РАСУЛУЛЛОҲ СОЛЛАЛЛОҲУ АЛАЙҲИ ВАСАЛЛАМ АХЛОҚЛАРИ – ИБРАТ МАНБАИ

Ахлоқларимизни такомилга етказиш учун улуғ хулқ эгаси бўлган Муҳаммад Мустафо саллаллоҳу алайҳи васалламни бизларга пайғамбар қилиб юборган  Аллоҳ таолога ўзининг улуғлиги баробарича беадад ҳамду санолар бўлсин!

Бизларга ҳусни хулқ қандай бўлишини ўргатиб, ҳаётлари давомида намуна бўлган Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга туганмас салавоту саломлар бўлсин!

Дарҳақиқат, Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам – бизнинг гўзал ҳаёт кечиришимиз, ўзимиз, яқинларимиз ва жамият билан бўладиган муносабатларимизда намуна, Аллоҳ таоло барча ҳолатимизда ўрнак ва издош бўлишимизга амр этган буюк хулқ соҳибидирлар. Аллоҳ таоло Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал ахлоқларини Ўзи Қуръони каримда мадҳ этади. Қуръони каримнинг Қалам сураси 4-оятида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга хитобан:

وَإِنَّكَ لَعَلى خُلُقٍ عَظِيم

Албатта, Сиз буюк хулқ узрадирсиз! дейилади.

Оятдаги “хулуқу азиймун”ни Имом Табарий тафсир қилиб, бу “дийнун азиймун”, яъни ислом деган бўлсалар, Ойша онамиз Ҳишом ибн Ҳаким розияллоҳу анҳудан келган ҳадисга биноан Қуръони карим деганлар. Яна бир ривоятда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам барча макоримул ахлоқни жамлаганлари учун шундай дейилгани айтилади. Чунки у зотдан Имом Бухорий ривоятида:

انما بعثت لاتمم صالح الاخلاق

“Мен гўзал хулқларни камолига етказиш учун юборилдим” деган ҳадис келтирилади. Уламоларимиз хулуқун азимнинг уч жиҳати борлигини ёзадилар:

  1. Қуръон одоби;
  2. Ислом дини;
  3. Улуғ табиат.

Расулуллоҳ  соллалоҳу алайҳи васаллам ёшлик даврларида ҳам, нубувват келмасидан олдин ва нубувват келганидан кейин ҳам ахлоқлари жуда мукаммал эди. Қурайшликлар у киши соллалоҳу алайҳи васалламни “Ал-Амин” яъни,  энг ишончли деб чақирардилар.

Ҳазрати Раслуллоҳ саллалоҳу алайҳи васалламнинг ушбу буюк хулқлари ҳақларида бутун қамрови билан сўз юритиш, албатта, бу кичик мақоламизда имконсиз бир нарсадир…. Шунинг учун биз бу чексиз ахлоқ уммонидан илм йўлидаги фаолиятимизда, ҳаётимиз ва икки дунёмизда ҳам аҳамиятли бўлган гўзал хулқлар билан хулқланишимиз зарурлиги жиҳатларига эътиборимизни қаратмоқчимиз. Негаки, бизни энг биринчи ишимиз Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларига эргашиб, У Зотнинг бизга тавсия этган гўзал ахлоқларни касб қилишга ҳаракат қилмоғимиз керакдир.

Бир куни Пайғамбаримизга олд тарафдан бир саҳобий келди. «Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима?» деб сўради. Расулуллоҳ: “Гўзал ахлоқ!” деб жавоб бердилар. Сўнгра ўнг тарафига ўтиб сўради: «Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима?”  Расулуллоҳ: “Гўзал ахлоқ!” деб жавоб бердилар. У одам Расулуллоҳнинг сўл тарафига ўтиб, яна: «Эй Аллоҳнинг Расули, дин нима?” деди. Расулуллоҳ: “Ғазабланмаслик!” деб буюрдилар. Ушбу ҳадиси шариф ҳар бир мўмин-мусулмонни гўзал ахлоқли бўлишга эътибор бериб, унга қандай эришиш кераклик йўлларини билишга чақиради. Ислом олими Фирузободий юқоридагиларни хулосалаб, “Билгинки, диннинг ҳаммаси хулқдир, хулқинг зиёда бўлса, дининг зиёда бўлибди”, дейдилар.

Уламолар хулққа “нафснинг ҳолати” деб таъриф берадилар. Хулқ баъзи инсонларда туғма равишда бўлади, баъзиларда риёзат ва жидду жахд билан ҳосил бўлади. Масалан, саховат кўп инсонларда таълим ва риёзат билан шаклланади.

Исломда ахлоқ – инсон ҳаёти учун бошқалар билан алоқасида Аллоҳ таоло ваҳий орқали белгилаб берган барча қоидалар ва асослар йиғиндисидир. Шунинг учун ахлоқ – исломнинг руҳи саналади ва баъзи олимлар хулқни иймон билан, Аллоҳ таолони таниш, у Зотни севиш билан боғлиқ тушунчалар билан ҳам боғлайдилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳдан: «Инсонларни жаннатга кўп киргизадиган амал қайси?»  деб сўралганида, у зот: «Аллоҳга қилинган тақво ва ҳусну хулқ», дедилар. Имом Термизий ривояти. Ҳадиси шарифда келган гўзал хулқ Саййидул мурсалин соллаллоҳу алайҳи васалламнинг сифатлари, сиддиқлар амалларининг энг афзали бўлиб, ҳақиқатда диннинг асосларидандир. Шунинг учун жуда кўп ҳадиси шарифларда гўзал хулққа тарғиб қилинган ва гўзал хулқлар қандай бўлиши баён қилинган: Абу Зарр Жундуб ибн Жунода ва Абу Абдураҳмон Муоз ибн Жабал розияллоҳу анҳумлардан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қайси жойда  бўлмагин, Аллоҳдан қўрқ. Ёмонликка яхшиликни эргаштиргин. Уни ўчириб юборади. Одамларга чиройли хулқ билан муомала қил», деб айтдилар. Имом Термизий ривояти.

