Сиз ила жаннатда рафиқ бўлишни истаймиз Я Расулаллоҳ!..

Оламларга раҳмат қилиб юборилган Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васалламни умматлари бўлишлик бахтини ином этган Аллоҳ таолога чексиз ҳамд санолар бўлсин. Икки дунё саодатига эга бўлиб Аллоҳ таолонинг розилигига эришиш йўлларини бизга таълим берган буюк муаллим Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга саловоту саломлар бўлсин.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат – бу Аллоҳ таолонинг муҳаббатига элтувчи йўлдир. Аллоҳ ва Унинг Расулига бўлган муҳаббат эса бу диннинг барчасидир. Бу икки буюк муҳаббатда дунёда биз топишимиз мумкин бўлган ҳидоят, тақво ва солиҳликнинг мадори, асослари мавжуд. Оҳиратда эса бу муҳаббат сабаб саодат неъматига эришамиз.

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинишича, бир киши Расулуллоҳдан қиёмат ҳақида сўраб: “Қиёмат соати қачон?” деб сўради. Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Қиёмат учун нима тайёрлагансан ўзи?” дедилар. У: ҳеч нарса— деди — лекин мен Аллоҳ ва Унинг Расулини яхши кўраман. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сен ўзинг яхши кўрганларинг билан бирга бўласан”, дедилар. Анас розияллоҳу анҳу айтадилар: “Биз ҳеч нарсадан Набий соллаллоҳу алайҳи васалламнинг “Сен ўзинг яхши кўрганлар билан бирга бўласан” деган сўзларидан хурсанд бўлганимизчалик хурсанд бўлмаганмиз”. (Имом Бухорий, Имом Термизий, Имом Муслим, Имом Абу Довуд ривояти). Демак бу муборак муҳаббат туфайли биз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда бирга бўлишлик бахтига эришар эканмиз. Саҳобаларнинг Расулуллоҳга бўлган муҳаббатларини изҳор этишларини ўқир эканмиз, биз бу маҳаббат изҳоридан ўзимиз учун катта ибратга эга бўламиз. Савбон ибн Молик розияллоҳу анҳу Расулуллоҳга муҳаббатлари жуда кучли саҳобалардан бири эдилар. Бир куни бу саҳобий Пайғамбаримизнинг ҳузурларига бордилар, Савбон ибн Моликнинг ранглари ўзгарган, юзларида ҳафалик аломатлари балқиб турарди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам уларни кўриб: “Рангинга нима бўлди?” дедилар. “Я Расулаллоҳ, мен касал эмасман, бирор ерим оғримаяпти ҳам. Лекин мен сизнинг ҳузурингизга келгунимча, сизни муборак юзингизни кўргунимча жуда қаттиқ қўрқаман, сўнгра охиратни эсга оламан. Сизни охиратда кўра олмасликдан қўрқаман. Чунки сиз набийлар билан тепада бўласиз, мен эса агар жаннатга кирсам ҳам, сиздан пастда бўламан, агар жаннатга кира олмасамчи, сизни абадий кўра олмайман” деб ҳолатини баён қилди ва шу билан биргаликда Набийимизни қанчалик қаттиқ яхши кўришлари аён бўлди. Бас, Аллоҳ таоло: “Ким Аллоҳга ва Расулга итоат қилса, бас, ана ўшалар Аллоҳ неъмат берган набийлар, сиддиқлар, шаҳидлар ва солиҳлар билан биргадирлар. Ва уларнинг рафиқлари қандай ҳам яхши”, (Нисо, 69) оятини нозил қилди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам бу оятни Савбон ибн Моликка ўқиб берганларида, Савбон розияллоҳу анҳунинг қалблар масрур бўлди, ҳафаликлари ариди, ва у дунё ва охиратда Ҳабиби билан бирга эканликларини ич-ичиларидан ҳис қилдилар. Бу бизлар учун Аллоҳ таолонинг қандай ҳам ката иноми ва марҳамати! Аллоҳ таолога ва Расулуллоҳга итоат этиб, Набийлар сиддиқлар шаҳидлар ва солиҳлар билан бирга бўлар эканмиз. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга бўлган муҳаббат фақат сўзларда бўлмаслиги керак. Бу муҳаббат уларга эргашишлик уларнинг суннатларига амал қилишлик билангина янада зиёда бўлиб гўзаллашади.

