КИТОБ БИЛИМ ЎЧОҒИ

 

Китобдан яхшироқ дўст йўқ жаҳонда

Ғамхўринг бўлгай у ғамгин замонда.

У билан қол танҳо ҳеч бермас озор,

Жонингга юз роҳат беради такрор.

Абдурахмон Жомий

 

Китоб — инсоннинт энг яқин дўсти ва маслаҳатчиси, ақл чироғи ва билим манбаидир. Китоб энг азиз неъматлардан бири. Хўш, китоб деганда биз нимани тушунамиз, келинг китоб тарихи ва шаклига бир назар қаратайлик.

Китоб —ахборотларни, ғоя, образ ва билимларни сақлаш ҳамда тарқатиш, ижтимоий-сиёсий, илмий, эстетик қарашларни шакллантириш воситаси; билимлар тарғиботи ва тарбия қуроли; бадиий, илмий асар, ижтимоий адабиётдир. Халқаро статистикада ЮНЕСКО тавсиясига кўра, ҳажми 48 саҳифадан кам бўлмаган, табоқлаб тикилган нодаврий нашрни, шартли равишда, КИТОБ дейиш қабул қилинган.

Китоб сўзи араб тилидаги “катаба” (ёзмоқ) сўзидан ясалган бўлиб, Аллоҳнинг биринчи яратган нарсасига амри ҳам “Ёз” бўлган. Бу ҳақида Пайғамбар алайҳиссалом “Аллоҳ биринчи яратган нарса Қаламдир. У Зот унга: “Ёз”, деди. “Эй Роббим, нимани ёзаман?” деди. “Ҳар бир нарсанинг қиёмат пайти бўлгунча тақдирларини ёз”, деди” (Убода ибн Собит розияллоҳу анҳудан, Имом Термизий ривояти). Демак, Аллоҳ таоло халойиқни, борлиқни яратишдан олдин, Ўзи ҳаммадан олдин яратган Қаламга айтиб, қиёмат қоимгача бу дунёда бўладиган ишларни ёздириб қўйган. Ана ўша ёзиб қўйилган нарсани Китоб деб номлаганини қуйидаги ҳадисдан билиб оламиз: “Аллоҳ азза ва жалла халойиқнинг тақдирини қазо қилган чоғда, Ўз ҳузуридаги, Арш устидаги КИТОБга, албатта, раҳматим ғазабимдан илгаридир”, деб ёзди”, дедилар” (Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан, икки шайх ва Термизий ривоятлари).

Дунё тарихидаги китобнинг пайдо бўлиши ҳам ёзувнинг яратилиши ва шаклланиши жараёни билан узвий боғлиқ. Ёзувнинг тузилиш хусусиятлари (белгилар тизими, уларнинг жойлашиш тартиби), ёзув материали ва қуролининг ўзига хос томони ва бошқа маълум даражада китоб тузилишини ҳам белгилаб берди. Қадимий Миср, Рим, Юнонистон ва Ўрта Осиёда кишилар тош, палма дарахти барглари, сопол ва бошқа материалларга ёзиб фикр изҳор этганлар. Ҳар бир китоб ўнлаб шундай материаллардан тайёрланган плиталардан иборат бўлиб, оғирлиги бир неча кг бўлган. Ёзув материали сифатида папирус ўсимлиги ишлатилиши (милоддан аввалги 4—3 минг йилликларда) билан ўрама китоблар пайдо бўлди. Бундай китобларнинг узунлиги ўртача 10 м атрофида бўлиб, ингичка, юмалоқ таёқларга ўралган ва махсус чарм ёки ёғоч ғилофларда сақланган.

Шарқ мамлакатлари, Қадимий Рим ва Юнонистондаги кўпгина нодир асарлар папирусга битилган. Милоддан аввалги 2-асрга келиб китоб материали сифатида пергамент (тери)дан фойдаланиш кенг расм бўлди. Дастлаб бундай китоб ўрама ҳолда сақланган. Aйрим маълумотларга Қараганда, Ўрта Осиёда, хусусан, Хоразмда милоддан аввалги 1-минг йилликнинг 1-ярмида вужудга келган зардуштийлик динининг муқаддас китобларидан Aвестонинг қадимий нусхаси ҳам 12 минг мол терисига битилган. Aрабларнинг Ўрта Осиёдаги истилосига қадар (8—10-асрлар) у ерда кўп нодир китоблар сақланган кутубхоналар бўлган. Лекин уларнинг кўпи босқинчилик урушлари натижасида йўқотиб юборилган. 2—4-асрлардан бошлаб Қадимий Римда худди ҳозирги китобларнинг варақалари сингари буклаб, тикиб тайёрланган ва бир-бирига бириктирилган, муқовали китоблар — кодекс пайдо бўлди. Улар дастлаб папирус, сўнг пергаментга ёзилган. Бундай китоблар оғир ва бесунақай эди. 6-асрдан бошлаб кодекс шакли асосида ҳозирги кўринишдаги китоблар пайдо бўлди.

