ҚУРЪОНИ КАРИМДА ДИНЛАРАРО БАҒРИКЕНГЛИККА ОИД ОЯТЛАР

Summary. The author speaks in this article about how Muslims should treat Non-Muslims according to the verses of Quran. She tries to clarify the types of Non-Muslims and misunderstandings concerning tolerance in Islam.

Key words: non-Muslims, tolerance, Islam, Quran

Қуръони карим Аллоҳ томонидан Пайғамбар Муҳаммад (а.с.)га 23 йил – рисолат даври (610-632 йиллар)да нозил қилинган илоҳий китоб бўлиб, у 114 сура, 6210 оят, 77434 сўздан таркиб топган [2, б.63]. Қуръоннинг бошқа илоҳий китоблардан асосий фарқи шундан иборатки, у фақатгина ақидавий-ғоявий манба эмас, балки қонун ва ахлоқ ҳамдир. Машҳур файласуф ибн Рушднинг (ваф. 595 ҳ.й) фикрича, бу Қуръоннинг буюк мўъжизаси ҳисобланади [2, б.65]. Демак, Қуръони карим диний ва эътиқодий масалалар билан бир қаторда, ижтимоий муносабатларнинг барча кўринишини ўзида акс эттиради. Ғайридинлар билан ўзаро муносабат ҳам шулар жумласидандир.

Шу ўринда ғайридинлар ўзи кимлар ва уларга ислом динининг муносабати қандай, деган асосли савол туғилади. Ислом ҳуқуқига оид тарихий манбаларда ғайридинларнинг тўрт тури ажратиб кўрсатилган [5, б.106]:

  1. Зиммий – мусулмон ерларида истиқомат қиладиган ғайридинлардир. Улар мусулмон жамиятида яратилган барча имкониятлардан фойдаланадилар. Мусулмон жамияти зиммийни ташқи душмандан ҳимоя қилиш масъулиятини ўз зиммасига олади.
  2. Муъаҳад – мусулмонлар билан маълум муддатга ёки муддатсиз шартнома ёки тинчлик келишув ўрнатилган давлатнинг фуқароси – мусулмон бўлмаган шахс.
  3. Мустаман – мусулмонлар томонидан омонлик, яъни хавфсизлик кафолати берилган мусулмон бўлмаган шахс. Ҳозирги замонда хавфсизликнинг бундай кафолати виза кўринишида берилади, десак хато бўлмайди.

Юқорида санаб ўтилган мусулмон бўлмаган шахсларнинг ҳаётлари дахлсиз ҳисобланади. Уларнинг ҳаётларига тажовуз қилишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Пайғамбар (алайҳис-салом) шундай дейдилар: “Ким муъаҳадни ўлдирса, жаннатнинг ҳидини ҳидламайди. Жаннатнинг ҳиди қирқ йиллик масофадан таралиб туради”. Қуръони каримда шундай дейилади: “… Агар у (ўлдирилган одам) сизлар билан улар ўртасида сулҳ (тузилган) қавмдан бўлса, унинг оиласига хун тўлаш ва бир мўмин қулни озод қилиш (буюрилади)…[6, 4:92, б.93]. Ушбу оятдан ҳанафий мазҳабида мусулмон диёрида яшаётган ғайридинлар, яъни зиммийлар билан мусулмонлар дияси (хуни) ўртасида фарқ йўқлиги тўғрисида ҳукмни чиқарганлар. Дия – ўлдирилган кишининг қариндошларига ўлдирган томоннинг жон баробарига тўлайдиган хун ҳақидир. Битта ўлдирилган ҳур кишининг хуни ҳанафий мазҳаби бўйича 100 та туя ёки минг динор тилла ёҳуд ўн минг дирҳам кумушдир. Шу тарзда зиммий, муъаҳад ва мустаман ҳолатидаги ғайридинларни эҳтиётсизликдан ўлдирган мусулмонга Аллоҳ дия тўлашни ва гуноҳни ювишни шарт қилиб қўйган. Ғайридинни қасддан ўлдириш борасида Имом Абу Ҳанифага кўра, ҳар қандай зиммийни қасддан ўлдирган мусулмон ўлим жазоси билан жазоланиши керак.

