16 НОЯБРЬ – ХАЛҚАРО БАҒРИКЕНГЛИК КУНИ

Инсоният яратилибдики, дин унинг руҳий эҳтиёжларини қондирувчи асосий восита вазифасини бажариб келган. Дарҳақиқат, дин инсон руҳониятининг шикастланган ўринларини гўзал ва мукаммал фазилатлар билан муолажа қилади.  Инсоннинг маънавий ҳаётида диннинг тарбиявий аҳамияти беъқиёс. Буни барчамиз яхши биламиз. Ҳар қандай зиёли, маданиятли киши ўзига нисбатан қилинган ҳақоратларни, беҳурматликни кўтара олиши мумкин. Аммо асло муқаддас динига, эьтиқодига қарши беҳурматлик ва одобсизлик билан қилинган муносабатга жим қараб тура олмайди. Бундан келиб чиқадики, дин инсон ҳаётининг мазмуни, бирламчи қадриятидир. Инсоннинг маънавий ва мафкуравий қарашларига ўзгаларнинг дахл қилиши, унинг диний эркинликларини чеклаб қўйиши мутлақо мунтиқсизлик ҳисобланади. Мана шундай зўравонликларга барҳам бериш ва инсонларни  ўзаро ҳамжиҳат бўлиб ҳаёт кечиришларини таъминлаш мақсадида UNESСOнинг 1995-йил 16-ноябрда бўлиб ўтган Бош конференциясида ушбу сана “Халқаро бағрикенглик куни” деб эълон қилинди ва бағрикенглик тамойиллари тўғрисида декларация қабул қилинди. Ҳозирда ушбу кун бутун дунёда “Ҳалқаро бағрикенглик куни” сифатида кенг нишонланади.

Исломшунос мутахассис сифатида бағрикенглик масалаларида динимиз қандай ғояларни илгари сурганини таъкидлаб ўтмасдан иложи йўқ.

Исломда бағрикенглик масаласи ўзининг илк давридаёқ намоён бўлди. Аллоҳ таоло Бақара сураси 256-оятида шундай марҳамат қилади:

لا إِكْراهَ فِي الدِّينِ قَدْ تَبَيَّنَ الرُّشْدُ مِنَ الْغَيِّ

“Динда мажбурлаш йўқ. Батаҳқиқ ҳақ ботилдан ажради”.

Бундан юз йил аввал машҳур рус файласуфи шундай ёзган эди: “Юқорида келтирилган Қуръон матнларидан Муҳаммадга нисбатан фанатизм, тоқатсизлик, диний зўравонлик каби айблар қанчалик ноҳақ эканини кўрдик. Умуман мусулмонларнинг муқаддас китобида Муҳаммад томонидан диннинг онгли равишда суиистеъмол қилинганлиги ҳақида маълумот йўқ”.

Аллоҳ таоло Мумтаҳана сурасининг 8-оятида яна шундай марҳамат  қилади:

﴿ لَا يَنْهَاكُمُ اللَّهُ عَنِ الَّذِينَ لَمْ يُقَاتِلُوكُمْ فِي الدِّينِ وَلَمْ يُخْرِجُوكُمْ مِنْ دِيَارِكُمْ أَنْ تَبَرُّوهُمْ وَتُقْسِطُوا إِلَيْهِمْ إِنَّ اللَّهَ يُحِبُّ الْمُقْسِطِينَ ﴾

