Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади

Ўз бандаларига ҳар бир ишда ният, ихлос ва илмни шарт қилган Аллоҳ таолога Ўзининг жалолига яраша ҳамду санолар бўлсин!

Ўз умматларига ният, ихлос ва илмда яхши ўрнак кўрсатган Пайғамбаримиз алайҳиссаломга мукаммал ва батамом саловату саломлар бўлсин!

Буюк Аллоҳ таълим беришнинг фазилатлари ҳақида бундай марҳамат қилади:

ادْعُ إِلَى سَبِيلِ رَبِّكَ بِالْحِكْمَةِ وَالْمَوْعِظَةِ الْحَسَنَةِ وَجَادِلْهُمْ بِالَّتِي هِيَ أَحْسَنُ إِنَّ رَبَّكَ هُوَ أَعْلَمُ بِمَنْ ضَلَّ عَنْ سَبِيلِهِ وَهُوَ أَعْلَمُ بِالْمُهْتَدِينَ

(Эй, Муҳаммад!) Раббингизнинг йўли (дини)га ҳикмат ва чиройли насиҳат билан даъват этинг! Улар билан энг гўзал услубда мунозара қилинг! Албатта, Парвардигорингизнинг ўзи Унинг йўлидан чалғиган кимсаларни яхши билувчи ва ҳидоят топганларни ҳам У билувчироқдир.(Наҳл, 125).

Бу оятда Аллоҳ таоло Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи вассалламни таълим беришга тарғиб қилмоқда ва қай йўсинда таълим беришларини ҳам айтмоқда. Жумладан, шариат илмларини таълим бериш баъзи шахсларга, гуруҳларга, тоифаларга эмас, аввало фақат холис Аллоҳнинг йўлида бўлиши, иккинчидан, бу иш ҳикмат билан амалга оширилиши керак. Бунда инсонларнинг ижтимоий, маданий савияси ва бошқа омилларни эътиборга олиб, оғир келмайдиган йўсинда ўргатиш лозим. Учинчидан, таълим яхши мавъиза орқали йўлга қўйилмоғи керак. Инсонларни қизиқтириш, рағбатлантириш учун чиройли сўз ва гапларни топиб гапириш зарур бўлади. Уларни нафратлантирмаслик лозим.

Муқаддас динимизда илм-маърифатли кишиларнинг мақому мартабалари Аллоҳ томонидан юксакларга кўтариб қўйилиши хақида шундай марҳамат қилинади: “Сизлардан иймон келтирган ва илм ато этилган кимсаларни Аллоҳ баланд даражаларга кўтарур”, деди” (Мужодила сураси). Қатор ҳадиси шарифларда муаллимларнинг хурматини жойига қўйиш, уларга нисбатан тавозеъли бўлишга чақирилади. Жумладан,
Расулулллох соллаллоху алайҳи ва саллам мархамат қилиб, дедилар: “Илм ўрганинг, илм учун сакинат ва виқорни ҳам ўрганинг. Ва сизларга илм ўргатаётганларга тавозеъ билан ўзингизни паст тутинг!” (Имом Табароний “ал-Авсат”да ривоят килган).

Инсоният тарихий тараққиёти, жамиятнинг қиёфаси устоз-педагогнинг аҳволи ва руҳиятига боғлиқ. Унинг жамиятдаги мавқеи, ҳаётга бўлган муносабати, маънавий-маърифий савияси кишилар ўртасида юксак тарбиявий аҳамиятга молик. Устоз-педагогга берилган баҳо у яшаган жамиятга берилган баҳодир. Ўқитувчи ижтимоий ва иқтисодий ҳимояланиши зарур. Муҳтарам Президентимиз ташаббуси билан таълим фидоийлари обрўсини кўтариш сиёсати илгари сурилиши рес­публикамиз халқ таълими тизимида фаолият кўрсатаётган барча педагог ходимларни руҳлантириб юборгани ҳам бежиз эмас.

Тошкентдаги Халқаро конгресс марказида 1 октябрь – Ўқитувчи ва мураббийлар кунига бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтди. Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев иштирок этиб, устозларни ушбу айём билан қутлади.

Таъкидлаш жоизки, ушбу байрам илк бор давлат раҳбари иштирокида ўтди. Бу – таълим ва тарбия масаласи алоҳида устувор йўналиш даражасига кўтарилганининг яққол далили.

“Фарзандларимиз мактабдан қанчалик билимли бўлиб чиқса, юқори технологияларга асосланган иқтисодиёт тармоқлари шунча тез ривожланади, кўплаб ижтимоий муаммоларни ечиш имкони туғилади. Шундай экан, Янги Ўзбекистон остонаси мактабдан бошланади десам, ўйлайманки, бутун халқимиз бу фикрни қўллаб-қувватлайди”, деган Шавкат Мирзиёев.

Муҳтарам Президентимиз ўз нутқида: “Бизнинг барча саъй-ҳаракатларимиз “Ўзбекистонда энг обрўли инсон муаллим бўлиши керак” деган ғояни амалга оширишга қаратилмоқда. Бунинг учун давлат ва жамият томонидан қанча маблағ, ресурс ва имкониятлар зарур бўлса, барчасини сафарбар этамиз. Ҳақиқатан ҳам, инсон тарбиясида, камолотида устозларнинг хизматлари улуғ”, деб таъкидлади. Президент Шавкат Мирзиёев ўқитувчилар кунига бағишланган тадбирда синф раҳбари учун қўшимча тўлов 2020 йил 1 октябрдан 1,5 бараварга оширилишини маълум қилди. Албатта, бундай эътибор, хурмат барча педегог ўқитувчиларни шижоатлантириб юбориши аниқ. Иншаллоҳ, “Устозлар пайғамбарларнинг ворисларидир” деган ҳадиси шарифга биноан биз ҳам барча имкониятларимизни ишга солиб Аллоҳ учун, Расулуллоҳ соллаллоҳу  алайҳи ва саллам каби  ҳаммага фойда келтириб яшашга, мухтарам Президент жанобларини ишончларини, қўл остимиздаги таълим олувчиларни ишончларини оқлашга ижтиҳод қиламиз.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*