Маҳмудхўжа Беҳбудий ва маориф соҳасидаги ислоҳотлар ёхуд маърифат излаб…

                                                               Золимлар тиғидан сўнг қадар омон,

                                                                Беҳбудий тамали барҳаёт ҳамон.

                                                                Маърифат боғини этган гулистон,

                                                                Ошиб борар қадри, ўтсада замон.

“Маърифат учун биргина мактаб кифоя қилмайди. Замон ва дунё воқеалари билан танишиб бормоқ керак. Миллат ва Ватаннинг аҳволидан, кундалик ҳаётидан огоҳ бўлмоқ лозим. Миллат учун ойна керак, токи ундан ўз қабоҳатини ҳам малоҳатини ҳам кўра олсин”[1].

 Ҳақиқатдан ҳам ҳар бир замон учун ниҳоятда долзарб бўлган мавзу. Бундай буюк ва қалбларга қадар кириб борадиган, ўйлантирадиган ва ҳаракатга ундайдиган сўзларни айтган маърифатпарвар шахс, халқ виждони бўлган Маҳмудхўжа Беҳбудий нақадар тўғри айтганлар. Ҳаёт чархпалаги айланар экан, ундан фақат маърифатгина зилол сув каби чанқоқни қондирадиган заминга ҳаёт бахш этишини замон тақдирида кўрдик, билдик.

Хўш, умрини ана шу таназзулдан чиқармоқ йўлида жонкуяр бу замон қаҳрамони ҳақида қанчалик биламиз? “Муфти Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратлари ким эди? Бу саволга жавоб бермак учун газета саҳифалари эмас, жилдларча китоб ёзмоқ керак бўладур”, деб ёзган эди маърифатпарварнинг сафдошларидан бири Садриддин Айний. Дарҳақиқат, Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларини ўрганиш асносида бу гапнинг ҳақиқатлигини англадик. У тарихимизнинг ғоят оғир ва мураккаб бир даврида яшади. ХVI асрдан бошланган инқироз ва турғунлик, ўзаро жанжал, маҳаллий уруғчилик низолари миллатни ҳолдан тойдирган, имкондан фойдаланиб ўлкани забт этган Россия зўр бериб, уни турғун ва тутқун сақлашга уринарди. Мана шундай бир шароитда Ватанни бутунлай йўқ бўлиш хавфидан сақлаб қолиш, авлодларни эрк ва озодлик, мустақиллик руҳида тарбиялаш, маърифат ва тараққиѐтта бошлаш жадидлар номи билан тарихга кирган Беҳбудий бошлиқ фидойилар зиммасига тушди. Мана шу зарурат Беҳбудийни театр ва матбуотга бошлади. “Падаркуш” драмаси шу тариқа майдонга келди. Бироқ унинг юзага чиқиши осон кечмади. “Падаркуш” драмаси 1913 йилдагина босилиб чиқади. Китоб жилдига “Бородино жанги ва Россиянинг французлар босқинидан халос бўлишининг юбилей санасига бағишланади” деган ѐзув билан Тифлис цензурасидан рухсат олинади. Босилиб чиққандан кейин ҳам саҳнага қўйиш учун яқин бир йил вақт кетади. Шунга қарамай, Маҳмудхўжа  жаноблари таслим бўлмадилар. Замоннинг ҳолидан куйиндилар ва ҳақиқатни шундай баралла айтдилар: “Бошка миллатнинг ёш болалари мактабда, лекин бизники ҳаммолликда ва гадойликда. Бошқа миллат уламосига тобеъ экан, бизни уламо билъакс авомга тобеъдур. Бунинг охири харобдур. Йигирма, ўттиз сана сўнгра яна ёмонроқ бўлур, мусулмонлик, илм ва одоб ила қоим. Миллат ахлоқи, фазл ва ҳунар ила боқий қолур”[2]. Бу гўёки бир башорат бўлиб, минг афсуски, йиллар ўтиб авомнинг маърифати ҳақиқатда ёмонлашди. Лекин Маҳмудхўжа Беҳбудий бошлаб берган йўл дастурул амал бўлиб қолаверди.

