Шахс темпераменти кўринишлари ва тавсифи

Темперамент ҳақида гапирар эканмиз, бизнинг ҳалқимизда бу тушунча кишининг “мижози” маъносида тушунилади. Абу Али Ибн Сино ҳам ўз беморларини даволаш давомида касалларнинг “иссиқ ёки совуқ мижоз” эканлигига эътибор берган. Иссиқ мижоз кишиларга, совуқ мижоз кишиларга қўлланган даволаш усуллари тўғри келмаган.

Ҳозирда замонда эса киши руҳияти, характери, унинг хусусиятлари илмий равишда ўрганилиб, уларни тушуниш, ҳаётда улардан унумли фойдаланиш йўллари ўрганилган. Шахс олий нерв системасининг тезлиги, динамикасини, жадаллигини айрим жиҳатларининг белгилаб берувчи хусусият бу темпераментдир.

Темперамент сўзи лотинча сўз бўлиб, “доимий таркибий қисмлар қоришмаси” маъносини билдиради. Психологияда эса юқорида айтиб ўтганимиздек, шахс психикасининг динамикаси, тезлиги ва жадаллиги, ҳамда қўзғалиш ва тормозланиш жараёнларининг тезлиги, алмашиниш жараёнларининг кўринишидир. Шу ўринда айтиб ўтиш керакки, шахс психикасининг динамикаси фақатгина темпераментга боғлиқ бўлмайди, балки шахс характерининг ўзига хос хусусиятларига, интеллектуал қобилиятларига ҳам боғлиқдир.

Шахснинг хавотирчанлиги, таъсирчанлиги ва ташқи муҳитга мослашувчанлигини ҳам асосан темпераменти турига боғлиқ бўлади. Шахс темпераменти олий нерв системасининг  хусусиятларига кўра, 4 хил тип темпераментга бўлинади. Яна бошқа типлари ҳам мавжуд бўлиб биз асосан шу 4та тури ҳақида тўхталамиз. Булар сангвиник, холерик, флегматик, меланхоликдир. Шуни таъкидлаш лозимки, тоза сангвиник, холерик, флегматик, меланхолик типлари жуда кам учрайди. Шу типларнинг аралашмаси, ёки кўпроқ хослиги бўлиши мумкин. Болалар тарбиясида, ўзаро оилавий муносабатларда, жамоаларда ушбу типларнинг таснифини яхши билиш керакли натижаларга эришишга ёрдам беради. Ишларни тақсимлашда, таълим жараёнида, оилада темперамент типларига аҳамият бериш керак. Масалан сангвиник бажара оладиган юмуш, флегматикда қийинчилик туғдириш мумкин. Меланхолик қила олмайдиган иш, холерик учун ҳеч қандай  оғирлик қилмайди.

1.Сангвиник – кучли, ҳаракатчан, яхши феълли, кўнгилчан, самимий типдир. Нерв системасининг тезда қўзғалувчанлиги, тезда тормозланиш хусусиятига эгадир. Сангвиниклар ҳаётга қизиқувчан, кришимли, куюнчак, яхши суҳбатдошдир. Улар ҳаётий қийинчиликка дуч келганда, қайғу-ҳасратда қолмайдилар, янги шароитга яхши мослашадилар, ҳар қандай жамоада етакчи ўринни эгаллашга, лидер бўлишга ҳаракат қиладилар. Ҳамманинг кўз унгида бўлишни, атрофдагилар уларни тан олишларини ҳоҳлашади.

Сангвиниклар ишда, дўстлашишда кишилар билан муносабатда муваффақиятга тезда эришадилар. Шундай бўлсада, атрофдагиларни ва воқеа-ҳодисаларни қўпинча юзаки қабул қилганликлари, учун шахслараро муносабатларда муаммолар келтириб чиқариши мумкин. Уларнинг ҳис-туйғулари, эмоционал кечинмалари ёрқин, аммо муқим бўлмайди. Диққатни, муқим ўтиришни талаб қиладиган юмушларни узоқ бажара олмайди. Сангвиниклар ўзи яхши кўрган вазифани аъло даражада бажаради. Агарда қўйилган вазифа уларнинг қизиқиўларига тўғри келмаса, ишлагилари келмай қолади. Стресс ҳолатларда ўзларини йўқотмайдилар. Балки бор имкониятларини муаммони бартараф қилишга сафарбар қилишади.