“Дин тўғрисида сизлар билан урушмаган ва сизларни ўз юртингиздан (ҳайдаб) чиқармаган кимсаларга нисбатан яхшилик қилишингиз ва уларга адолатли бўлишингиздан Аллоҳ сизларни қайтармас…”. Тотувлик ва диний бағрикенглик Исломнинг тамал тоши, эътиқод ва динлар тарихидаги биринчи омилидир. Ислом илк давриданоқ аввалги динларга ҳеч қандай тазйиқ ўтказмади. Ислом биринчи кунларданоқ диний бағрикенгликнинг оламшумул шиорларини ўртага ташлади: “барча самовий динлар бир манба, бир булоқдан сув ичади, ҳамма пайғамбарлар биродардирлар, рисолатда улар ўртасида ҳеч қандай афзаллик йўқ, эътиқодга, динга мажбурлаш мумкин эмас, илоҳий диёнатларнинг барча ибодатхоналари ҳимоя ва мудофаа қилиниши керак, динлардаги ихтилофлар қотиллик ва адоватларга сабаб бўлмаслиги, яхшилик, силаи раҳмдан тўсмаслиги лозим”.

Суюкли ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам ўзларининг муборак ҳадисларида шундай марҳамат қилган эдилар:

“ألا من ظلم معاهدًا أو انتقصه أو كلفه فوق طاقته، أو أخذ شيئًا بغير طيب نفس فأنا حجيجه يوم القيامة
“Огоҳ бўлингки,  ким бир муоҳидга (исломни қабул қилмаган ва жон бошига олинадиган ўлпон асосида келишиб мусулмонлар ҳудудида яшовчи киши) зулм қилса ёки зарар етказса, ёхуд унинг розилигисиз бирор нарсасини тортиб олса қиёмат куни мен унинг душманлари қаторида бўламан. (Байҳақий ривоят қилган).

         Аллоҳ таоло Моида сурасининг 5-оятида шундай хитоб қилади:

﴿ الْيَوْمَ أُحِلَّ لَكُمُ الطَّيِّبَاتُ وَطَعَامُ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ حِلٌّ لَكُمْ وَطَعَامُكُمْ حِلٌّ لَهُمْ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الْمُؤْمِنَاتِ وَالْمُحْصَنَاتُ مِنَ الَّذِينَ أُوتُوا الْكِتَابَ مِنْ قَبْلِكُمْ إِذَا آتَيْتُمُوهُنَّ أُجُورَهُنَّ مُحْصِنِينَ غَيْرَ مُسَافِحِينَ وَلَا مُتَّخِذِي أَخْدَانٍ وَمَنْ يَكْفُرْ بِالْإِيمَانِ فَقَدْ حَبِطَ عَمَلُهُ وَهُوَ فِي الْآخِرَةِ مِنَ الْخَاسِرِينَ ﴾.

“Бугунги кунда сизларга пок нарсалар ҳалол қилинди. Китоб берилганларнинг таоми сиз учун ҳалолдир. Сизнинг таомингиз улар учун ҳалолдир. Афийфа мўминалар ва сиздан олдин китоб берилганлардан бўлган афийфалар ҳам, агар иффатли бўлган ҳолингизда, зинокор бўлмай ва ўйнаш тутмай маҳрларини берсангиз, сизга ҳалолдир. Ким иймонни инкор қилса, унинг амали беҳуда кетади ва охиратда у зиён кўрувчилардан бўладир”.

Имом Ғаззолий ҳазратлари ушбу оятдан келиб чиқиб: Аҳли китобия билан бир том остида яшашни ҳалол қилган ислом,  барчанинг бир ватан ичра яшашига монеъ бўлиши мумкин эмас!” деганлар.

Демак, юқорида ўтган далиллар давлатларни “ислом диёри” ёки “куфр диёри” дея ноқис ақллари билан номлаётган кимсаларнинг асоссиз даъволарини пучга чиқаради. Дунёдаги кўплаб кўҳна исломий диёрларнинг вайрон бўлишига сабаб бўлаётган диний айирмачилик ва дин душманларининг “ялтироқ” ниқоб ортида амалга ошираётган бузғунчилик ишлари ислом тамойилларига мутлақо зид ҳаракатлардир.

