Қалбимга, хулқимга, ҳаётимга таъсир этган ҳадис ҳақида…

       Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган ҳадисларининг ҳаётимизда ўз ўрни бор. Ислом дини қон-қонига сингиб кетган ота-боболаримиз Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир айтган сўзларини ҳаётларига татбиқ қилганлар ва бизга ҳам шуни ўргатганлар. Уламоларимиз қанчадан-қанча ҳадисларни ёзиб, уларни шарҳлаб бизга илмий мерос қилиб қолдиришган. Биздан уларни ўқиб, ўрганиш, тушуниш талаб этилади. Қанча ўқиганимиз сари Расулуллоҳга саллолоҳу алайҳи васалламга муҳаббатимиз, ҳурматимиз ортади. У зотдек яшашга ҳаракат  қиламиз. Зеро Расулуллоҳ салоллоҳу алайҳи васалламнинг сийратлари инсониятга энг гўзал намунадир. Яқинда ўқиганим ушбу ҳадисни сиз билан ҳам бўлишмоқчиман.

  Набий салоллоҳу алайҳи васаллам шундай марҳамат қиладилар: “Албатта Аллоҳ сизлардан бирортангиз бирор ишга киришса уни маромига етказиб қилишини яхши кўради”.

  Ушбу ҳадисни ўқиб қилаётган ишларимга назар солсам уларда камчиликлар борлиги кўринди. Вақтни тежаш мақсадида шошиб қилаётган ишларимда пала-партишлик, маромига етказмаслик борлигини кўрдим. Уй юмушларида, ишда, ўқишда, ибодатда маромига етказмаслик Аллоҳнинг вақтимизга, амалларимизга берадиган баракасини ҳам кетказиб юборар экан. Маромига етказиб қилинган амалдан эса қалбимиз ҳотиржам бўлар экан. Масалан уй юмушларида, овқат қилишда, пиширган таомимиз мазали чиқса, оила аъзоларимиз хурсанд бўлса биз ҳам хурсанд бўламиз. Бирор ҳунар соҳиби бўлсагу маромига етказиб ясаган, тиккан, тўқиган буюмимизни кўрсак кўзимиз қувнайди. Бирор корхона, муассаса ёки шунга ўзшаш ишда фаолият кўрсатаётганимизда ишимизни сидқидилдан маромига етказиб қилсак инсонлар ўртасида ҳам ҳурматимиз ошади. Энг муҳими ибодатларимизни сидқидилдан адо этсак руҳимиз ором олиб ибодат лаззатини тотамиз. Илм олишимизда ҳар бир ўрганаётган илмимизга фақат Аллоҳнинг розилигини ўйлаб эътибор билан, қунт билан киришсак ана шу амаларимизни Аллоҳ яхши кўрар экан. Охирига етказмай, пала-партиш тартибсиз қилган ишларимиз Аллоҳнинг ғазабини келтирар экан. Ҳадисни ўқиб тушунганларим шулар бўлди ва қалбимга таъсир қилган нуқтаси  ҳам  шу  эди. Энди уни хулқимга сингишига ҳаракат қиламан ва Аллоҳга аввал қилган хатоларимни кечиришини сўраб дуо қиламан. Аллоҳ яхши кўрган амалларини қилиб Аллоҳнинг розилигига етишиш ҳаммамизга насиб этсин. Амин…

  Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

   махсус ислом таълим муассасаси 3-курс

                                                                         талабаси Тожибоева Гулнора   

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*