  1. Ҳарбий – юқорида санаб ўтилган турларга кирмайдиган, мусулмонларга қарши уруш олиб бораётган мусулмон бўлмаган шахс. Бундай уруш ҳолатидаги ғайридинларнинг ҳаёти, мол-мулки ва шаъни дахлсиз ҳисобланмайди. Лекин уларга ҳар қандай тажовуз давлат бошлиғининг кўрсатмаси билан амалга оширилади. Ҳарбийларнинг ёш болалари, аёллари ва қариялар бундан мустаснодирлар.

Ислом дини таълимотида мусулмонлар билан маълум тинчлик битими асосида ҳаёт кечираётган ғайридинларнинг ҳаётлари, мол-мулклари ва шаъни дахлсиз ҳисобланади. Уларга мусулмонлар учун яратилган барча шароитлар амал қилади.

“Тавба” сурасининг 6-оятида шундай дейилади: “Агар мушриклардан бирортаси Сиздан ҳимоя сўраса, бас, уни ҳимоянгизга олинг, токи у Аллоҳнинг каломини эшитсин. Сўнгра уни хавфсиз жойига етказиб қўйинг! Бу уларнинг билмайдиган қавм бўлганлари сабаблидир” [6, 9:6, б.187].

Ҳозирги кунда, дунёнинг аксарият давлатларида виждон эркинлиги масаласи таъминланганини кўришимиз мумкин. Инсон ҳуқуқлари умумжаҳон декларациясининг 18-моддасида шундай дейилади: “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга; бу ҳуқуқ ўз дини ёки эътиқодини ўзгартириш эркинлигини ва таълимотда, тоат-ибодат қилишда ва диний расм-русум ҳамда маросимларни оммавий ёки хусусий тартибда адо этиш, ўз дини ёки эътиқодига яққа тартибда, шунингдек бошқалар билан бирга амал қилиш эркинлигини ўз ичига олади”[4, б.27]. Кўриб турганимиздек, ҳозирги кунда диний эътиқод эркинлиги халқаро ҳужжатларда ҳуқуқий жиҳатдан асослаб қўйилган. Бошқа динлар билан бир қаторда ислом динига эътиқод қилиш, ҳамда эмин, эркин тоат-ибодат қилиш учун халқаро миқёсда барча шарт-шароитлар мавжуд. Шундай экан, ҳозирги кунда эътиқод ва ибодат қилишга тўсқинлик қилиш халқаро миқёсда қораланиб келаётган бир вақтда, Аллоҳ бизни ғайридинларга яхшилик ва адолат қилишдан қайтармаганлиги “Мумтаҳана” сурасининг 8-оятида ўз аксини топади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас…” [6, 60:8, б.550].

“Юнус” сурасининг 99-оятида Аллоҳ таоло ўз расулига хитоб қилади: “Агар Раббингиз хоҳласа эди, Ер (юзи)даги барча кишилар ёппасига имон келтирган бўлур эдилар. Бас, Сиз одамларни мўмин бўлишларига мажбур қиласизми?!” [6, 10:99, б.220]. Аллоҳ ғайридинларга шу тақдирни битгани учун улар бошқа динларга эътиқод қиладилар. Агар улар мусулмонларга нисбатан хайриҳоҳ бўлсалар, ислом дини уларга нисбатан адолатсизлик қилишга чақирмайди.

Қолаверса, ҳар бир инсон аввало одам фарзанди ҳамда Яратганнинг бандаси, дея эътироф этилади. Аллоҳни бу дунёда барча инсонларга бирдек меҳрибонлигининг замирида инсоннинг бу дунёда қанчалик азиз ва мукаррам эканлигида ўз аксини топади. “Исро” сурасининг 70-оятида шундай дейилади: “Дарҳақиқат, (Биз) Одам фарзандларини (азиз ва) мукаррам қилдик…” [6, 17:70, б.289]. Инсонни Аллоҳнинг ўзи азиз қилиб яратган экан, инсонларга улар ғайридин бўлган тақдирларида ҳам нафрат ҳисси билан қараш, улар билан асоссиз адоват қилиш динимиз тамойилларига зид.