Аллоҳ таоло Нахл сураси 125-оятида шундай марҳамат қилади:

ٱدْعُ إِلَىٰ سَبِيلِ رَبِّكَ بِٱلْحِكْمَةِ وَٱلْمَوْعِظَةِ ٱلْحَسَنَةِ ۖ وَجَٰدِلْهُم بِٱلَّتِى هِىَ أَحْسَنُ ۚ

“Роббингнинг йўлига ҳикмат ва яхши мавъиза ила даъват қил. Ва улар билан гўзал услубда мужодала эт…”

         Бу оятда Аллоҳ таоло инсонлар билан муносабатда гўзал усубни қўллашга чақирмоқда. Демак, асл шиори жамиятда тартиб ва мукаммал хулқларни ўрнатиш бўлган Ислом инсониятни зўравонлик билан динга киритишни қоралайди. Кишиларни покиза ва ҳалол ҳаёт кечиришга, кишиларга юздаги ҳол каби намуна бўлишга  даъват қилади.

Қолаверса, Конституциямизда ҳам бирон фуқарони бирор динга мажбурлаб киритиш тақиқланган, ҳар бир инсон ҳақ-ҳуқуқи, эркинлиги ва кафолатлангани хусусида шундай дейилган: “Ҳамма учун виждон эркинлиги кафолатланади. Ҳар бир инсон хоҳлаган динига эътиқод қилиш ёки ҳеч қандай динга эътиқод қилмаслик ҳуқуқига эга. Диний қарашларни мажбуран сингдиришга йўл қўйилмайди”. (31-модда)

Мустақил ўлкамиз – Ўзбекистонда 130 дан ортиқ миллат вакиллари бўлиб, улар 16 та  турли конфессияга эътиқод қилиб келмоқдалар. Уларнинг бир қисми Ўзбекистон учун ноанъанавийдир. Давлат улар билан ўзаро муносабатда, ўз дунёвий хусусиятини ҳисобга олган ҳолда, қуйидаги тамойилларга амал қилмоқда:

  • Диндорларнинг диний туйғуларни ҳурмат қилиш;
  • Диний эътиқодларни фуқароларнинг ёки улар уюшмаларининг хусухий иши деб тан олиш;
  • Диний қарашларга амал қилувчи фуқароларнинг ҳам, уларга амал қилмайдиган фуқароларнинг ҳам ҳуқуқларини тенг кафолатлаш ҳамда уларни таъқиб қилишга йўл қўймаслик;
  • Маънавий тикланиш, умуминсоний ахлоқий қадриятларни қарор топтириш ишида турли диний уюшмалранинг имкониятларидан фойдаланиш учун улар билан мулоқот қилиш йўлларини излаш зарурати;
  • Диндан бузғунчилик мақсадларида фойдаланишга йўл қўйиб бўлмаслигини эътироф этиш.

Она диёримизда ўрнатилган диний бағрикенглик турли эътиқодларнинг бир давр ва бир маконда биргаликда мавжуд бўлишига, уларнинг эгалари ўртасидаги ҳамкорлик ва ҳамжиҳатликнинг шаклланишига замин яратади. Бу эса ўз навбатида, тинчлик ва тараққиётга, умуминсоний маданият ва маънавият ривожига хизмат қилади.

Хулоса қилиб айтганда, бағрикенглик ҳикмат илми сифатида ҳам, тарихнинг амалий синовларидан ўтганлиги нуқтаи назаридан ҳам анча теран ва баркамол хислатга эга, шунингдек, у нафақат бизнинг миллатимизга, балки бутун инсониятга ҳамжиҳатлик, чидамлилик, ғамхўрлик, муросасозлик кабиларни энг тўғри мезонда аниқлаб берадиган тушунча ҳамдир. Шундай қилиб, бағрикенглик инсон борлиғининг моҳиятини унинг сабр-тоқатида деб билади. Айнан шу хислат унинг ҳаёти маъносини белгилайди, унинг эътиқоди қандай йўналишда юксалишини кўрсатиб туради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчиси Аҳмедова Муаттар

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*