Ислом тинчлик дини

Ислом динининг нақадар улуғ дин экани унинг ўз номига монанд тинчлик дини эканида намоён бўлади. Араб тилида бир ўзакдан ясалган “силм”, “салом” ва “ислом” сўзлари маъно жиҳатидан тинчлик ва омонликни англатиши бежиз эмас.

Ислом таълимоти, хусусан, Қуръони каримда тинчликни сақлаш ва унинг учун курашишга чақирилади: “Эй, имон келтирганлар! Ёппасига тинчлик ишига киришингиз!…” (Бақара, 208). Тафсир китобларида келтирилишича, оятдаги “ёппасига” сўзи барча инсонларнинг биргаликда тинчлик йўлини тутишлари лозимлиги ва уни сақлашда ўз ҳиссаларини қўшиш зарурлиги таъкидланган.

Тинчлик инсониятга берилган неъматларнинг ичида иймондан кейинги энг улуғ неъмат саналади. Бу ҳақида Пайғамбаримиз Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васаллам шундай деганлар: “Аллоҳдан авф ва тинчлик омонликни сўрангизлар, бирор кишига имондан кейин авф қилиш ва тинчликдан афзалроқ неъмат берилгани йўқ”.

Пайғамбаримиз Муҳаммад мустафо соллаллоҳу алайҳи ва салламдан саҳобалар: “Мукаммал инсон ким?”, деб сўрашганда, “Тили ва қўли билан бошқаларга озор бермаган киши”, дея марҳамат қилганлар.

Тинчликни улуғ неъмат ҳисобланган динимизда бу йўлда нафақат амал, балки сўз билан ҳам зарар келтиришдан қайтарилган. Тилдан етадиган озор қўлдан етадиган зарардан аввал зикр этилиши, қўл билан бошқаларнинг саломатлиги, мулкига зарар етказиш мумкинлиги, тил билан инсонларни турли бузғунчи ғояларга тарғиб қилиш, кишиларни тўғри йўлдан адаштириш орқали икки дунёсини барбод этиш мумкин.

Аллоҳ таолонинг гўзал исмларидан бири ҳам “Салом”, яъни, тинчлик бахш этувчидир. “У шундай Аллоҳдирки, Ундан ўзга илоҳ йўқдир. (У) Подшоҳ, (барча айб-нуқсонлардан) Пок, (бандаларига) тинчлик бахш этувчи, Омонлик берувчидир…” (Ҳашр, 23).

Мусулмон кишиларнинг ўзаро кўришиши ҳам саломдир. Яъни, бир бирига тинчлик сўраб дуо қилишдир. “Ҳузурингизга оятларимизга имон келтираётганлар келганларида, айтинг: “Сизларга салом (саломатлик)! …” (Анъом, 54).

Динимизда ўзга кимсанинг уйига келган киши ҳам салом беришга, яъни, уй аҳлига тинчлик-омонлик сўраб дуо қилишга буюрилган. “Эй, имон келтирганлар! Ўз уйларингиздан ўзга уйларга то изн сўрамагунингизча ва эгаларига салом бермагунингизча кирмангиз! Мана шу сизлар учун яхшидир. Зора, (бу гапдан) эслатма олсангиз” (Нур сураси, 27-оят).

Мўминларнинг охиратдаги диёри ҳам Дорус-саломдир, яъни, тинчлик диёридир. “Улар учун Парвардигорлари ҳузурида тинчлик диёри (жаннат) бордир” (Анъом сураси, 127-оят).

Ислом моҳиятан тинчлик динидир. Тинчлик динимизда инсонлар учун энг қадрли неъмат экани мўтабар манбаларда баён этилган.

Муқаддаси динимиз ана шундай улуғ неъмат бўлмиш тинчлик, хотиржамлик ва яхшиликка зўравонлик, бузғунчиликнинг хеч бир кўринишига, зулм қилиш, қўрқув солиш, инсонларнинг моли ва жонига тажовуз қилишга асло йўл қўйилмайди. Инсон ҳаёти, ақли, насли, дини ва молини ҳимоя қилиш ҳам ислом таълимотининг асосини ташкил этади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчиси К.Абдувалиева

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*