Имом Абу Мансур Мотуридий ҳаёти ва ижоди

Сунний эътиқодидаги Мотуридия мазҳаби асосчиси Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд ал-Ҳанафий ал-Мотуридий ас-Самарқандийдир.

Имом Мотуридий туғилган йили ҳақида аниқ маълумотлар йўқ. Имом Самарқандда 944—945 йилда вафот этган ва шаҳар чеккасидаги Чокардиза қабристонига дафн этилган.

Имом Мотуридий дастлаб таълимни ўзлари тўғилиб ўсган юртдан бошлаганлар жумладан Самарқанддаги ал-Аёзий мадрасасида таълим олгани қайд этилган. Имом Мотуридий Абу Бакр Аҳмад ибн Исҳоқ ибн Солиҳ Жузжоний (усул ва фуруъ илмларини эгаллаган улкан олим), Абу Наср Иёзий (Яҳё ибн Қайс ибн Саъд ибн Убода Ансорий Хазражий розияллоҳу анҳунинг авлодларидан), Наср ибн Яҳё ал-Балхий, Муҳаммад ибн ал-Фазл кабилардан таълим олганлар.

У киши ўз замонларидаги мусулмонлар орасида пайдо бўлган нотўғри тушунчаларга ечим топдилар. Ўша вақтдаги бузғунчи фирқалар ақийда бобида сочаётган заҳарлардан пайдо бўлган ақийдавий дардларни даволашга ҳаракат қилдилар. Душманларнинг кирдикорларини фош қилиб, Аҳли сунна вал жамоа мазҳабининг ҳақиқатини очиқ-ойдин кўрсатиб бердилар. Бутун умри давомида шу соҳага оид асарлар ёзиб қолдиргандир. Маҳмуд ибн Сулаймон ал-Кафавийнинг (вафоти 1582 йил) “Катоиб ул-аълом ал-ахёр фи табоқот ва машаойих мазаҳаб ан-Нуъмон” (“Нуъмон мазҳабига мансуб бўлган таниқли аллома фақиҳлар ва шайхлар ҳақидаги китоб”) номли китобида Имом Мотуридий асарлари ҳақида айрим маълумотлар берилади. Масалан, қуйидаги асарлари номлари келтирилган: “Китобут-тавҳид”, “Китобул маъқулоти”, “Китобур-родди алал Каъбий ал-Мўътазилий”, “Китобу авҳомил Мўътазила”, “Китобур-радди алал Мўътазила”, “Китобур-радди алал Қаромита”, “Китобур-радди алар-Рофиза”, “Китобул жадал”, “Маъохизуш-шарийъа”, “Раддул усулил хамса ли Аби Муҳаммад Боҳилий”, “Таъвийлоту аҳлис-сунна”.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг кўп асарлари бизгача етиб келмаган, етиб келганлари ҳам асосан хорижий мамлакатлар кутубхона ва қўлёзма фондларида сақланади. Имом Мотуридий ислом оламида жуда нозик ҳисобланган “Китаб Тавҳид” асари бизнинг давримизгача етиб келган ва у 1970 йилда Фатҳуллоҳ Хулиф томонидан Байрутда нашр этилган.

Имом ислом динидаги суннийларнинг тўртта асосий мазҳаби асосчиларининг асарларини ўрганиб, фиқҳга ва каломга оид асар ёзади ва “Таъвилот аҳли сунна” деб номлайди. Имом Мотуридий бу асарида мўътазила, хавориж, рофиза, карромий, жаҳмий, мушаббиҳа, мунажжим, фолбин ва бошқаларнинг фикрларини муноқаша қилганлар ва ҳаммаларига раддия берганлар. У киши Аҳли сунна вал жамоанинг мазҳабини қўллаб-қувватлаганлар.

“Кашфуз-зунуни ан асомийил кутуби вал фунун” китобининг соҳиби Ҳожи Халифа “Таъвийлоту аҳлис-сунна” асари ҳақида қуйидагиларни ёзади:

“У бирор китоб тенг кела олмайдиган китобдир. Балки бу фан бўйича ёзилган китобларнинг бирортаси унга яқин ҳам кела олмайди”.

 Бу асар Ўзбекистон Республикаси Фанлар Академиясининг Абу Райҳон Беруний номидаги Шарқшунослик институти фондида сақланади. “Таъвилот”нинг биринчи жилди Қоҳирада 1971 йилда Иброҳим Авадайн ва ас-Саид Авадайнлар томонидан нашр этилган.

Кейинчалик бу китобни доктор Маждий Босалум таҳқиқ қилди ва 2005 йилда Ливанда “Дорул кутубил илмийя” нашрёти томонидан ўн жилдда ва 6230 бетда чоп қилинди.

“Китобул маъқулот”нинг қўлёзмаси Истанбулдаги кутубхоналардан бирида сақланмоқда.

Имом Мотуридий кўплаб шогирдлар етиштирди, улар орасида ислом оламига машҳур алломалар бор: Имом Абул Ҳасан Али ибн Саъийд Растағфаний (вафоти 961), Абул Қосим Исҳоқ ибн Муҳаммад ибн Исмоил Ҳаким Самарқандий (ҳ. 340, м. 951 йилда вафот этган), Имом Абу Муҳаммад Абдулкарим ибн Мусо Баздавий (ҳ. 390, м. 999 йилда вафот қилган), Имом Абу Лайс Бухорий, Абу Аҳмад Иёзий. Шогирдлари ўз устозларининг таълимотини давом эттиришганлиги туфайли Ҳанафия мазҳабидагилар ичида Мотуридия оқими вужудга келган.