“Ҳужурот”сурасининг 13-оятида шундай дейилади: “Эй, инсонлар! Дарҳақиқат, Биз сизларни бир эркак (Одам) ва бир аёл (Ҳавво)дан яратдик ҳамда бир-бирларингиз билан танишишингиз учун сизларни (турли-туман) халқлар ва қабила (элат)лар қилиб қўйдик. Албатта, Аллоҳ наздида (энг азизу) мукаррамроғингиз тақводорроғингиздир. Албатта, Аллоҳ билувчи ва хабардор зотдир” [6, 49:13, б.517]. Ояти каримада ҳамма инсонларга бирдек “Эй, инсонлар!”, дея хитоб қилинмоқда, барча инсонларнинг келиб чиқиши аслида бир эркак ва аёлга бориб тақалиши таъкидланмоқда. Шундай экан, инсонлар орасида ҳеч ким бир-бирига бегона эмас, хоҳ у мусулмон бўлсин хоҳ ғайридин. Аллоҳ таоло инсонларни бир-бирлари билан танишишлари учун турли халқлар ва қабилаларга ажратиб қўйганига алоҳида эътибор қаратиш лозим. Яъни Аллоҳ инсонларни бир-бирларини ёмон кўрсинлар, ўзаро душман бўлсинлар, деб турли халқларга бўлиб ажратиб қўйгани йўқ.

“Ҳаж” сураси, 40-оятда шундай дейилади: “Улар ўз диёрларидан фақатгина “Раббимиз Аллоҳдир”, деганлари учун ноҳақ қувилган эдилар. Агар Аллоҳ одамларнинг баъзиларини баъзилари билан даф этиб турмас экан, албатта, Аллоҳ номи кўп зикр қилинадиган (роҳибларда) узлатгоҳлар, (насронийларда) бутхоналар, (яҳудийларда) ибодатхоналар ва (мусулмонларда) масжидлар вайрон қилинган бўлур эди. Албатта, Аллоҳ ўзига (динига) ёрдам берадиганларга ёрдам берур. Шубҳасиз Аллоҳ кучли ва қудратлидир”[6, 22:40, б.337]. Имом Мотуридийнинг Қуръон тафсирига бағишланган “Таъвилот аҳли сунна” китобида юқоридаги оятни тафсир қиладилар ва: “Черков ва синагогаларни вайрон этиш ман этилади. Шунинг учун ҳам, мусулмонлар юртида шу давргача улар бузилмай сақланиб қолган. Бу масалада илм аҳли орасида ихтилоф йўқдир”, деб қатъий таъкидлайди.

Шуни инобатга олиш зарурки, ўша даврда Арабистон ярим оролида инсонлар қабилаларга бўлинган тарзда ҳаёт кечирганлар. Қабила аҳли ўз қабиладошини ёмон кўрган тақдирида ҳам битта қабиладан экани учун у билан яхши муносабат қилишга, бошқа қабилалар олдида ҳимоя қилишга мажбур бўлган. Кўриб турганимиздек ислом дини кириб келгунга қадар араблар орасида “ўзимизники” ва “бегоналар” тарзида ижтимоий ҳаётда илдиз отиб улгурган эди [1, б.11]. Ислом дини эса, бир қабилага ёки миллатга эмас, балки бутун инсониятга нозил қилинди.

