Муаллим миллат чироғи

Устозсиз ҳеч нарсага эришиб бўлмайди. Дунёда устознинг меҳнатидан оғир меҳнат йўқ. Ҳеч нарсани билмайдиган ёш болага ўқиш-ёзишни ўргатгунча чекиладиган машаққатли касб йўқ. Ўз ўқувчисида меҳнат қилишдан, билим олишдан завқланиш хислатларини уйғота олган муаллим шараф ва олқишларга лойиқдир. Ҳақиқатан ҳам, устоз ва мураббий ана шундай буюк зотдир. Уларнинг олдиларида бир умр  қарздормиз. Чунки бу зотлар бизнинг руҳимизни тарбиялайди, маънавий бойлик билан тўлдиради, гўзал фазилатлар билан чирой ва оро беради. Жаҳолат дея аталмиш нодонлик ва билимсизлик ботқоқларидан бизни  озод қилади. Уларнинг машаққатли меҳнати эвазига олган билим, тарбия, малакаларимиз сабаб, ҳаёт йўлларида тунларимиз ойдин, марраларимиз юксакдир. Устоз ёшлик гулшанининг  боғбонидир.  Бирон соҳа йўқки, унга устозларнинг алоқаси бўлмаса. Шунинг учун устоз деган номни ҳамиша катта эъзоз ва ҳурмат билан тилга оламиз. Буюк номга, таҳсинга, эътиборга, йилнинг фақат бир кунини эмас, барчасини тортиқ этишга лойиқ, азиз устозларимиздир. Буюк бобокалонимиз Алишер Навоийига  ҳам алифбони ўргатган ҳам шу азиз устоздир, ҳар бир айтган ҳар бир сўзлари ва бизга берган ўгитлари ҳаёт сирини фош этади, бу оташин юзлари, Қуёш каби нурлидир. Муаллим – миллатнинг юзи, Ватан истиқболининг асл бунёдкоридир.

Устоз! Муаллим! Мударрис! Мураббий!

Бу сўзлар нақадар сермано ва сермазмундир. Бу сўзларни эшитганда қалблар жунбушга келиб, кўнгиллар ёришиб кетади. Зеро, эсимизни таниган илк онларимиздан бошлаб айнан ана шундай зотлар бизнинг қўлимиздан тутиб келмоқда. Ҳеч биримиз биринчи бўлиб ўқиш-ёзишни ўргатган устозимизни ёдимиздан чиқармаганмиз ва чиқармаймиз ҳам, чунки у зот бизнинг ҳаёт йўлимизда биринчи бўлиб меҳр қозонаолган ва бизнинг ҳаёт йўлимизни ёритган ўчмас зиё ва щчмас нурли чироғимиздир. Бу тушунчалар инсоният яратилишидан ҳозирги кунимизга қадар ўз аҳамиятини йўқотмаган, қиёматгача йўқотмайди ҳам. Биринчи устоз – бу Аллоҳ Субҳана ҳува Таъалонинг ўзидир, бунга мисол каломи Раббонийда таълим бериб айтадики: Бақара “Ва Одамга исмларнинг барчасини ўргатди, сўнгра уларни фаришталарга кўрсатиб: “Агар ростгўйлардан бўлсангиз, мана буларнинг исмларини менга айтиб беринг­чи”, – деди.

Аллоҳ таоло Одамни Ўзининг ер юзидаги халифаси қилаётган пайтда унга улуғ бир сирни берганлиги ушбу оятдан билиниб турибди. У ҳам бўлса, Одамга исмларнинг барчасини ўргатишидир. Яъни инсон ўзини ўраб турган барча ашёларнинг белгиси сифатида исмни, маънони ишлатади. Ҳис қилинадиган, жисмга эга бўлган нарсаларни фаҳмлаш учун нутқий рамзларни ишлатиш қудрати инсон ҳаётида энг улуғ қудратлардан бири ҳисобланади. Акс ҳолда бировга тоғни тушунтирмоқчи бўлсанг, уни тоғнинг олдига олиб бориб, айлантириб кўрсатишдан ўзга чора бўлмас эди. Агар Аллоҳ таоло инсонга ушбу қобилиятни бермаганида, ер юзида ҳаётни тасаввур қилиш қийин бўлар эди.

Ривоятларда келишича, «Бунинг исми от, буниси туя, мана бу қуёш, бу эса юлдуз», деб ҳатто кичкина нарсаларгача ўргатилган. Яъни Одамнинг ер юзида халифа бўлишининг асосий сабабларидан бири илм олишга истеъдодининг борлигидир. Ҳозирда инсоннинг илм ёрдамида борлиқнинг сирларини кашф этаётгани ҳам ўшанда берилган қобилият натижасидир.