Кейинги асрларда эса Саъдуддин Тафтазоний, имом Таҳовий, имом Умар Насафий, Фахрул Ислом Баздавий, Ибн Ҳумом, Абу Муъийн Насафий ва бошқалар ақоид илмининг мотуридия йўналишида кўзга кўринган уламолардан бўлдилар.

Имом Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳининг Ислом оламидаги ва аҳли илм ичидаги мартабалари жуда ҳам юқори бўлган. Мусулмонлар томонидан у кишига олий унвонлар берилган.

  1. “Аламул ҳуда” – ҳидоят байроғи.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмонларнинг ҳидоятда собитқадам бўлишларига хизмат қилиб, бу борада ҳидоят байроғини баланд кўтариш шарафига муяссар бўлганлари учун шу номни олганлар.

  1. “Имомул ҳуда” – ҳидоят имоми.

Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи мусулмонларнинг ҳидоят йўлини тутишларида пешво бўлганлари учун ушбу унвонга сазовор бўлганлар.

  1. “Мусаҳҳиҳу ақийдата аҳлис-сунна” – Аҳли сунна ақийдасини тўғриловчи. Турли фирқа ва тоифалар ўзларининг бузғунчилик ҳаракатлари билан Аҳли сунна вал жамоа мазҳабига таҳдид солганида Имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳи унинг ҳимоясига турганлари учун ушбу унвонга муносиб кўрилганлар.
  2. “Имомул мутакаллимийн” – Мутакаллимларнинг имоми. Ўша пайтда “илми калом” номи билан танилган ақоид илмида барча уламоларга пешво бўлганлари учун имом Абу Мансур Мотуридий раҳматуллоҳи алайҳини мусулмонлар жумҳури шу ном билан атаган.

“Мифтоҳус-саъодати ва мисбоҳус-сиёда” китобининг муаллифи Тошкўпризода у киши ҳақида шундай дейди:

“Сўнгра билки, илми каломда Аҳли сунна вал жамоанинг раиси икки кишидир. Улардан бири ҳанафий, иккинчиси шофеъий. Ҳанафийси – Абу Мансур Муҳаммад ибн Муҳаммад ибн Маҳмуд Мотуридий имомул ҳуда”.

Зубайдий ўзининг “Итҳафус-содатил муттақийн” номли китобида:

“Аҳли сунна вал жамоа дейилганидан мурод ашъарийлар ва мотуридийлардир”, деган.

Абу Мансур ал-Мотуридийнинг ҳаёти борасида маълумотлар жуда оз. Борлари ҳам бир-бирларини такрорлайди. Абул Муин ан-Насафий (942-1114) ўзининг “Табсират ал-адилла” асарида Мотуридий вафот этганида унинг шогирдларидан Абул Қосим Ҳаким ас-Самарқандий (вафоти 342/954) унинг қабр тошига мана бу битикларни ёздирганлигини айтади:

“Бу қабр нафаслари миқдоридаги илмларни ўзида жам этган, бор кучини у илмларни тарқатиш ва ўргатиш билан тугатган, бас, шунинг учун диний асарлари мақтовга сазовор бўлган ва ўз умридан серҳосил меваларни олишга эришган зотнинг қабридир”.

2000 йил Вазирлар Маҳкамаси қарори билан Мотуридий таваллудига бағишлаб ўтказилган тантаналар арафасида Самарқандда Чокардиза қабристони ўрнида 3,5 гектарлик мажмуа барпо этилди. Мажмуа марказида Абу Мансур Мотуридий мақбараси бунёд этилди.

Мотуридий вафотидан сўнг Самарқандда жойлашган машҳур Чокардиза қабристонига дафн этилади. Ўша даврдаги таомилга кўра бу қабристонга шаҳар аҳли орасида эътиборга молик таниқли олимлар, уламолар дафн этиларди. Мотуридийнинг кўплаб сафдошлари ва шогирдлари ҳам шу жойга дафн этилганлар. Бинобарин, ўрта асрларда фаолият кўрсатган кўплаб олиму уламолар ҳаётини ўрганиш учун бу қабристон ва у билан боғлиқ бўлган маълумотлар муайян аҳамият касб этиши шубҳасиздир.

XX аср бошларида акад. В.В. Бартольд Самарқанд сафари пайтида Чокардиза қабристонида бўлгани ва у жойда Мотуридий мақбарасини кўргани ҳақида маълумотлар беради. Бундан кейинги манбаларда Мотуридий мақбараси хусусида бошқа маълумотлар деярли учрамайди. Бир неча асрлар давомида таниқли фақиҳлар, шайхлар, уламолар дафн этилган ушбу қабристон  шўро даврида аҳоли яшайдиган маҳаллага айлантирилгани ҳам собиқ тузумнинг мафкуравий сиёсатидан бир кўриниш дейиш мумкин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчиси Д.Махмудова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*