КОНСТИТУТЦИЯ ВА ҚОНУНЛАР ИНСОН ҲУҚУҚЛАРИ ВА УНИНГ МАНФААТЛАРИ УЧУН

Конститутция ва қонунлар, шаръий буйруқ ва қайтариқлар барчаси инсонларнинг манфаатлари учун хизмат қилади. Зоҳиран қараганда қандайдир чекловлар, буйруқ ва мажбуриятлар оғир туюлиши мумкин, лекин буларнинг ортида ҳам жамиятнинг фойдаси кўзланган бўлади.  Оддий бир мисол келтирадиган бўлсак, серқатнов йўлларда, чорраҳаларда светафорларни кўрамиз. Қизил чироққа дуч келиш ҳеч кимни қувонтирмаса керак. Лекин светафорнинг бироз муддатга бузилганига гувоҳ бўлганимизда вазият аянчли ҳолга келганини англаймиз. Ўзбекистон Республикасининг қонунларида ҳам Ислом шариатининг  қоидаларида ўзбошимчаликка, ҳар ким хоҳлаган ишини қила олишига рухсат берилмайди. Ҳар бир инсон ўзиниг ҳуқуқлари билан бирга мажбуриятларига ҳам эгадир. Буларнинг иккисига ҳам биргаликда амал қилинса кутилган натижага эришилади, жамият фаровон, турмушимиз гўзал бўлади.

“Ҳуқуқ” ва “қонун” тушунчалари “давлат”, “ҳокимият” каби тушунчаларга яқин тушунчалар бўлиб, инсоният босиб ўтган тарихий тараққиёт тажрибаси уларнинг узвий боғлиқлигини кўрсатди.

“Ҳуқуқ” – ғайриинсоний истак ва майлларни чеклаш, ўзбошимчалик ва зўравонликка бўлган норозилик белгиси, уларга қарши кураш зарурияти туфайли вужудга келди ва яшамоқда. Ҳуқуқ ижтимоий норма бўлиб, инсон яшаётган жамият, давлат доирасидаги унинг ҳатти-ҳаракатининг меъёри, чегарасининг характерини белгилаб беради.

Ҳуқуқ жамият аъзоларининг эркинликларини рўёбга чиқаришнинг муҳим шартидир. Ҳар қандай мустақил давлатда халқнинг эркин яшаши, фаровон турмуш кўриши, ҳоҳиш – иродасининг амалга оширлиши, эзгу мақсад ниятлари ҳуқуқий жиҳатдан кафолатланиши лозим. Эркинлик, фаровон ҳаёт ҳуқуқда ўз ифодасини топса, тартиб – интизом, одамлар орасидагаи мувозанат ва уйғунликни қонун таъминлаб, расмийлаштиради.

Цицерон айтганидек, “инсон кўпроқ эркин фаолият кўрсатиши учун қонунларнинг қули бўлмоғи даркор”.

Қонун – маълум бир кишига қаратилмаган, якка шахснинг фикр-мулоҳазаси ёки истак-ҳоҳишига боғлиқ бўлмаган лекин барча томонидан эътироф этилган хуқуқий қоидалар ёки таърифлардир.

Қонун – объектив олам нарса ва ҳодисалари ўртасидаги алоқадорликнинг шакли, бирор бир нарсанинг зарурий равишда пайдо бўлишини ифодаловчи категориянинг “зарурий мавжудлик қоидаси” шунингдек, инсоннинг жамиятдаги ҳатти- ҳаракатларини белгилаб берувчи йўл- йўриқ, қоидалар йиғинидисидир. Ҳар қандай қонун маълум шароитларда заруриятнинг ифодасидир. Қонунларнинг мукаммаллиги ва уларга барчанинг тўла риоя қилиши инсонларнинг маънавий даражаси билан белгиланади. Шуни алоҳида таъкидлаш лозимки, юқоридан туриб қабул қилинган қонунлар фукароларнинг маънавий салоҳияти ва сиёсий онги даражасидагина амал қилади. Тарих тажрибаси шундан далолат берадики, қонунсиз ҳеч қаерда, ҳеч қайси жамият ва давлатда, ҳеч қайси инсон ҳаётида тартиб- интизом бўлмайди.

Қонун олдида барча тенгдир. Қаерда қонунларга итоат қилинмас экан, у ерда адолат бузилади, зўравонлик, зиддиятлар вужудга келади ва охир оқибатда жамият маънавий қашшоқлашади, парокандаликка учрайди.

Қонунларни билиш, уларга тўла риоя этиш, хуқуқий саводхонлик ва хуқуқий маданиятга эга бўлиш ҳар бир шахснинг юксак маънавий фазилатидир. Бундай фуқаролардан ташкил топган жамият эса маънавий тараққиётга замин бўла олади.

