Ислом – омонлик дини

Аллоҳ таолога ўзига хос чексиз ҳамдлар бўлсин!

Аллоҳнинг ҳабиби бўлган Муҳаммад саллаллоҳу алайҳи ва салламга беҳад саловату саломлар  бўлсин!

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири – “Салом”, яъни барча нуқсонлардан саломат. Шунингдек, тинчлик, хотиржамлик ва роҳат берувчи дегани. Аллоҳ “Салом” сифати ила бандаларга тинчлик, омонлик, хотиржамлик ато қилади.

Биз, мусулмонларни бир-бирларига “Ассаламу алайкум”, деб муҳаббатли бўлишни ўргатган ҳабибимиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи ва саллам шундай деганлар:

«لا تَدْخُلُوا الْجَنَّةَ حَتَّى تُؤْمِنُوا، وَلا تُؤْمِنُوا حَتَّى تَحَابُّوا، أَلا أَدُلُّكُمْ عَلَى شَيْءٍ إِذَا فَعَلْتُمُوهُ تَحَابَبْتُمْ، أَفْشُوا السَّلامَ بَيْنَكُمْ»

(رَوَاهُ الْإمَامُ مُسْلِمٌ عَنْ أَبِيْ هُرَيْرَةَ رضي الله عنه)

яъни: “Мўмин бўлмагунингизча жаннатга кирмайсиз. Ўзаро муҳаббат қилмагунингизча, мўмин бўлмассиз. Ўзаро муҳаббат қилишингизга сабаб бўладиган нарсага далолат қилайми? Орангизда саломни ёйинг!” – дедилар (Имом Муслим ривояти).

  Демак, инсонлар бир-бирларига ўзаро муҳаббатда, яхшиликда бўлиб муомала қилишлари, уларнинг жаннатга киришлари учун бир йўл экан.

Аллоҳ таолонинг яна бир гўзал исмларидан бири – “Мўъмин”, яъни иймон ва омонликни берувчи. Аллоҳ таоло кимгаки иймон ато этган экан, демак, у инсонга омонлик берибди.

Биз глобаллашган жамиятда яшар эканмиз, ҳар куни дунёнинг турли жойларида бўлаётган воқеа ва ҳодисалардан хабардор бўлиб яшашимиз давр талабидир. Алҳамдулиллаҳ, ватанимиз тинч, осмонимиз мусаффо, фарзандларимиз оила даврасида, бехавотир ўқишга, ишга, бошқа ҳожатларимизга бориб келамиз. Ейишга таомимиз, ичишга турли туман ичимликлар бисёр. Лекин атрофга теран кўз билан боқадиган бўлсак, яқин ва узоқ атрофимиздаги кўпгина давлатларда бўлаётган урушлар, касалликлар, очарчиликлар, бошпанасиз инсонлар, юпун кийинган ва болалигидан мосуво бўлган ёш болалар, еб-ичишга озуқаси йўқ очлар, бир парча ерга зор бўлган қочқинлар, касалликдан ўлаётган одамлар…

Дарҳақиқат, инсон хавф-хатарга, касалликка, балога, қийинчиликка йўлиқмагунича Аллоҳ берган неъматларини қадрига етмаслиги мумкин. Тинчлик неъматини уруш бўлаётган жойдаги одамлардан сўранг, саломатлик неъматини касал бўлган беморлардан сўранг, омонлик неъматини хавф-хатарга дучор бўлганлардан соранг… Ислом тинчлик, омонлик, хотиржамлик, саломатлик динидир, унда бировга зулм қилиш йўқ, ноҳақ қон тўкиш йўқ, инсонни шаънини ерга уриш йўқ, ислом яхшилик қилиш, Аллоҳга бўйсуниш динидир!

Аллоҳ таоло Қуръони каримнинг Баййина сураси, 7-оятида “Албатта, имон келтирган ва солиҳ амалларни қилган зотлар – айнан ўшалар халойиқнинг энг яхшисидирлар”, деб инсонларнинг энг яхшилари кимлар эканлигини биз бандаларга баён қилган. Демак, инсониятнинг энг яхшиси бўлишни хоҳласак, иймон келтириб, солиҳ амалларни қилишимиз керак экан.

Аллоҳ инсонга ақл, тафаккур неъматларини берган. Аллоҳнинг бизга берган, санасак адоғига етолмайдиган неъматлари сон-саноқсиз, бу неъматларни ғанимат билиб, асраб-авайлаб, қадрлаб, илм олиб, амал қилиб, келажак авлодни тўғри тарбиялаб, ватанимиз ривожига ўз ҳиссамизни қўшиб, турли ёт оқимларга алданмасдан, исломда собитқадам бўлиб, Аллоҳнинг ризосига эришишимизни  Аллоҳ барчамизга насиб этсин! Ўзига мунтазам шукр қилувчи муқарраб бандаларидан қилсин, амин!

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус

ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Зухра Ходжимуратова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*