Диний-маърифий соҳадаги ислоҳотлар эътирофи

Яқин йиллар ичида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев бошчилигида Ўзбекистоннинг бой диний-маънавий тарихга даъвогарлиги амалий ҳаракатларда намоён бўлмоқда.

Бу ҳақида юртбошимизнинг ўзлари Анқара шаҳридаги Туркия Республикаси Президенти девони Халқ кутубхонасининг тантанали очилиш маросимида нутқ сўзлаб, бундай дедилар: “Азиз қардошлар! Биз илм-маърифатни кенг маънода тушунамиз. Шу сабабли юртимизда дунёвий таълим даргоҳлари билан бирга диний мактаб ва мадрасалар, илмий-маърифий марказлар ташкил этилмоқда. Хусусан, Тошкент шаҳрида кўп асрлик маърифат хазинасини ўзида мужассам этадиган, фундаментал тадқиқотлар олиб бориладиган Ислом цивилизацияси марказини бунёд этмоқдамиз. Самарқандда Имом Бухорий, Сурхондарёда Имом Термизий номларидаги халқаро илмий-тадқиқот марказлари фаолият кўрсатмоқда. Уларда бошқа фанлар қатори ҳадис, калом, ақида, тасаввуф, фиқҳ илмлари чуқур ўрганилмоқда. Бухородаги Мир Араб олий мадрасаси, Тошкент Ислом институти, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси сингари олий ўқув юртларида етук малакали мутахассислар тайёрланмоқда…

2020 йил Бухоро шаҳри – “Ислом маданияти пойтахти”, Хива шаҳри – “Туркий дунё маданияти пойтахти”, деб эълон қилинди. Шу муносабат билан жорий йил давомида мамлакатимизда бир қатор халқаро анжуманлар ташкил этилади. Туркиялик муҳтарам олиму уламоларимиз ушбу маданий-маърифий тадбирларнинг азиз меҳмонлари бўладилар, деб ишонаман”.

Бундан ташқари юртимиз вилоятларида  калом, фикҳ, ақида ва тасаввуф илмий мактаблари очилгани, Ўзбекистон халқаро ислом академиясида “Диншунослик”, “Фикҳ”, “Қуръон”, “Ҳадис” каби янги диний мутахассисликлар бўйича ўқув режаси жорий этилиб, диний таълим соҳасида малакали кадрлар тайёрлаш мақсадида “Қуръоншунослик ва ҳадисшунослик”, “Ислом тарихи ва манбашунослик”, “Ақида” каби кафедралар очилгани, ҳадис илмини ўргатишга ихтисослашган олий таълим муассасасининг ташкил этилиши, Ўзбекистон Мусулмонлари идораси томонидан тафсир, ақида, фиқҳ, ҳадис шарҳи, тажвид ва араб тили фанларидан онлайн дарслар ташкил этилиши, Тошкент ислом институтида олий диний ўқув юртидан кейинги таълим – ислом фанлари бўйича фалсафа доктори (PhD) илмий даражасини беришни назарда тутувчи таянч докторантура ҳамда ислом фанлари бўйича фан доктори (Doctor of Science) илмий даражасини беришни назарда тутувчи докторантура тизими ташкил этилиши, Республикамизда фаолият юритаётган масжидларни олий диний маълумотга эга имом-хатиблар билан таъминлаш мақсадида Имом Бухорий номидаги Тошкент ислом институтида Махсус сиртқи бўлим ташкил этилиши, “Имом Термизий” ўрта махсус ислом таълим муассасасини очилиши, ЎМИ тасарруфидаги олий ва ўрта махсус таълим муассасаларида 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб Қуръони карим ва тажвид фанларини ўргатувчи пуллик ўқув курслари ташкил этилиши, жорий йилнинг 11 августида Имом Мотуридий халқаро илмий- тадқиқот марказини ташкил этиш чора тадбирлари тўғрисидаги қарорнинг қабул қилинишида юртимизда диний соҳани ривожлантириш учун қанчалик эътибор берилаётганини кўришимиз мумкин.

Бу каби ислоҳотларнинг самараси жорий йилда ишлаб чиқилган “Виждон эркинлиги ва диний ташкилотлар тўғрисида”ги Қонуннинг янги таҳрирдаги лойиҳасида ҳам ўз аксини топган. Қонун лойиҳасида диний  ташкилотлар ва диний таълим муассасаларини ташкил этишда талаб этиладиган ҳужжатлар енгиллаштирилгани, диний соҳага оид барча масалалар тўлиқ қамраб олингани, диний соҳа вакилларининг  ҳақ-ҳуқуқлари борасидаги баъзи камчиликлар бартараф этилиши  мамлакатимизда виждон эркинлиги тўлиқ таъминлангани,  диний соҳани ривожлантиришда сезиларли ўсишга эришилганини эътироф этишимизга яққол далил  бўла олади десак муболаға бўлмайди.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси С.Мухамедходжаева

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*