2.Флегматик – бу тип кучли, сусткаш, вазминдир. Шартли рефлекслари секин шаклланади, аммо жуда барқарор бўлади. Нерв системаси секин қўзғалиб, секин тормозланади. Бундай типдаги шахс пассив, эҳтиёткор ва мулаҳазакордир. Шу билан бирга тинчликсевар ва инсоний. Флегматик ҳис-туйғуларга берилмайди, бундай шахсларга ишониш мумкин. Муносабатларда барқарор, ўзгаришларга берилувчан эмас. Муносабатларга секин киришади. Янги муҳитга секин мослашади. Мулоқатчан эмас. Кучли ирода, ўзини ҳар қандай ҳолатларда тута олади, юқори ишчанликка эга, аммо суст ҳаракат қилади. Ташқи таъсирларга берилувчан эмас, узоқ муддатли салбий таъсирларга қаршилик кўрсата олади. Флегматикка хос бўлган совуққонлик, айрим ҳолларда атрофдагиларга, бажараётган ишига нисбатан лоқайдликни келтириб чиқариши мумкин. Узоқ муддат диққатни, муқимликни талаб қиладига вазифаларни яхши уддалайди. Тез ҳаракат қилиш ва тез қарор қабул қилиш керак бўлган вазифаларни бажариш қийинчилик туғдиради.

3.Холерик – кучли, ўта ҳаракатчан ва салга ловуллаб кетадиган, жаҳлдор тип. Қўзғалиш жараёни тормозланиш жараёнидан баланд. Агрессив, безовталикка тез берилувчандир. Хурсандчилик кайфияти тезда тушкунликка ўзгарувчандир. Шунингдек оптимист, кайфияти тез ўзгарадиган, тезда хафа бўладиган, ташқи таъсирларга тез берилувчан типдир. Тезда одамлар билан мулоқот ўрната олади, аммо феълидаги қизиққонлиги  одамлар билан муносабатига ҳалақит беради. Яна кучли қувват эгаси, қизғин, бақироқ, сабрсиз. Холерик мимикаларнинг жонлилиги билан фарқ қилади. Овозининг баланд ва нутқи тез бўлади. Жисмонан тез ҳаракат қилади. Спортнинг кучни ва тезликни талаб қиладиган турларига холерик темпераментига эга бўлган шахслар жалб қилинади. Умуман бир жойда ўтиришни, диққатни талаба қиладиган вазифаларга тўғри келишмайди. Стресс ҳолатларда ўзларини йўқотмайдилар. Балки сангвиникга ўхшаб, бор кучларини сафарбар қилаолишади. Ўзаро муносабатлар давомийлик етарлича бўлмаслиги мумкин.

4.Меланхолик – бўш, ташқи таъсирларга ўта берилувчан, беқарор тип. Тушкунликка тез берилувчан, хавотирлилик ва хаёлпарастликка берилувчандир. Оғир, вазмин, мулоҳазакор. Мулоқотчанлиги паст, киришимли эмас. Ҳис-туйғуларга берилувчан, тез хафа бўлиб қолади. Ташқи таъсирларга паст даражада қаршилик кўрсатади. Сусткаш, уятчан. Шундай бўлсада, меланхоликларнинг ички дунёси жуда кенг бўлади, ассоциатив фикрлаши яхши ривожланган бўлади. Меланхолик мимикаларининг пастлиги, янги муҳитга қийинчилик билан мослашиши билан фарқланади. Вазифаларга жалб қилаётганда керакли шарт-шароитларни яратганда, узоқ ўтирадиган, диққатни талаб қиладиган ишларни яхши уддалашади.

Мана юқорида келтирилган темперамент типларини билиб олинса, айниқса болалар тарбиясида асқотади. Шуни айтиш лозимки, бир оила аъзолари ҳар хил тип темпераментига эга бўлишлари мумкиндир. Ота-оналарининг типи сангвиник бўлиб, флегматик фарзанд бўлиши мумкиндир. Шунда ота-онага фарзанди эътиборсиздек, уларни гапларини назарга илмаётгандек кўриниши мумкин. Шунда фарзанднинг психикасининг динамикаси, тезлиги, ҳаракатига қараб унинг қайси типга мансублигини билиб олинса, уларга таъсир қилиш, тарбия имконияти ошади. Ёки ота ёки она флегматик, фарзанд эса холерик темпераментига эгадир. Шунда фарзанд худди ўта қулоқсиздек, қайсар, ўзбошимча бўлиб кўриниши мумкин. Фарзанднинг темпераменти типини била олиш уларни керакли машғулотларга машғул қилиш, уларнинг имкониятлари ва потенциалларидан унумли фойдаланишга, келажакда характеридаги салбий бўлиб кўринган томонларини ижобий томонга ўзгартириш имкониятини беради.

Пайғамбаримиз солаллаҳу алайҳи вассаломнинг феъллари бизга энг ўрнак бўладиган, психологик характеристика жиҳатидан энг мақбул характердир. Уларнинг ўзларини энг қийин пайтларда ҳам вазминлик билан қарор қабул қилишлари, ўрни келганда ғазабларини ҳам билдира олганлари, ўта гўзал муомалалари, тарбиянинг энг юқори чўққисидаги феълларининг кўринишлари биз инсонларга ўрнак, олимларга битмас-туганмас илм манбасидир.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

 ўқув ишлари бўйича директор

ўринбосари в.б. Вахидова Муаттар

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*