Исломда ғайридинлар билан ўзаро муомала қуйидаги 5 категория устига қурилади [5, б.106]:

  1. Вожиб – мусулмон кишининг ота-онаси ғайридин бўлса, улар билан яхши алоқада бўлиш талаб этилади. “Луқмон” сурасининг 15-оятида шундай дейилади: “Агар улар (яъни ота-онанг) сени ўзинг билмаган нарсаларни Менга шерик қилишга зўрласалар, у ҳолда уларга итоат этма! Уларга (гарчи кофир бўлсалар-да,) дунёда яхши муомалада бўлгин ва ўзинг Менга тавба қилган кишиларнинг йўлига эргашгин!…” [6, 31:15, б.412].
  2. Мандуб – “Мумтаҳана” сурасининг 8-оятига мувофиқ, дин хусусида урушмаган кимсаларга яхшилик қилиш тавсия этилади: “Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас. Албатта Аллоҳ адолатли кишиларни севар” [6, 60:8, б.550].

Пайғамбар (а.с.)нинг аёллари София (р.а.) ўзларининг яҳудий акалари билан хабарлашиб туришга изн сўраганларида, Пайғамбаримиз (алайҳис-салом) рухсат берганлар. Яна Пайғамбар (алайҳис-салом) Умар (р.а.)га кийим-бош ҳадя қилганларида, Умар (р.а.) у кийимни Макка аҳлидан бўлган акаларига бериб юборганлар. Ўша вақтда у кишининг акалари ислом динини қабул қилмаган эди.

  1. Мубоҳ – “Моида” сураси, 5-оятда шундай дейилади: “Бугун сизлар учун покиза нарсалар ҳалол қилинди. Шунингдек, Аҳли Китобларнинг таоми сизлар учун ҳалол ва таомингиз улар учун ҳалолдир. Зинокорлик ва махфий ўйнаш қилиб олиш учун эмас, балки маҳрларини берсангиз, мўмина аёлларнинг иффатлилари ва сизлардан олдин Китоб берилганларнинг иффатли аёллари (ҳам ҳалолдир)…” [6, 5:5, б.107]. Ушбу оятга кўра, аҳли Китоблар билан яхши муносабатда бўлиш, уларнинг таомларидан таомланиш, уларга ҳам таом бериш, шунингдек уларнинг аёлларига уйланиш таъқиқланмаган.
  2. Макруҳ – мусулмоннинг ғайридин қўли остида ишлаши маъқул кўрилмасада, лекин таъқиқланмаган. Мадинага ҳижрат қилинган даврда, Али (р.а.) бир яҳудийнинг қўли остида ишлаганлари бунинг яққол мисолидир.
  3. Ҳаром – мусулмонларга зарар етказиш мақсадида ғайридиннинг қўли остида ишлаши мусулмонларга таъқиқланган.

Кўриб турганимиздек, аҳли сунна ва-л-жамоа эътиқодига кўра, хоинлик мақсадида ғайридинлар билан тил бириктириш тақиқланган иш ҳисобланади ҳамда эътиқод масаласида ғайридинларга эргашиш мусулмон кишини ислом динидан чиқаради. Бошқа ҳолатларда эса, ғайридинлар билан яхши муносабат қилиш, улар билан ўзаро тинч-тотув ҳаёт кечиришга қаршилик қилинмайди.

Ҳозирги глобаллашув асрида эътибор берилиши керак бўлган муҳим бир нуқта – бу жамиятлардаги мультиконфессионаллик шароитида ўзга динларга нисбатан ҳурмат-эҳтиром ҳиссини инсонларга гўдакликданоқ сингдириб боришдир. Инсоннинг турли динлар ва маданиятларга нисбатан бағрикенглик тушунчаси билан вояга етиши бошқа маданиятларга рўбарў келганда, ўз қобиғига ўралиб қолмасдан, улар билан ҳурмат асосида муносабатда бўлишига замин яратади, ноўрин таассубга ўрин қолдирмайди. Масалан, Қуръонда келтирилган Юсуф пайғамбар ва Зулқарнайн (алайҳис-салом) қиссалари бағрикенгликнинг энг гўзал кўринишларидандир.

