Маҳмудхўжа Беҳбудий ва жадидчиларнинг ҳаракатлари

           Қоронғу хонани шам ёритганидек инсон умрини ҳам илм ёритиб беради. Илмсизлик кишини жаҳолатга етаклайди. Ислом диничалик ҳеч бир дин, ҳеч бир тузум илмни улуғламаган. Қуръони Карим ва Ҳадиси шарифларда ҳам илм ва уламолар энг юқори даражага қўйилган. Аллоҳ таолонинг инояти ила жуда ҳам кўплаб олимлар Марказий Осиё минтақасидан, Ўзбекистон диёридан етишиб чиққан. Ана шундай олимлардан бири, илм йўлида тиним билмай ҳаракат қилган, инсонларни илм нуридан баҳраманд этиш учун ҳаётини таҳликаларга қўйган, дин ва давлат арбоби, жадидчилик ҳаракатининг етакчиларидан бири Маҳмудхўжа Беҳбудийдир. У 1875 йили Самарқанд шаҳрида таваллуд топган. Беҳбудий ўзбек ижтимоий-сиёсий, маданий-маърифий ҳаётида ёрқин из қолдирган сиймолардан биридир. Ёш бўлишига қарамай, қозихонада мирзалик қилган, сўнг қози, муфтий даражасига кўтарилган. Шунингдек, У драматург ва ношир ҳам бўлган. Ҳаётини илм учун сарфлаган. Нафақат ўзи учун, балки халқни маърифатли қилиш, адабиёт руҳини яна қайта уйғотиш, оммага ўзлигини англатиш учун ҳаётини сарфлаган.

Одамларни узоқ муддатли мудроқдан уйғотиш, илм нурига олиб чиқиш мақсадида Маҳмудхўжа Беҳбудий, Мунаввар қори Абдурашидхон, Абдулла Авлоний каби олимлар билан биргаликда жадидчилик ҳаракатига асос солишади. Улар асосан тараққиёт учун курашиш, туркий тилларни ривожлантириш, шу тиллардаги адабиётни бойитиш, дунёвий илмларни ўрганиш, фан ютуқларидан фойдаланиш ҳамда аёллар ва эркаклар тенглиги учун курашишга чақиришган. Жадидлар бадиий адабиётни халқни ғафлат ва мустамлака зулмидан қутқариш қуролига айлантирдилар. Жадид адибларининг асарларида инсоний тақдирлар, қисмат фожеалари, миллат озодлиги, инсон эрки, Ватан буюклиги муаммолари фонида акс эттирилди. Уларнинг адабиётида тарихий адолат, сиёсий тенглик, шахс ва миллат эрки, халқни ғафлатдан уйғотиш сингари ўткир ижтимоий муаммолар жуда кўп тасвирланади.

Беҳбудийнинг бизга кўплаб асарлари етиб келган. “Рисолаи асбоби савод” (“Савод чиқариш китоби”, 1904), “Рисолаи жуғрофияи умроний”(“Аҳоли географиясига кириш”, 1905), “Мунтахаби жуғрофияи умумий“ (“Қисқача умумий география”, 1906), “Китобат улатфол” (“Болалар хати”, 1908), “Амалиёти ислом” (1908), “Тарихи ислом” (1909) каби китоблар чоп эттиради. 1911 йилда биринчи ўзбек драмаси, Падаркуш драмасини ёзди. Бу драмма Марказий Осиёдаги илк миллий драмматик асар эди. Унгача бу ҳудудда на туркий, на форсий тилда бундай жанрдаги асар яратилмаган эди. Беҳбудий бу драмма орқали жоҳилликни қанчалар аянчли қисматларга сабаб бўлишини ёритиб берган. Бу асарда жоҳил, нодон боланинг отасини ўлдириб қўйганлиги акс эттирилган. Беҳбудий бу асар жанрини «миллий фожеа» деб атаган. “Падаркуш” асари шу қадар туркистонликлар орасида қизиқишга сабаб бўлдики, ҳар куни театр биносига сиғмай қолган 200-300киши ортга қайтиб кетар эди. Бу асарни театрга бориб 3 сўм пул бериб, тик туриб кўрмоққа зор бўлганлар талайгина эди. Бу драмма халққа жуда кучли таъсир кўрсатади. Бу драмма ҳам жанр, ҳам мазмунига кўра янги ўзбек адабиётини бошлаб берган. Бу Беҳбудийнинг адабиётга қўшган энг катта хиссаси бўлди. “Падаркуш” пьесаси таъсирида “Бахтсиз куёв” деган китобини ёзиб юборганимни ўзим ҳам пайқамай қолдим”, – дея қайд этади Абдулла Қодирий ўз таржимаи ҳолида. Беҳбудий  айни чоғда янги усулдаги мактабларнинг асосчиси ва тарғиботчиси, янги дарсликларнинг илк муаллифи ҳам бўлди.

Беҳбудий Араб давлатларига бир неча марта сафар қилади. Қайси шаҳарга бормасин, унинг тарихи, обидалари, у ердан чиққан буюк зотлар ҳақида маълумотлар тўплайди. Турли-туман миллатлар, уларнинг урф-удумлари, турмуш маданияти билан қизиқади. Айниқса, дин, эътиқод масалаларига катта аҳамият беради.

Шунингдек, Беҳбудий газета ва журналларда кўплаб мақолалар чоп этган. У ўзбек ва форс-тожик тилларида икки юздан ортиқ мақола ва асарлар ёзган. Бир мақоласини ёшларга мурожаат тариқасида ёзган. Унда одамларнинг ҳолатини баён этиб, илмга ажойиб тарзда тарғиб этган: “Бошқа миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомга тобеъдур? Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттиз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур”.

Беҳбудий ижтимоий-сиёсий ишларга ҳам қизғин қўшилди. 1917 йил 27 ноябрда “Туркистон мухторияти” эълон қилинди. Унинг ғоявий асосчиларидан бири Беҳбудий эди. Мухторият шўролар томонидан ваҳшиёна бостирилди. Беҳбудий май ойининг бошларида Самарқандга қайтади. У ерда кўп тура олмай Тошкентга келади. Туркистон шўролар ҳукумати раҳбарлари билан музокара олиб боришга уринади, аммо натижа чиқмайди. 1919 йилнинг эрта баҳорида мамлакатдан чиқиб кетаётганида қўлга олинади ва Қаршида зиндонга ташланиб қатл қилинади. Бу воқеа Самарқандда бир йилдан кейин маълум бўлади. Фитрат, Чўлпон, Айний ва бошқа шоирлар Беҳбудийга атаб марциялар ёзганлар.

Унинг маърифатпарвар сафдошларидан бири бўлмиш Садриддин Айний шундай деган: “Муфтий Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари ким эди? Бу саволга жавоб бермоқ учун газета саҳифалари эмас, жилдларча китоб ёзмоқ керак бўладур”.

Кейинчалик, бошқа давлатларда, хусусан, Ўзбекистонда  Беҳбудий ҳаёти ва ижоди бўйича илмий изланишлар олиб борилган. Шаҳарлардаги кўча ва мактабларга Беҳбудий номи қўйилган.

Маҳмудхўжа Беҳбудий буюк маърифатпарвар ва етакчи жадидчи сифатида миллий маданиятимиз тарихидан мустаҳкам ўрин эгаллаган.

 Фойдаланилган адабиётлар:

  1. Ўзбекистон миллий энциклопедияси
  2. Маънавият юлдузлари
  3. Усмонов Қ. Ўзбекистон тарихи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*