Қалбимга таъсир этган ҳадис

Муҳаммад Мустафо соллаллоҳу алайҳи васаллам!!! Дунёга келишлари ҳам, кетишлари ҳам гўзаллик билан безанган зот. Олтмиш уч йиллик умр – қиёматгача туғилажак уммат учун ниҳоясиз дастурул амалдир. Юрсангиз тойдирмайдиган, кўзлаган манзилингизга бехато етказувчи “йўл”дир. Неча марта ўқисангиз ана шунча янгилик ва яхшилик оладиган “китоб”дир. Меҳрибон Раббим томонидан ҳақиқатда раҳмат ўлароқ юборилган зотдир. Сиз бахтга эришиш учун янги ҳаёт формуласини тузишингиз шарт эмас, ундай формула тузиб бўлинган, сиз унда яшасангиз кифоя. Биз унда яшасак кифоя. У зотнинг биргина сўзлари ҳам аслида бутун ҳаётимизни нурга тўлдириши мумкин. Ва нурга тўлдирди ҳам.

Анас розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар Аллоҳ Таоло бир мусулмоннинг жасадини бирор синов билан синовлантирса, фаришталарга айтилади: “Унга қилиб юрган солиҳ амалини ёз”. Агар унга шифо берса, поклайди. Агар унинг жонини олса, уни кечиради ва раҳм қилади” дедилар.( Имом Бағовий ривояти).

Мана қандай нурга тўлдиради инсон умрини! Чин мўминлар ҳурсанд бўлсалар ҳам, хафа бўлсалар ҳам, неъматлар берилса ҳам, неъматлар олинса ҳам, бойлик етса ҳам, камбағаллик етса ҳам, соғлом бўлсалар ҳам, хаста бўлсалар ҳам ҳеч қачон ютқазмайдилар. Уларга мағлубият бегона. Яхшилик етса шукр этадилар, ёмонлик етса сабр қиладилар, иккисининг ҳам натижаси жаннатдир. Аслида шу эмасми ҳақиқий бахт формуласи. Муҳими ана ўша мўмин деган номга ҳақиқатда эга бўлиш. Ҳақиқий таслимиятни хис эта билиш.

Қалбимнинг туб-тубига етиб борган ушбу ҳадисни ўқир эканман менинг Аллоҳнинг раҳматидан ноумид бўлишимга сабаб қолмади. Энди эса бу ҳадиснинг хулқимга ва ҳаётимга таъсир этишидан умидворман, жуда жуда умидворман.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар  ўрта махсус

таълим муассасаси 4-курс талабаси

Собирова Рухсора

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*