    Қонунлар инсон турмуш тарзининг айрим жабҳасига тааллуқли ўзига хос, махсус ёки барча соҳаларга тааллуқли, умумий бўлиши мумкин. Асосий қонунлар мажмуаси бу Конституциядир. Қабул қилинган меъёрий конунлар Конституция талабларига мос бўлгандагина хуқуқий кучга эга бўлади, барча қарорлар ҳам қонун доирасида бўлиши шартдир. Қонун устуворлиги ва ҳуқуқий саводхонлик демократик давлат қуришнинг асосларидандир. Буюк бобомиз Амир Темурнинг “Куч – адолатда” деган сўзи негизида хуқуқий демократик давлатнинг ҳам, фуқаролик жамиятининг ҳам айрим белгилари, ғоят инсонпарварлик мазмуни ва инсоннинг онгли ҳаёти шаклланган даврдан бошлаб, унинг эрк-иродасини, ҳоҳиш-истагини белгилайдиган мезон бўлиб келмоқда.

Ўзбекистон Республикасининг асосий қомуси ҳисобланган Конститутциямизда барча инсонларнинг манфаатлари кўзлаган. Ҳозирги ва келажак авлодлар олдидаги юксак масъулият ҳисобга олинган, ўзбек давлатчилиги ривожининг тарихий тажрибасига таянилган, демократия ва ижтимоий адолатга садоқат намоён қилинган. Халқаро ҳуқуқнинг умум эътироф этилган қоидалари устунлигини тан олган ҳолда, республика фуқароларининг муносиб ҳаёт кечиришларини таъминлашга интилинган. Инсонпарвар демократик ҳуқуқий давлат барпо этишни кўзланган, фуқаролар тинчлиги ва миллий тотувлигини таъминлаш мақсадида илгари сурилган.

Мустақил Ўзбекистонимизнинг Конститутцияси бутун дунё Конститутцияларидан ўзининг адолати, миллий қадриятлар ва маънавиятимизга, муқаддас динимиз ислом қоидаларига ҳам мувофиқ келиши билан ажралиб туради. Бизнинг диёримиз қонун қоидаларида инсон ҳуқуқ ва эркинлиги деб, миллийлигимизга, динимизга тўғри келмайдиган нарсаларга, ҳатти ҳаракатларга ҳам рухсат бериб юборилмаган. Кўнглига келган ишни қилаверишга қонунларимиз йўл қўймайди. Зоҳиран қараганда ҳеч кимга зарар қилмаётгандек, жиноят қилмаётгандек кўринса-да, аслида ёшларимизга, халқимизга ёмон ўрнак бўлиши мумкин бўлган, тарбиясига таъсир қиладиган ишларга, Европада инсон ҳуқуқлари ичига киритилган бизнинг менталитетимизга мутлақо зид келадиган ишларга давлатимиз қонунлари асло йўл қўймайди.

Шу ўринда халқимзнинг қон-қонига сингиб кетган, маънавиятимиз ва қадриятларимизнинг асоси бўлган, буюк аждодларимизнинг ўзларининг битмас туганмас илмий ва маънавий мерослари билан дунёга танилишига сабаб бўлган муқаддас динимизнинг қонунлари ҳақида сўз юритмоқчимиз. Ислом динининг асосий мақсадлари билан Ўзбекистон Республикаси Конститутциясининг мақсад ғоялари бир бирига жуда мувофиқ келади.

Ислом динининг таълимотлари, қонун қоидалари ва амалларидан бешта бош мақсад кўзда тутилган:

  1. Инсон ҳаётини муҳофаза қилиш мақсади.

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун ислом қонунларида одам ўлдириш ҳаром қилинган, одам ўлдиргандан қасос олиш жорий қилинган

  1. Инсон ақлини муҳофаза қилиш мақсади.

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун, шариат ароқ ичишни ҳаром қилган, гиёҳванд моддалар истеъмолини таъқиқлаган.

  1. Инсон динини муҳофаза қилиш мақсади.

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун, шариат динни муҳофаза қилишга оид ҳукмларни жорий қилган.

  1. Инсон наслини муҳофаза қилиш мақсади.

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун шариат зинони ҳаром қилган. Никоҳ ҳукмларини жорий қилган, оилани сақлашга тарғиб қилган.

  1. Инсон молу мулкини муҳофаза қилиш.

Бу мақсадни рўёбга чиқариш учун, шариат бировнинг молини ўзлаштириб олишнинг барча турларини ҳаром қилган ва бундай ишларни қилганларни жазолаш ҳукмини жорий қилган.

Юқорида муқаддас динимизнинг асл мақсадлари ва қоидаларини санаб ўтдик. Эътибор билан қарайдиган бўлсак, давлатимиз Конститутцияси ва қонунлари ҳам ушбу қоидаларнинг мазмунини ўз ичига олган. Инсонларнинг ҳаётларини, ақлларини, динларини, наслу-насабларини ва молу-мулкларини ҳимоя қилишни ўз зиммасига олган. 2017 йил “Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари” деб номланиши ҳам фикримизнинг ёрқин далили. Жорий йилда Ўзбекистон Республикасининг миллионлаб фуқаролари ўз муаммоларига ечим топдилар. Халқимизнинг турмуш шароити янада яхшиланди ва яхшиланишда давом этмоқди. Юртимизнинг ривожланиши учун, фуқароларнинг манфаатларини кўзлаган ҳолда ҳаракатлар стратегияси ишлаб чиқилди. Қонун устуворлиги ҳар доим юртимиз ва ҳалқимизнинг манфаатлариини рўёбга чиқаради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

 катта ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*