Аллоҳ таоло Одамга исмларнинг барчасини ўргатганидан кейин уларни фаришталарга рўбарў қилди ва: «Агар Ер юзида фасод қилувчи ва қон тўкувчи кимсани яратасанми?» деган даъволаринг рост бўлса, Менга ушбу нарсаларнинг исмларини айтиб беринглар», деди. Фаришталар у нарсаларга исм қўйишдан ожиз қолдилар ва ўз ожизликларини тан олиб:

Бақара 32. (Улар:) «Ўзинг поксан! Бизда Сен билдиргандан бошқа илм йўқ. Албатта, Сен Ўзинг ўта илмлисан, ўта ҳикматлисан», – дедилар.

Фаришталар бу ерда юксак одоб мисолини кўрсатдилар. Билмаган нарсаларини сўзсиз «Билмаймиз», деб айтдилар. Билмаган нарсасини тан олиб, вақтида «Билмайман» дейиш ҳам катта одоб, ҳам катта илм ҳисобланади.

Шунда Аллоҳ таоло Ўзининг ер юзидаги халифаси – Одамнинг фазлини изҳор қилиш учун: «Бақара «Эй Одам, уларга буларнинг исмларини айтиб бер», – деди. Уларга ўшаларнинг исмларини айтиб берган чоғида: «Сизларга: «Осмонлару ернинг ғайбини биламан ва сизлар ошкор қиладиган нарсаларни ҳам, беркитган нарсаларни ҳам биламан», демабмидим?!» – деди.

Шу билан Одамнинг фаришталардан устунлик тарафи намоён бўлди. У ҳам бўлса, илм-маърифат эди. Инсон ер юзида фасод қилиши, қон тўкиши ҳам мумкин, илоҳий неъмат бўлмиш илмни ўз ўрнида ишлатиб, фаришталардан устун бўлиши ҳам мумкин. Илмни ўз ўрнида ишлатиб юксак мақом эгаси бўлган кимса эса – устоздир.

Устоз ва мураббий  нафақат билим тарқатувчи балки маънавият ва комил инсонни тарбияловчи шахс ҳамдир.

Устоз – софдил, камтарин, маънавий бой, ахлоқан пок инсондир. Устозлар – бутун кучларини, ақл-идрокларини, билим ва зеҳнларини, қалб қўрию меҳрларини шогирдларига бахшида этган заҳматкашлардир. Улар бизларга оқ-қорани, яхши-ёмонни танитиб, қўлларимизга илк бор қалам тутқазиб, “Ота-она”, “Ватан”, “Эзгулик”, “Иймон”, “Ислом” каби сўзларни ёзишга ўргатган буюк ва азиз зотлардир.

Донишмандлар айтишадики: “Элни маърифат асрайди”. Пайғамбарлар юбориб, улар орқали Ўзининг ҳақ йўлига чорлади. Олимлар эса пайғамбарларнинг меросхўрларидир.

Ҳар бир жамиятда ўқитувчиларга алоҳида ҳурмат,   иззат-икром кўрсатиш аньанага айланиб қолган.

Ўқитувчи ва раҳбарнинг вазифаси доно давлат раҳбари вазифасига ўқшайди, шу сабабли ўқитувчи эшитган ва кўрганларининг барчасини эслаб қолиши, ақл-фаросатга, чиройли нутқга эга бўлиши, ўқувчиларга айтмоқчи бўлган фикрини тўла ва аниқ ифодалай олиши лозим. Шу билан бирга ўзи ор-номусини қадрлаш, адолатли бўлиши лозим. Ана шундагина у инсонийликнинг юксак даражасига эга бўлади ва бахт чўққисига эришади” дейди шарқ алломаларидан Абу Насир Ал Фаробий. Ўқитувчи матонатли, ростгўй ва болани тарбиялаш методларини, ахлоқ қоидаларини яхши биладиган одам бўлмоғи лозим. Ўқитувчи ўқувчининг бутун ички ва ташқи дунёсини ўрганиб, унинг ақл қатламларига кира олмоғи лозим.

Абдулла Авлоний: “Ҳар бир миллатнинг саодати, давлатнинг тинчи ва роҳати ёшларнинг яхши тарбиясига боғлиқдир,” – деган. Демак, устозларнинг зиммасида жуда ҳам буюк масъулиятли вазифа юкланган. Бу ҳам бўлса, келажаги буюк давлат учун комил, ҳар томонлама етук ва баркамол, маънан ва ахлоқан пок, ватанпарвар ва инсонпарвар инсонларни тарбиялаб чиқариш вазифасидир.