Оиша розияллоҳу анҳо айтадилар: “Кунларнинг бирида Расулуллоҳнинг жуда хурсанд пайтларини топиб, у зотга айтдим: “Эй Расулаллоҳ, мени дуо қилинг!” Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ўзларига энг севимли бўлган зот – Оиша онамизни дуо қилдилар: “Эй Аллоҳ, Оишанинг ўтган ва келажакда бўладиган, ошкора ва махфий гуноҳларини кечиргин!” Оиша онамиз бу дуодан шунчалик қувондиларки, хурсандчиликдан нурли юзлари кулгига тўлди. Қандай қувонмасинлар, ахир дуоси қайтарилмайдиган зот уларни бундай дуо қиляптиларку! “Дуойим сени бунчалар қувонтирдими? – дедилар Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам. Ҳа, дедилар Оиша онамиз. Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам жавоб қилдилар: Аллоҳга қасамки, бу менинг умматим учун ҳар бир намозимда қиладиган дуойимдир!”

Мана Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг биз умматларга бўлган меҳрлари, муҳаббатлари шавқатларининг энг гўзал мисоли…

Ўзлари учун энг севимли аёлларига қилган дуоларини биз учун ҳар намозда қиладиган, бизни – умматларини она фарзандларини яхши кўргандан кўпроқ яхши кўрган зотга қандай қилиб муҳаббатимиз бўлмасин?

Рабийъа ибн Каъб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:   Набий соллаллоҳу алайҳи  васаллам  билан  бирга  тунаган  эдим.  У   зотга   таҳорат   сувлари   ва бошқа ҳожатлари тушадиган нарсаларини келтирдим.  У  зот:  “Сўра»,  дедилар.  “Жаннатда сизга рафиқ бўлишни сўрайман”, дедим.  “Бундан бошқани эмасми?”  дедилар. “Шунинг ўзини”, дедим.  У зот: “Ундоқ бўлса, менга ўзинг учун кўп сажда ила ёрдам бер”, дедилар”. (Муслим ривояти).

 Расуллуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам билан жаннатда рафиқ бўлишимиз учун Роббимизга итоат этиб,суннатларни тирилтиришимиз, Роббимизга ибодатларни кўпайтиришимиз лозим экан. Я Расулаллоҳ! Cиз билан жаннатларда рафиқ бўлишни истаймиз. Бу учун доим интиламиз. Сиз  ижобат бўлувчи дуойингизни оҳиратга биз умматлар учун сақлаб қўйдингиз. Сизга Роббимнинг раҳмати ва саломлари бўлсин!

Я Расулаллоҳ! Сиз Роббимнинг энг гўзал саломини бизга илиндингиз. Сиз учун дуоларимизда “Мақоми Маҳмуд”ни сўраймиз. Сиз энг гўзал хулқларнинг энг олий намунасисиз! Сизни севгингиз бизни Аллоҳ таолонинг севгисига олиб борувчи энг пок йўлдир. Сиз Роббим розилигига эришиш йўлларини бизга таълим берган “Энг буюк Муаллимсиз!”. Бизни соғиниб асҳобларингиз ҳузурида эслаган эдингиз биз ҳам сизни соғиндик. Сиз билан жаннатда рафиқ бўлишни истаймиз Я Расулаллоҳ! Шафоатингиздан умидвормиз Я Ҳабибаллоҳ!

Хадичаи Кубро аёл-қизлар  ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси   

  ўқитувчиси Жозиба Жамол қизи

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*