалларимни ихлос билан бажришимга тавфиқ бер, баданимда, нафсимда, хулқимда кенглик пайдо қил, Ўзинг менга берган ризқни баракали қил!”

Дуо қилиш учун қайси вақт қулай? – деган саволга қуйидаги ривоятдан жавоб оламиз.

عَنْ أَبِي هُرَيْرَةَ رَضِيَ اللهُ عَنْهُ عَنْ رَسُولِ اللهِ صَلَّى اللهُ عَلَيْهِ وَسَلَّمَ قَالَ: إِذَا مَضَى شَطْرُ اللَّيْلِ أَوْ ثُلُثَاهُ يَنْزِلُ اللهُ جَلَّ وَعَلاَ إِلَى سَمَاءِ الدُّنْيَا فَيَقُولُ: مَنْ ذَا الَّذِي يَسْأَلُنِي فَأُعْطِيَهُ مَنْ ذَا الَّذِي يَدْعُونِي أَسْتَجِيبُ لَهُ مَنْ ذَا الَّذِي يَسْتَرْزُقُنِي أَرْزُقُهُ مَنْ ذَا الَّذِي يَسْتَغْفِرُنِي أَغْفِرُ لَهُ حَتَّى يَنْفَجِرَ الصُّبْحُ. رَوَاهُ أَحْمَدُ وَابْنُ حِبَّانَ وَاللَّفْظُ لَهُ وَالْبَيْهَقِيُّ وَسَنَدُهُ حَسَنٌ.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан ривоят қилади: “Агар тун ярми ёки учдан икки қисми ўтса, Аллоҳ таоло дунё осмонига тушиб, тонг отгунча: “(Ҳожатлари раво этилишини) сўровчи борми? Унга (сўрагани) берилади. Дуо қилувчи борми? (Дуоси) ижобат этилади. Истиғфор айтувчи борми? (Гуноҳлари) кечирилади”, деб айтади” (Аҳмад, Ибн Ҳиббон, Байҳақий ривояти. Ҳадис лафзи Ибн Ҳиббонга тегишли. Унинг ривояти санади ҳасан).

Демак, саҳар вақтида (яъни, тонг отишига 1-2 соат қолганда) туриб, таҳорат олиб таҳажжуд намози ўқилса, кетидан кўп истиғфор айтилса, ихлос-ла дуолар қилинса, Меҳрибон Аллоҳ банда бошига тушган ташвишларни аритади, гуноҳларини кечиради, ҳожатларини раво қилади.

Шу ўринда солиҳлар дуосини олиш фазилати ҳақидаги ривоятни кўриб чиқамиз.

عَنْ أُمِّ سُلَيْمٍ رَضِيَ اللهُ عَنْهَا أَنَّهَا قَالَتْ: يَا رَسُولَ اللهِ ، أَنَسٌ خَادِمُكَ ادْعُ اللهَ لَهُ قَالَ: اللَّهُمَّ أَكْثِرْ مَالَهُ وَوَلَدَهُ وَبَارِكْ لَهُ فِيمَا أَعْطَيْتَهُ. رَوَاهُ الْبُخَارِيُّ.

Умму Сулайм розияллоҳу анҳодан ривоят қилинишича, у: “Эй Расулуллоҳ, Анас сизнинг хизматчингиз. Унинг ҳақига дуо қилинг”, деганида у зот: “Эй Аллоҳ, унинг молини, болаларини кўпайтир, Ўзинг ато этган (неъматларинг)да унга барака бер!” дедилар (Бухорий ривояти).

Умму Сулайм (Саҳла) бинти Милҳон ибн Холид Ансория розияллоҳу анҳо машҳур саҳобия аёллардан, Анас ибн Молик розияллоҳу анҳунинг онасидир.

Онаси Анас ибн Моликни Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам олдиларига олиб бориб: “Эй Расулуллоҳ, Анас энди сизнинг хизматингизда бўлади. Унинг ҳақига дуо қилинг”, деганида Расулуллоҳ унинг мол-дунёси, фарзандлари кўп бўлишини, қўлидаги неъматларга барака беришини Аллоҳдан сўрадилар.

Бухорий “Ал-адабул муфрад” китобида Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилишича, Умму Сулайм Набий соллаллоҳу алайҳи ва салламга қарата: “Анас сизнинг кичик хизматчингиз. Унинг ҳақига дуо қилмайсизми?” деганида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Эй Аллоҳ, унинг молини, болаларини кўпайтир, умрини узун қил, (гуноҳларини) кечир”, деб дуо қилганлар.

Натижада Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу беҳисоб бойликка, қўша-қўша ўғил-қизларга эга бўлган. Саҳобалар ичида энг кўп фарзандли киши айнан Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу эди. Бу ҳақида унинг ўзи шундай деган: “Аллоҳга қасамки, менинг бойлигим жуда кўп. Болаларим ўзларидан кўпайиб, ҳозир юз нафарга етган” (Муслим ривояти).

Муборак дуо шарофатидан Анас розияллоҳу анҳу касб-корига барака бериб қўйилганди. Абул Олия айтади: “Анаснинг бир боғи бор эди, йилига икки марта ҳосил берарди. Ўша боғда бир райҳон бўлиб, ундан мушку анбар ҳиди таралиб турарди” (Термизий ишончли ровийлардан ривоят қилган).Баъзи уламоларга кўра, ҳақига кўп фарзанд сўраб дуо қилиш узоқ умр берилишини сўрашдир. Ҳақиқатан, манбаларда Анас ибн Молик 107 йил умр кўргани айтилган. Ушбу ҳадисдан маълум бўлади, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам дуолари сўзсиз ижобат қилинган, шукри адо этиладиган бойлик камбағалликдан афзалдир. Зеро, бойлик фақат фитнадан иборат бўлганида Набий соллаллоҳу алайҳи ва саллам Анас розияллоҳу анҳу ҳақига мол-дунё сўраб дуо қилмасдилар.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

                  ахборот-ресурс маркази раҳбари

                                                                                               М. Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*