Ҳозирги китоблар ўқувчилар талаби ва эстетик дидига кўра муайян шаклга эга. Китоб – руҳиятимиз озуқаси, у билан дўстлашиш кишини нафақат юксалтиради, балки унга жаҳонни танитади, ҳамроҳлик қилади, эзгуликка етаклайди. Ислом дини илму маърифатга тарғиб қилувчи диндир. Қуръони каримнинг нозил қилинган дастлабки оятларда ҳам илм олишга, ўқишга буйруқ бордир. Қуръони каримнинг қирқ олти ўрнида “Китоб” сўзи зикр қилинган. Аллоҳ таоло Китобни муборак деб атаган. Китоб улуғ неъматдир. У инсон онгини ўстиради, маънавий камолотга етказади. Уни қадрлаб асраб авайлашимиз лозим. Аллоҳ таоло Ўз каломида “Уни фақат покланганларгина ушлайдир”, деб ҳурматини жойига қўйишни тавсия қилган. Баъзи жойларда китобга нисбатан ҳурматсизлик қилинган ҳар хил мақсадларда (хонтахта оёқларини тенглаштиришда, сомса, писта, дон маҳсулотларини ўрашда ва б.) ишлатилганига гувоҳ бўламиз. Бу ишни фақатгина маънавияти паст одамларгина қилиши мумкин. Биз фарзандларимизни китобсевар, маънавиятли қилиб тарбиялашимиз керак, зеро ота боболаримиз уни нондай азиз, мўътабар ва мукаддас деб ҳисоблаган. Шунинг учун китобга муҳаббат, уни қадрлаш, ўқишга иштиёқ халқимизнинт қон-қонига сингиб кетган. У қайси тур китоб бўлмасин, номи муборак, илм хазинасидир.

وَهَذَا كِتَابٌ أَنْزَلْنَاهُ مُبَارَكٌ فَاتَّبِعُوهُ وَاتَّقُوا لَعَلَّكُمْ تُرْحَمُونَ

“Биз туширган бу китоб муборакдир. Бас, унга эргашинглар. Ва тақво қилинглар. Шоядки, раҳм қилинсангизлар”. (Анъом сураси, 155-оят)

Бошқа ўринда Китобга нисбатан, зулматлардан нурга олиб чиқувчи деб таърифланган. Илмсизлик зулмат, илму маърифат нурдир. Яна Китобни таърифлаб Аллоҳ таоло “Ақл эгалари унинг оятларини тадаббур қилишлари ва эслашлари учун” деб марҳамат қилган. Демак китоб ақл эгалари учун тафаккур ва тазкира маҳсули экан. Инсон китобни мутоала қилар экан ақли камол топиб, тафаккур доираси кенгайиб боради. Китоб ўқимаган инсоннинг онги эса маънавий қашшоқлигича қолаверади. Халқимиз китобни азал-азалдан севиб бошқача меҳр қўйган, шундан бўлса керак халқимиз орасида кўплаб мақоллар, афоризмлар, топишмоқлар, ҳикматлар ёзилган. Масалан, буюк шоир ва мутафаккир Мир Aлишер Навоий бобомиз “Китоб – беминнат устоз. Ҳар дақиқа у бизни донишмандларнинг билим хазинаси билан ошно эта олади”, деб ёзган.

Олимларимиздан бири китоб ҳақида шундай деган эди: “У кишини зиёли қилади, унда гўзаллик туйғусинигина эмас, ҳаётни, унинг бутун мураккабликларини тушунтириш каби қимматли туйғуни ривожлантиради, бошқа даврлар ва бошқа халқларни тушунишда йўлбошчилик қилади, сизга кишиларнинг қалбини очиб беради. Бир сўз билан айтганда, сизни донишманд қилади”. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг китоб ҳақидаги қуйидаги ибратлари ҳам бизни китобга ошно бўлишга ундайди: Китоб ўқимаган одамнинг ҳам, миллатнинг ҳам келажаги йўқ.

Шундай экан хулоса ўрнида шуни айтмоқчимизки, китоб ўқишдан асло тўхтаманг. Ҳар кун  китоб ўқишни ўзингизга одат қилинг. Тасаввур қилинг агар ҳар куни китобдан 20 саҳидадан ўқисангиз, бир ҳафтада 140 саҳифа, бир ойда 560 саҳифа мутолаа қиларкансиз бу дегани ҳар ойда бир ёки икки китобни ўқиб битиришдир. Имкониз борида китоб ўқиб ундан олган барча яхши фазилатларни бир умр қалбингизда сақлаб қолинг. Зеро, китоб инсонни доимо яхшиликка етаклайди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчиси Д.Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*