Юсуф пайғамбар ўз даврида ўзга дин, ўзга маданият ўчоғи бўлган Миср жамиятига қандай бориб қолгани ва чеккан азиятлари ҳақида Қуръон ҳикоя қилади. Аммо бундай жамиятда бўлишига қарамай, Юсуф (алайҳис-салом) шу юртнинг равнақи учун бор кучи билан хизмат қилади ҳамда Аллоҳдан берилган иқтидорини ушбу диёр ривожи ва фаровонлиги учун сарфлайди. Зулқарнайн эса, Қуръон оятида тасвирланганидек, бегона юрт, бошқа миллат, турфа маданият вакилларига ҳеч қандай эвазсиз ёрдам беради: уларнинг жонлари ва юртларини душмандан сақлаш учун тўсиқ қуриб беради, улар билан ҳамкорлик қилади. Бу ҳам албатта диний бағрикенглик ва инсонпарварликнинг энг гўзал намуналаридир. Демак, инсон қандай жамиятда яшамасин, унинг моддий ва маънавий равнақи, фаровонлиги ва ҳимояси учун камарбаста туриши лозимлиги Қуръони карим оятларида ҳам мужассам бўлган [3, б.13].

Хулоса қилиб айтадиган бўлсак, виждон эркинлиги таъминланган ҳозирги даврда, диний эътиқод ва ибодат қилишга ҳеч қандай тўсқинлик мавжуд бўлмаган замонамизда баъзи адашган мусулмонларнинг бағрикенглик борасидаги кескин диний қарашлари халқаро ва динлараро келишмовчиликлар, низо ва ҳатто уруш ҳолатлари ҳамда ўзга миллатлар эришган ютуқлардан бебаҳра бўлиш туфайли фан ва тараққиётдан орқада қолиш, илм-фаннинг таназзули каби салбий оқибатларга олиб келади. Ғайридинларга  нисбатан салбий муносабатда бўлиш эса, мусулмонларни дунёнинг бошқа халқларидан узиб олиб, уларнинг маданияти ва фан-техника тараққиётидан бебаҳра қилади ҳамда қолоқлик чоҳига етаклайди. Оқибатда мусулмон жамиятлари кимларгадир қарам бўлишда давом этаверадилар. Диний бағрикенгликни таъминлашдан асосий мақсад барча эътиқодларга бирдек эргашиш эмас, балки ўз эътиқодида мустаҳкам турган ҳолда ўзга дин вакиллари билан тинч-тотув, ҳамжиҳатликда яшаш, эзгу ишларда ҳамкорлик қилиш орқали тараққиёт, илм-фан ривожи учун тинчликни қарор топтиришдир.

 

Фойдаланилган адабиётлар ва изоҳлар рўйхати

  1. Bukay D. Islam’s hatred of the Non-Muslim (Ислом динининг ғайридинга нисбатан нафрати) / The Middle East Quarterly, Summer. Philadelphia: Middle East Forum,
  2. Жўзжоний А.Ш.Ислом ҳуқуқшунослиги: Ҳанафий мазҳаби ва Ўрта Осиё фақиҳлари. –Тошкент: Тошкент ислом университети нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2002.
  3. Муаллифлар жамоаси. Исломда соғлом бола тарбияси. – Тошкент: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2014.
  4. Одам савдосига қарши курашиш бўйича халқаро шартномалар ва Ўзбекистон миллий қонунчилиги (ҳужжатлар тўплами), “Ўзбекистон” НМИУ, 2013.
  5. Шайх Абдуллоҳ ибн Байя. Ал-ирҳоб ат-ташхис ва-л-ҳулул: Мавқиф ал-ислам мин ал-ғулу ва-т-татарруф. Ар-Риёд: 2012.
  6. Қуръони карим маъноларининг таржима ва тафсири / Тарж. ва изоҳлар муаллифи А.Мансур. – Тошкент: ТИУ нашриёт-матбаа бирлашмаси, 2012.

                                                                       ЎзХИА таянч докторанти, Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчиси Н.А.Хакимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*