САБРЛИЛАРГА ЖАННАТ БЎЛСИН!

Ҳаёт синовлардан иборат. Ҳаёт гўё имтиҳон мисоли, бу имтиҳонда ҳар ким турли йўллар билан синалади. Баъзилар курашиб муваффақиятли ўтади, баъзилар таслим бўлади, бошқалар эса йиқилади. Энг муҳими Аллоҳ таолонинг бизга берган синовларидан ўзи рози бўладиган ҳолатда гўзал ўта олишдир.

          Ушбу йил барчамиз учун синовли йил бўлди. Дунё олимларидан, шайхларидан айрилди. Кимдир фарзандидан яна кимдир ота-онасидан ва яқинларидан ажралди. Мана шундай оғир жудоликларга гувоҳ бўлдик. Шу ўринда мусибатга етган мусулмон диндошларимизга Аллоҳ таолонинг ушбу ояти каримасини келтириб ўтмоқчимиз: “Албатта, сизларни бироз қўрқинч ва очлик билан, мол-мулкка, жонга, меваларга нуқсон етказиш билан синаймиз. Ва сабрлиларга башорат бер. (улар) Ўзларига мусибат етганда: “Албатта, биз Аллоҳникимиз ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, деганлардир. (Бақара сураси-155, 156 оятлар). Ушбу оятда Аллоҳ таоло синовнинг турлари ҳақида баён этмоқда. Мана шундай синовлар келганда нима қилишимиз лозимлигин иўргатиб Пайғамбаримиз Муҳаммад солаллоҳу алайҳи васалламга хитоб қилиб кўрсатма бермоқда. Демак, мусибат етганда мусулмон киши сабрли бўлиши ва Жаноби Хақнинг ўзи ўргатган дуони қилиши керк бўлади. “Албатта биз Аллоҳникимиз”, яъни, барчамиз, бор-будимиз Аллоҳники, ҳақиқий эгаси унинг Ўзи. Нимани қачон, қандай тасарруф қилишни Ўзи билади. “Ва албатта, биз Унга қайтувчимиз”, яъни эртами-кечми, барибир, Унга қайтамиз. Ушбу жумлалар барча нарсалар бу дунёда ўткинчи эканлигини бизга эслатади. Оятда зикр этилган мусибатларга сабр қилиб, истиржўни айтишнинг мукофти қуйидаги оятда зикр қилинади: “Ана ўшаларга Роббиларидан саловотлар ва раҳмат бор. Ана ўшалар ҳидоят топганлардир”. (Бақара сураси. 157- оят). Шунча машаққатлар, синовларга қилинган сабрнинг мукофоти бу Аллоҳ таолонинг саловотлари, меҳри, шафқати ҳамда раҳмати ваъда қилинмоқда! Эй мусибатга учраб яқинларидан айрилганлар! Сабрингиз учун сизларга Аллоҳ таолонинг раҳмати бўлсин…Албатта, машаққат вақтида сабр қилиш осон иш эмас, аммо натижа гўзал. Сабр қилсак Роббимизнинг розилигини топамиз, раҳматига эришамиз. Ҳақиқий сабр бу мусибатнинг илк вақтидагисидир.

           Абу Умома розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Набий солаллоҳу алайҳи васаллам шундай дедилар: “Аллоҳ таоло: “Эй Одам боласи, агар мусибатнинг илк дақиқаларида сабр қилсанг ва (Мендан) савоб умидида бўлсанг, у ҳолда сен учун жаннатдан бошқа мукофотга рози бўлмайман”, дейди”. (Ибн Можа ривоят қилган). Аллоҳ таоло мусибатни илк зарбасида сабр қилиб, Аллоҳ таолонинг тақдирига рози бўлган, савоб умидида бўлган бандаларга жаннатни башоротини бермоқда. Бу улкан бахт ва олий неъматдир. Мўмин киши ўзига етган мусибатлар сабаб гуноҳлардан ювилади.Бу ҳақда шундай ҳадиси-шариф бор:

  Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Мусулмонга қай бир мусибат: ҳорғинликми, беморликми, ташвишми, маҳзунликми, озорми, ғам-ғуссами, ҳаттоки тикон киришми етадиган бўлса, албатта, Аллоҳ улар ила унинг ҳатоларини каффорат қилур”, дедилар. (Икки Шайҳ ривояти).

Демак мусулмон кишига нимаики унга етадиган бўлса Аллоҳ шу сабаб унинг гуноҳларини каффорат қилади. Бу албатта Аллоҳ таолонинг улкат марҳаматидир. Мўминнинг ҳар би риши гўзал, унга ҳурсандчилик етса Аллоҳ таолога ҳамд айтади ва шукр қилади, агар ҳафачилик етса Аллоҳга ҳамд айтади ва сабр қилади.Бу ҳақда бизга Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам таълим берганлар.

Яқинларимизга қийин дамларида ҳамдардлик билдиришимиз ҳам савобли амаллардандир.

         Абдуллоҳ розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Ким мусибатдаги одамга таъзия изҳор қилса, унга ўша мусибатзадага берилган ажрча ажр берилади”, дедилар”. (Термизий, Ибн Можа ва Ҳоким ривоят қилишган). Мусулмонга далда бўлиш, кўнглини олишни ҳам савобли амаллардан қилиб қўйган Аллоҳ таолога чексиз ҳамду-санолар бўлсин! Ҳар бир дардгаю, мусибатларга, йўқотишларга сабр қилиб, Аллоҳнинг тақдирига рози бўлган диндошларимизга Ўзининг раҳмати, мағфирати, жаннати бўлсин! Амин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар 

ўрта махсус ислом таълим муассасаси  

   ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*