Неъматлар қадри – диний ислоҳотлар мисолида

Кўп асрлик миллий ва диний қадриятларимизни асраб-авайлаш, дунё илм-фани ва маданияти ривожига улкан ҳисса қўшган аждодларимизнинг бебаҳо меросини ўрганиш, унинг асосида ёшларни комил инсон этиб тарбиялаш жамиятда барқарор ижтимоий-маънавий муҳитни таъминлашнинг муҳим шартларидан бири ҳисобланади. Сўнгги йилларда мамлакатимизда ташкил этилган Ислом цивилизацияси маркази, Ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилмоқда.

 Диний-маърифий соҳада амалга оширилган мазкур ислоҳотлар бой илмий-тарихий меросимизни ўрганиш ва тарғиб қилишга хизмат қилиш билан бирга неча асрлардан бери ислом динига эътиқод қилиб келаётган халқимизнинг диний маърифатини янада юксалтиришда катта аҳамиятга эга. Шу билан бирга, дунёда рўй бераётган воқеа-ҳодисалар ва ижтимоий-сиёсий вазиятнинг таҳлили диний-маърифий соҳадаги фаолият самарадорлигини ошириш ва малакали кадрлар тайёрлашнинг яхлит тизимини яратишни тақозо этмоқда.

Ушбу мақсадда фармонда қатор устувор йўналишлар белгиланган. Жумладан, “жаҳолатга қарши – маърифат” улуғвор ғоя асосида диннинг асл инсонпарварлик моҳиятини, эзгулик, тинчлик ва инсонийлик каби фазилатлар азалий қадриятларимиз ифодаси эканлигини кенг ёритиш ва бу соҳадаги илмий-маърифий фаолиятни жадал ташкил этиш; жамиятда бағрикенглик, ўзаро ҳурмат, меҳр-оқибат, тинчлик ва тотувликни, ижтимоий-маънавий муҳит барқарорлигини таъминлашда диний-маърифий соҳа вакилларининг дахлдорлик ҳисси ва иштирокини янада ошириш; диний ва дунёвий билимлар уйғунлигини ривожлантириш асосида таълим сифатини ошириш, диний-маърифий соҳада малакали кадрларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш ва малакасини оширишнинг яхлит тизимини яратиш каби вазифаларни қайд этиш лозим. Диний соҳадаги янгиликларни кузатиб охирига етмай ҳам қолябмиз.

          Юртимиз ва мусулмон дунёсидан етишиб чиққан улуғ мутафаккир ва алломаларнинг бой мероси, уларнинг жаҳон цивилизацияси, илм-фан тараққиёти ривожига қўшган бебаҳо ҳиссасини чуқур тадқиқ этиш ва кенг тарғиб қилиш мақсадида Ўзбекистон халқаро Ислом цивилизацияси маркази, Ўзбекистон Халқаро ислом академияси, Мир Араб олий мадрасаси, Имом Бухорий ва Имом Термизий халқаро илмий-тадқиқот марказлари, Ҳадис илмий мактаби фаолияти йўлга қўйилди. Самарқандда калом илми мактаби, Бухорода тасаввуф мактаби, Қашқадарёда ақида мактаби, Фарғонада ислом ҳуқуқи (фиқҳи) илмий мактаблари очилди. Шунингдек, узлуксиз диний таълим тизими жорий этилди.

–  Сурхондарё вилояти Термиз шаҳрида “Имом Термизий” мадрасаси фаолияти йўлга қўйилаётгани диний таълим тизимини ривожлантиришдаги навбатдаги салмоқли қадам бўлди.

– Диний адабиётларни турли номда ва кўп ададда нашр этилиши баробарида Қуръон мушафи бир неча минг ададда чоп этилмоқда.

– Жисмоний имконияти чекланганларга эътибор кучайтирилди. Брайл ёзувида диний китоблар чоп этилди, диний тадбирлар ва кўрсатувлар сурдо тилида эфирга узатилмоқда.

– Диний таълим муассасаларида “Қуръони карим ва тажвид” курслари ташкил этилди.

– Сайт ва ижтимоий тармоқларда ислом дини маърифатига оид мавзуларни кенг ёритишда эркинлик таъминланиши баробарида салмоқ ва сифат ҳам сезиларли даражада ошди.

– Мўмин-мусулмонларнинг диний саволларига ўз вақтида тезкор жавоб бериш мақсадида колл-марказ, телеграм бот ва алоҳида фатво.уз сайти ишга туширилди.

– Аёл-қизлар билан ишлаш тизими такомиллаштирилди, отинойилар фаолиятини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи мақом берилди ва махсус гувоҳномалар билан таъминланди.

Ҳар биримиз бу неъматларнинг қадрига етсак, улардан унумли фойдалансак, неъматлар янада зиёда бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ислом

таълим муассасаси ўқтувчиси

 Жозиба Жамол қизи

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*