Аждодларга муносиб авлод бўлайлик

Мағрибу машриққа донғи таралган буюк алломалар, илму ирфонга ташна қалбларни жаҳолат зулматидан илм зиёси сари чорлаган кўплаб забардаст уламолар айнан бизнинг она заминимиздан етишиб чиққани  чексиз фахр-ифтихордир. Зеро, ҳассос шоиримиз Эркин Воҳидовнинг:

         Қайга борсам бошда дўппим, ғоз юрарман гердайиб,

         Олам ичра донғи кетган Ўзбекистон, ўзбегим! –

деб ўктам ва фахр билан ёзишига ҳам, эҳтимол илм денгизи бўлган даҳо алломаларимиз салоҳияти ва буюк ижодий мероси замин ҳозирлаб, илҳом бахш этган бўлса ажаб эмас!

Шу ўринда, халқимиз номини жаҳонга таратган, юксак илмий мерослари ҳамон машриқу мағрибни илм зиёси билан  баҳраманд айлаётган, маънавият ва руҳоният ҳомийси бўлган буюк боболаримизни шараф ила эътироф қилишга ижозат бергайсиз…

Қани айтингчи, башарият гултожи бўлмиш Аллоҳнинг ҳабиби Росулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак ҳадисларининг саҳиҳларини саралаган, ҳадис илмида “амийрул муъминин” мақомига сазовор бўлган зот Имом Бухорий кимнинг диёридан етишиб чиққан?!

“Аҳли сунна вал жамоъа ақийдасининг мусаххихи” деган юксак номга сазовор бўлган, ақийдамизга ботил ғоялардан қалқон бўлган Имом Мотуридий қайси замин фарзанди эди?!

         Тиббиёт оламининг султони Абу Али ибн Сино кимларнинг  бобоси?

“Иккинчи муаллим” номини олган забардаст аллома Фаробий ҳазратларини қайси замин қайноқ бағрида аллалаб ўстирган?!

Жаҳон саҳнасида рўй бераётган барча оламшумул кашфиётлар асоси бўлган математика фанининг тарқоқ билимларини тартибга келтириб алгебрага асос солган Хоразмий билан фахрланишга ким ҳақли?!

Астрономия ва география олими, ер ва осмон глобусини ясаган Беруний ҳазратлари қаерда улғайган эди?!

Мусулмон оламида машҳур бўлган “ал-Кашшоф” асарининг муаллифи, “جار الله” (Аллоҳнинг қўшниси), “Араб ва ажамлар устози”,  “Хоразм фахри” каби шарафли номлар билан улуғланадиган Замахшарий қони кимларнинг томирида жўш урмоқда?!

Жаҳонни титратган, ғанимларни зор-қақшатган  Амир Темур қай юрт ўғлони эди?!

Ватан байроғини юксак кўтариб жон берган Нажмиддин Кубродек авлиё зотни қайси тупроқ тарбиялаган эди?!

Биз бу рўйхатни яна узоқ давом эттиришимиз мумкин. Зеро жаҳонга устоз бўлган кўплаб қомусий алломалар, тасаввуф уламолари, жасоратли саркардалар, битиклари халқимизни маърифат чашмасидан баҳраманд этаётган Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф каби дин арбоблари бизниг фахр-ифтихоримиздир.

Аммо, маълумингизким, фақатгина фахрланиш билан иш битмайди. Агар фақат фахрланиш билан чегараланиб қолсак гўё отасининг шарафи билан гердайиб юрган – қўпол қилиб айтганда – текинхўрларга ўхшаб қоламиз. Зеро, боболаримиз бизларга катта омонат қолдирдилар. Танга, дирҳамларни эмас бебаҳо илмий меросларни шарафли масъулият ўлароқ зиммамизга юклаб кетдилар. Бизнинг  олдимизда аждодларимизнинг тарихий мақомларини ҳақли равишда эгаллашдек юксак вазифалар кўндаланг турибди. Мана шундай вазифаларни амалга ошириш учун бугунги кунда барча имкониятлар мужассам. Шундай экан, барчамиз мудроқ ва лоқайдлик кишанларини парчалаб нашот либосини киймоғимиз, ғайрат отига миниб олий марралар томон интилмоғимиз лозим.  Ҳаёт денгизи шиддат билан оқаверади, бу замин эса юқорида зикр қилинган –  комиллик сифатлари билан сифатланган буюк алломаларга, Алпомиш-у Барчинойларга бешик бўлаверади, иншаАллоҳ.

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Ахмедова Муаттар

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*