Шунингдек, Маҳмудхўжа Беҳбудий миллатни тил ўрганишга тарғиб қилиб шундай дейдилар: “Хулоса, бугун бизларга тўрт тилга таҳрир ва тақрир этгувчилар керак, яъни арабий, русий, туркий ва форсий. Арабий тил дин учун на даража лозим бўлса, русий ҳам тириклик ва дунё учун лозимдур. Ҳадиси шарифдан маълум бўладурки, жаноби пайғамбар ўз саҳобаларидан Зайд бин Собит(ға) яҳудий хатини ўқуб-ўрганмоқға буюрган эканлар. Ва ул жаноб Умар ҳазрат нубувват паноҳи ила яҳудий хатини ўрганиб ҳазрат пайғамбарға яҳудийлардан келатургон хатларни ўқуб берар эканлар (Саҳиҳи Бухорий, жуз 4, саҳифа 156). Ҳолбуки, ул зоти бобарокот пайғамбаримиз қуввати ҳокима эгаси эдилар. Яҳудийлар маҳкум ва тобеъ эди. Ал-он Русия ҳоким, бизлар анга тобеъ ва ўз тириклигимиз учун алар хатини билмоқ зарур ва ҳадиси шариф далолатинча дурустлигиға жойи инкор бўлмаса керакдур”[3].

Бундан шуни таъкидлаш лозимки, ҳозирда биз учун долзарб бўлган фикрларни ўша вақтда далил исботи ила ёритиб берган бу элпарвар шахснинг илми нақадар юксаклиги, ҳам диний ҳам дунёвий салоҳиятнинг давлат сиёсатидаги аҳамиятини ёритганлиги эътирофга сазовордир.

 Ҳазратнинг ушбу сўзлари эса сиёсий таҳлил қилиш қобилиятларининг исботидир: “Тараққий қилгувчи миллатларнинг уламоси замондин бохабар бўлиб, ўз миллатининг “масолиха замонийя”си учун саъй этар, миллатни пешрафтиға оқча ила, ғайрат ила иона қилмоқни миллат бойларига таклиф этар, ташвиқ ва тахрис этар”[4]. Бу жумлаларда қўлланилган “масолиҳа замония” яъни “яхши ишлар қилинадиган замон” ёки саъй, иона каби сўзларни ўз ўрнида қўллаганлари нақадар балоғатли ва фасоҳатли эканликларининг ёрқин далилидир

         Беҳбудийнинг ҳаёт йўли, асарлари, айтган фикрлари билан яқиндан танишар эканмиз, қалбан жумбушга келамиз. Англаймизки, бу шахсиятни яқиндан ўрганиш ва ўргатиш керак. Айни жар ёқасида турган замонамизга малҳам бўладиган, амал қилишга арзигулик бизнинг баъзи бир жаҳолатларимизга қарши шифо бўлишига ҳеч қандай шубҳа йўқдир. Бизга ана шундай маърифатпарварлар камлик қиляптимикан. Ҳозир бизнинг дардимиз нима? Ахир пастга қулаб кетяпмизу, ўзимизни осмондамиз деб жар солмаяпмизми? Худди мудроқ тутгандек ҳақиқатни англай олмаяпмиз. Бошқа тилларни ўрганиш тугул ўз тилимизни йўқотиб қўймаяпмизми? Оғриқли нуқталар жуда кўп.

Хулоса қилиб шундай дейиш мумкинки, биз албатта таълим жараёнида Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳазратларини яқиндан ўрганишимиз, фикрларини, тажрибаларини амалда қўллашимиз зарур. Чунки ҳам дунёвий, ҳам диний масалалар инсон ҳаётининг узвий бўлагидир. Бу зот эса шу иккисини ажратмаган ҳолда мантиқан асосга эга фикрларни ҳаётий тилда ифодалаб берди. Буларни билиб ўрганиш эса, ўз самарасини бермасдан қўймайди, албатта. Ойнага назар солиш вақти келди. Ундан қабоҳат эмас, балки малоҳатнинг аксини кўриш насиб этсин.

 

Фойдаланилган адабиётлар

  1. Ҳалим Саидов. Асл фарзанд. 2014-йил 22-январ. “Маърифат” газетасидан олинди.
  2. Иброҳим Ғафуров Маҳмудхўжа Беҳбудий ҳақида икки бадиа. 2019-йил.
  3. “Самарқанд” газетаси. 1913 йил, 30 июл.
  4. “Ойна” журнали, 1913 йил, 1-сон, 12—14-бетлар.
  5. “Самарқанд” газетаси. 1913 йил, 30 июл.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

4-курс талабаси Г.Мирзаева

[1] “Маърифат” газетасидан олинди.

[2] “Самарқанд” газетаси 1913 йил 30 июл

[3] “Ойна” журнали, 1913 йил, 1-сон, 12—14-бетлар.

[4] “Самарқанд” газетаси 1913 йил 30 июл

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*