ПАЙПОҚ – МАХСИМИ ?!

Ислом шариатида инсонга унинг гўзал ҳаёти, пок турмуш тарзи, осуда тирикчилиги учун бир қанча енгилликлар берилганини кўриш мумкин. Бу    ибодатларни беками кўст бажаришдаги енгилликлар мисолида кўриш мумкин. Мисол учун бир неча жисмоний ҳаракатлардан иборат намоз амалига ожизлик қилган мусулмонга уни ўтириб ёки ётиб ўқишликка изн берилгани ёки зарурат юзасидан таҳорат қилишдан ожизлик қилган одамга таяммум қилишга рухсат берилгани ёҳуд жуда совуқ кунларда махси кийиш ва унга масҳ тортиш орқали таҳоратни мукаммал қилиш имконияти берилганини айтиш мумкин.

Муҳим шаръий ҳукмлардан бири бу масҳ масаласидир. Масҳ сўзи луғатда, «бирон нарсага қўл билан сийпамоқ», «суртмоқ» деган маъноларни англатади. Шаръан, масҳ муайян талабларга амал қилган ҳолда оёқ кийимга бармоқларни суртишга айтилади. Масҳ махсус макон (оёқ кийимнинг устки қисми чармдан бўлиши, ичи эмас), махсус вақт (муқим одамга масҳнинг муддати 1 кеча кундуз, мусофирга 3 кеча кундуз) ва махсус ҳолат (маҳси тоза, пок ва таҳоратли одам оёғига кияди)ни талаб қилади.  Масҳ тортиш суннат билан собит бўлган. Бу масаладаги ҳадислар мутавотир даражасидадир. Саксондан ошиқ саҳобалар масҳга оид ҳадисларни ривоят қилишган. Улар орасида Жаннат башорати берилган саҳобалар ҳам бордир.

عن همام النخعى  رضى الله عنه قال: بال جرير بن عبد الله ثم توضأ ومسح على خفيه فقيل : تفعل هذا وقد بلت قال : هى رأيت  رسول الله صلى الله عليه وسلم بال ثم توضأ ومسح على خفيه . متفق عليه

Ҳумом ан – Нахаий айтдилар: Жарир ибн Абдуллоҳ бавл қилиб, таҳорат олдилар ва икки махсиларига масҳ тортдилар. Айтилдики: бавл қилиб, бу нима қилганингиз. У киши: мен Расулуллоҳ с.а.в.нинг бавл қилиб, таҳорат олганларидан кейин маҳсиларига масҳ тортганларини кўрдим – дедилар[1].

Масҳ қилиш фарзи оёқ тўпиғи томон уч бармоқни суртиш ҳисобланади.  Уни амалга ошириш тартибини тавсифловчи ҳадисга мувофиқ,  Муғира (р.а.): “Мен Расулуллоҳ  (с.а.в.)ни маҳсилари устига масҳ тортганларини кўрдим”, деб айтдилар.

عن المغيرة رضى الله عنه قال: رأيت رسول الله صلى الله عليه وسلم يمسح على ظاهر الخفين .  رواه الترمذى

Масҳ тортилиши учун оёқ кийим тўпиқни ёпадиган, сув ўтказмайдиган бўлиши ва сафарга чидамли бўлсагина жоиз деб олинади.

Ҳанафий мазҳаби доирасида масҳ қилиш учун қўйидаги шартларга амал қилиш даркор:

  1. Таҳоратли одамгина махси кия олади;
  2. Тўпиқ ва ундан тепаси ёпиқ бўлиши керак;
  3. У билан кўп юришга яроқли бўлиши керак;
  4. Тешикларни чегараси; (яъни оёқнинг кичик бармоқлари билан ҳисоблаганда учта бармоқ миқдоридаги тешик бўлмаслиги)
  5. Махси кийилганда тепа қисми боғланмасада текис тура оладиган бўлиши керак;

Шунингдек:

  • Оёқ кийим табиий чармдан бўлиши (шариатга мувофиқ чўчқа ва одам теридан бўлиши мумкин эмас. Шунингдек, каноп, жун ва пахтадан тўқилган оёқ кийимлар махси вазифасини бажармайди);
  • Тешиклар бўлмаслиги (икки жимжилоқ даражасидаги тешиккача мумкин, лекин махсида учинчи тешикнинг пайдо бўлиши маҳсини яроқсиз қилади);
  • Махси сув ўтказмаслиги керак (пийма каби кўчада юришга чидамли оёқ кийим бўлиши ҳам мумкин). Айрим фиқҳий манбаларда 5544 метр ёки 4000 қадам юришга чидамли бўлиши кераклиги келтирилган;
  • Ҳеч бўлмаганда энг ости табиий чармдан бўлишлиги;
  • Шиша, ёғоч ёки темирдан ясалган оёқ кийимлар маҳси бўла олмайди;
  • Махсига сув тўкилганда тезда шимиладиган бўлмаслиги керак;
  • Махси кияётган одамнинг бармоқлари бўлмаса, оёқнинг усти қисмининг уч бармоқ миқдори қисми бўлиши керак.

Масҳни таҳоратни бузувчи амаллар, муддатнинг ўтиши ва товоннинг кўпроғининг чикиб кетиши бузади.  Охирги иккитасида фақат икки оёқни ювиб олиш вожиб бўлади.

         Юқорида таъкидланганидек, шариат талабларига кўра, масҳ қилиш мумкин бўлган махси жун ёки пахта толаларидан тўқилган бўлмаслиги керак. Биз кундалик киядиган пайпоқларимиз пахта толаларидан тўқилгани сабабли у маҳси вазифасини бажара олмайди. Бугунги кунда махсус жавробларга маҳсининг шаръий шартларига жавоб бергани сабабли ундан фойдаланиш жоиз деб топилди.

 

«Хадичаи Кубро» аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим

муассасаси «Фиқҳ» фани ўқитувчиси, 

PhD  Нозима Ибрагимова    

[1] Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуф. Кифоя. – Ж. 1. –Т.: Шарқ, 2008. – Б. 143.

ا.د.وهبة الزحيلى . الفقه الاسلامى و ادلته. الجزء الاول. – دمشق: دار الفكر 2017/ 1438

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*