Ҳа, ўқитувчилик жуда ҳам машаққатли, юксак сабр ва матонат талаб қиладиган касб, шу сабабли ҳам унинг ажру савоби беқиёсдир. Зеро Аллоҳ таоло Ўз каломида илм аҳлининг мартабасини баён қилиб, шудай марҳамат қилган: “Аллоҳ сизлардан имон келтирган ва илм ато этилган зотларни (баланд) даража (мартаба)ларга кўтарур”.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва саллам ҳам ўз ҳадиси шарифларида устознинг мақомини таърифлаб, шундай марҳамат қилганлар: “Албатта, Аллоҳ таоло, Унинг фаришталари, осмонлару-ерлар аҳли, ҳатто инидаги чумоли ва ҳатто денгиздаги балиқ ҳам инсонларга яхшиликни таълим берувчи инсонга саловот айтадилар”

         Толиби илм устозини ҳурмат қилиши лозим, аммо бу ўз-ўзидан бўлмайди. Ота-она фарзандига кичиклигидан таълим-тарбия бериб, уни илм олишга қизиқтириш билан бир қаторда илм аҳлини, хусусан, устозини ҳурмат қилишни ўргатиб, қалбига сингдириб бориши лозим бўлади. Алишер Навоийнинг қуйидаги ҳикматли сўзлари бежиз эмас:

Ҳақ йўлинда ким сенга бир ҳарф уқутди ранж ила,

Айламоқ осон эмас ҳаққин адо минг ганж ила.

Узтозларни ҳурмат-еҳтиром қилиш азал-азалдан бизларга мерос бўлиб келган тушунчадир. Агар тарихга назар ташлайдиган бўлсак, бунга ёрқин мисоллар жуда кўплигининг шоҳиди бўламиз. Ҳатто Искандар Зулқарнайн, Соҳибқирон Амир Темур сингари буюк салтанатга эга бўлган подшоҳлар ҳам устоз ҳурмати, устоз хизматига катта эътибор берганларини кўришимиз мумкин.

Улуғ саҳобий, Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг суюкли куёвлари Али розияллоҳу анҳунинг қуйидаги сўзларидан юксак ибрат олишимиз мумкин:

“Менга илмдан бир ҳарф ўргатганнинг қулиман: хоҳласа сотиб юборади, хоҳласа озод қилади, хоҳласа қул ҳолимда қолдиради.

Ота-оналар фарзандларига кичиклигидан узтоз ҳурматини ўргатиши лозимлиги ҳақида тушунтирмоқлари лозимдир.

Ўқувчи устози олдидаги вазифаларини ҳеч қачон унутмаслиги ва у билан бўладиган муносабатларга доим ҳурмат ила ёндошмоқлиги даркор. Шу ўринда Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг қуйидаги сўзларини эслаб ўтиш мақсадга мувофиқ бўлади:

“Каттамизни улуғламаган, кичкинамизга раҳм қилмаган, олимимизнинг ҳаққини билмаган инсон биздан эмас”.

Бизнинг юртимиздан қанчадан-қанча қомусий олимлар, муҳаддису муфаққиҳлар, муфассир ва мутасаввифлар, донишманд ва мутафаккирлар, фан арбоблари етишиб чиққан. Уларнинг исмларини санаб адоғига етмайсан киши, бизларга қолдирган илмий меросларининг эса чек-чегараси йўқ.

Хўш, улар бу даражаларга қандай эришдилар? Ҳа, уларнинг бундай мақом ва мартабаларга эришишининг сабаблари жуда кўп, аммо энг асосийларидан бири узтозларига қилган хизматлари ва кўрсатган эҳтиромларидир. Чунки уларнинг кўпчилиги бу даражаларга қандай етишганлари ҳақида сўралганда, “Устозимга қилган хизматим ва кўрсатган эҳтиромим туфайли,” – дея жавоб берганлар. Она юртимиз Ўзбекистонни бутун ер юзига танитиб хаттоинки фатво бериш мақомига лойиқ бўлган Фотима бинти ас-Самарқандия уларнинг жуфти халоли Алоуддин ал-Косоний уларга ва устозларига кўрсатган хурматлари, хаттоинки улар вафот этганларидан сўнг жуфти халоли, устозаси ва устозининг ҳурматларидан Алуддин ал-Косоний ҳар жума куни уларнинг қабрларига чиқиб улар билан қалбдан суҳбат қилишлари бизга буюк бир ибратдир. Муаллим асли миллатнинг абадул-абад ўчмас чироғидир.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

 Пошшахон Эшонхон қизи

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*