Наввос ибн Самъон розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳдан яхшилик ва ёмонлик ҳақида сўраганимизда, у зот: «Ҳусну хулқ яхшиликдир. Қалбинг тараддудланиб, одамлар ўша қилган ишингдан хабардор бўлишларини кариҳ кўришинг (ёқтирмаслигинг) ёмонликдир», дедилар. Имом Муслим ривояти.

 Абдуллоҳ ибн Амр ибн Осс розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ бадхулқ ҳам, шалоқ сўзли ҳам эмасдилар”. Имом Бухорий ва Муслим ривоятлари. Абу Дардо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Қиёмат  куни мўмин банданинг тарозусида ҳусну хулқидан кўра оғирроқ нарса йўқдир. Албатта, Аллоҳ таоло уятсиз сўзларни айтувчи оғзи шалоқ кишиларга ғазаб қилади», дедилар.  Имом Термизий  ривояти.

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади: Расулуллоҳ: «Мўмин киши яхши хулқи билан (кундузлари) рўзадор, (кечалари) бедор бўлганларнинг даражасига етади», дедилар. Абу Довуд ривояти.

Абу Умома ал-Боҳилий розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:  «Ҳақ бўла туриб жанжални тарк этган кишига жаннат ёнидаги бир уйга кафилман. Ҳазилдан бўлса ҳам, ёлғонни тарк этган кишига жаннат ўртасидаги бир уйга кафилман. Чиройли хулқли кишига жаннатнинг энг юқорисидаги бир уйга кафилман», дедилар. Абу Довуд ривояти.

Жобир розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Менга маҳбубларингиз ва қиёмат кунида мажлис жиҳатидан яқинларингиз ахлоқи яхшиларингиздир. Менга ёмон кўрилганларингиз ва қиёмат кунида мендан узоқларингиз сергап-эзмаларингиз, ахлоқсиз сўзларни сўзловчиларингиз ва мутафайқиҳлардир», дедилар. Шунда саҳобалар: «Эй Расулуллоҳ, сергап ва ахлоқсиз сўзларни айтувчини билдик. Аммо мутафайқиҳлар, деганингиз ким?» дейишганида, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Мутакаббирлар», деб айтдилар.  Имом Термизий ривояти.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам гўзал хулқли бўлишни сўраб, дуо қилардилар ва биз умматга ҳам буни таълим берардилар: “Эй Парвардигор, менинг жисмимни қандай гўзал яратган бўлсанг, хулқимни ҳам шундай гўзал чиройли қил!” Ёки “Мени энг гўзал ахлоққа ҳидоят қилгин, энг гўзалига Сендан бошқаси ҳидоят қилмас!.. ”.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: “Энг иймони комил мўмин хулқи гўзал бўлган мўминдир!”дедилар. Имом Термизий ва Абу Довуд ривоятлари. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам: – Сизларнинг Аллоҳга энг суюклиларингиз ва Қиёмат кунида менга энг яқин бўладиганларингиз ҳақида хабар берайми? дедилар. – Ҳа! – деб жавоб беришди саҳобалар. – Гўзал хулқлиларингиз!, – дедилар. Ибн Ҳиббон ривояти.

Демак, ёмонликларни тарк этиб, гўзал хулқларни эгаллаш бу динимизнинг катта талабларидандир. Шунинг учун ҳар бир мўмин-мусулмон ҳаёт фаолиятининг ҳар бир ҳолатини гўзал қилмоқликка, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам дуолари билан таълим берганларидек, Аллоҳ таоло унинг халқини гўзал яратгани сингари, хулқини ҳам гўзал бўлишига интилмоғи керак.

Расулуллоҳ соллалоҳу алайҳи васалламни ахлоқлари қиёматгача келадиган инсоният учун ибрат манбаи бўлиб қолади. Ҳозирги замонавий ахлоқшунослик, педагогика каби илмлар мутахассислари ёшлар тарбиясида Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ахлоқларидан, хусусан ҳадиси шарифларда келган набавий кўрсатмалардан фойдаланишни тавсия этмоқдалар. Биз ҳам бу ахлоқларни ўрганиб, энг аввало, ўзимиз ҳаётимизга тадбиқ этиб, кейин халқимизга ҳам етказишимиз асосий вазифаларимиздан биридир.

Аллоҳ таоло ҳаммамизга Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам суннатларини иҳё қилишни, гўзал хулқлари билан хулқланишимизни ва охиратда шафоатларига эришишимизни насиб қилсин!

Адина Сайдаҳмедова-

Хадичаи Кубро ислом таълим

 муассасаси катта ўқитувчиси,

фалсафа фанлари номзоди

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*