ҚАЛБИМГА, ХУЛҚИМГА, ҲАЁТИМГА ТАЪСИР ЭТГАН ҲАДИС

Ислом оламига назар солар эканман, ҳаётида биттагина бўлса ҳам ҳадис ўқиб, унга амал қилган инсонларни ютқазганлар сафида кўрмадим. Бунинг сабаби, шубхасиз, Аллоҳ Таолонинг рахматидандир. Аллоҳ Таолонинг Ўз Расули соллаллоҳу алайҳи васалламга муҳаббатидандир. Дарҳақиқат, балоғат ва фасоҳат соҳиби Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳар бир сўзларини Аллоҳ Таоло Ўзининг изни ила манфаатли қилган. Ана шундай чексиз фойда келтирган, ҳаётимга ўзгача сурур бахш этган ҳадисни кўпчиликка етказишни истадим.

  Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: Албатта амаллар ниятларга кўрадир. Албатта, ҳар бир кишининг ният қилган нарсаси бўлади. Кимнинг ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлса ҳижрати Аллоҳ ва Расули учун бўлади. Кимнинг ҳижрати дунё учун бўлса унга эришади. Ёки аёл учун бўлса унга уйланади. Бас, унинг ҳижрати нима учун қилган бўлса ўшанга бўлади», дедилар.

   Инсон бир ишни қилишдан аввал ўзининг ниятини гўзал қилиб олсагина кўзлаган мақсадига эриша олади. Ушбу ҳадисни ҳаётимизнинг ҳар бир жабҳасида қўлласак бўлади. Мен ушбу ҳадисга амал қилиб шундай мўъжизаларга эга бўлдимки, кўп ишларимда мана шу ният билан куч топдим. Аллоҳ Таолонинг розилигини кўзлаб, яхши ният билан қилинган амалнинг натижаси инсонларни жуда хурсанд қилади. Аввало ниятни яхши қила туриб, ана шу нияти йўлида ҳаракат қилар экан, Аллоҳ Таолонинг Ўзи сўраётганини бериб қўяди. Аллоҳ Таолонинг бераётганини кўрган сари, инсон яна кўп яхши амаллар қилишни истаб қолади. Мен ушбу ҳадисни оила қурганимдан сўнг, келинлик вазифаларимни бажараётганимда, ҳаётимга кўп бора тадбиқ қиладиган бўлдим. «Ниятларга кўрадир» деб, оддийгина уй юмушларини ҳам Аллоҳ розилиги учун дея бажарганимда, улар чексиз қувонч бахш этади. Шижоатимга янада шижоат қўшади. Инсонга қандайдир ташвиш ёки қийинчилик етадиган бўлса (нима бўлишидан қатъий назар), ва у инсон ниятни яхши қилса, бундан кейин давом этадиган ҳаёти ҳам ўзи ният қилгандек ИншаАллоҳ Аллоҳнинг изни билан шу нарсага қараб юриб борар экан. Мен бу ҳадисдан жуда кўп фойда олдим. Бежизга ушбу ҳадисни уламолар илмнинг учдан бири дейишмаган экан. Барча соҳаларда, қандай соҳа бўлишидан қатъий назар ниятни чиройли қилиб, улкан ютуқларга эришсак бўлади. Мусулмон киши бир яхшиликни ният қилса, ана шу нияти учун ҳам ажр олади. Агар уни амалга оширса унга ўн баробардан етти юз баробаригача кўпайтириб берилади.  Агарда, бир яхши ишни ният қилса, аммо уни ўзи амалга ошира олмаса ва уни бошқа инсонга етказса, у ишни амалга оширган инсоннинг савобидан яхшиликни ният қилувчига ҳам етиб туради. Ислом динининг гўзаллигига ёрқин намуна бўлган ушбу ҳадис ҳақида узоқ гапириш мумкин. Биргина ният билан улкан савоблар олиш имкониятини берган Аллоҳ Таолога ҳамд ва санолар бўлсин. Ушбу ҳадисни бизларга мерос қилиб ташлаб кетган Хабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламга саловату саломларимиз бўлсин.

Хадичаи Кубро аёлқизлар ўрта махсус

 ислом таълим муассасаси

4- курс талабаси Шахбердинова Мадина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*