Имом Қаффол Шошийнинг шахсияти: илк чизгилар

 Халқимиз Ҳастимом номи билан эъзозлайдиган буюк аллома Қаффол Шошийнинг тўлиқ исми Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил[1] бўлиб, тарих китобларида унинг насаби ҳақида бундан ортиқ маълумот келтирилмаган. Унинг Қаффол Шоший номи билан машҳур бўлиши, ҳамда у эгаллаган фойдали илмлар, ислом ва мусулмонларни ўз қалами билан ҳимоя қилишдаги жасоратлари унинг насабини узун қилиб келтиришга ҳожат қолдирмайди.

         Тадқиқотимиз давомида Қаффол Шоший тарбия топган оила ва унинг ота-онаси ҳақидаги маълумотларга дуч келмадик, шунга қарамасдан имом Қаффол Шошийдек шахсни етказиб берган оила, диний тарбия ва исломий маданият шаклланган оила бўлганлигига шубҳа йўқ. Абу Осим Иёдий ўзининг “Табақот” асарида “У замондошлари орасида қалами энг ўткири, илмларнинг тафсилотларида уларнинг энг собит қадами, баёнда энг шижоатлиси, улар орасида энг матонатлиси, санади олий ва асоси баланд олимлардан эди”, деган.

Имом Қаффол Шоший барча илмларда, хусусан, фиқҳ, усул, тафсир, ҳадис, тил ва бошқа кўплаб илмларда машҳур олимлар етишиб чиққан Шош воҳасида, ҳозирги Тошкент шаҳри ҳудудида дунёга келган. Ўз она юртида балоғатга етгач, илм талабида ўша даврнинг йирик ислом марказларига сафар қилади. Аллома Шошга кўп илмларни, хусусан шофеий фиқҳини эгаллаб қайтиб келади.

Тошкўпризода ўзининг “Мифтаҳус саода” китобида унинг 266/880 йилда туғилганлигини қайд этганини ҳисобга олмаганда, унинг туғилган йили 291/904 йил эканлиги барча тарихий манбаларда бирдек таъкидланган.

Қаффол нисбаси ҳақида – Ибн Асир шундай деган: “Бу нисба қулфсозлик касбига боғлиқ. Бу ном билан шошлик Имом Абу Бакр Муҳаммад ибн Али ибн Исмоил Қаффол Шоший машҳур бўлган. У ўз асрининг имоми, фақиҳ, усул олими ва шоир бўлган. У шарқу ғарбда бирдек машҳур бўлган”[2]. Самъоний ўзининг “Ансоб” асарида яна шундай қўшимча қилган: “У тўғрида “Бу Абу Бакр фақиҳ қулфсоздир, қийин очиладиган қулфларни ўзининг фиқҳи билан очади”, дейилган”[3]. Қазвиний эса шундай деган: “Унинг қулфсозликда биринчи қилган иши тангадек қулф ҳамда калит ясаган. Одамлар унинг моҳирлигидан ҳайратга тушишган”[4]. Бу унинг нафақат ҳунармандчиликда маҳорат эгаси бўлганига балки ақлий илмларда ҳамда шаръий илмларда ҳам моҳирлигига далолат қилади.

Тарих фанлари доктори Неъматулло Муҳамедовнинг “Ҳастимом – Абу Бакр қаффол Шоший тарихи” номли рисоласида алломанинг ҳаёти ва фаолияти, унинг илмий асарлари, хусусан “Маҳосин ал-шариа” асари ҳақида ҳам маълумотлар келтирилган.

Китобнинг тўлиқ номи “Маҳосин ал-шариа фи фуруъ ал-шофеийя” эканлигида ҳеч қандай ихтилоф йўқ, лекин кўп тарихчилар китоб номини ўз асарларида “Маҳосин ал-шариа” тарзида қисқа кўринишда келтирадилар. Муаллиф фуруъ ал-фиқҳнинг барча мавзуларини шофеий фиқҳи асосида ёритиб берган. Бошқа фиқҳий асарлардан фарқли тарзда фуруъ ал-фиқҳ мавзуларидаги ислом ҳуқуқи меъёрларининг ҳикматларини очиб беришга катта эътибор қаратган.

         Абу Исҳоқ Шерозий ўзининг “Табақот ал-фуқаҳо” асарида “Қаффол Шоший Абу Аббос ибн Сурайж ҳузурида илм олган”[5], деб ёзади. Лекин Имом Заҳабийнинг “Тарихул ислом” китобида, Салоҳиддин Сафадийнинг “Ал-вофий бил вафият” асарида шундай маълумотлар келтирилади: “Имом Қаффол Шошдан Бағдодга 309 йил сафар қилди. У 306 йилда вафот қилган Ибн Сурайжни кўрмаган. Шайх Абу Исҳоқ Шерозий ўзининг “Табақот”ида “Ибн Сурайждан илм олди”, дегани унинг хатосидир”[6].

Булардан бошқа ҳеч ким у кишининг Бағдодга кирган йилини очиқ айтмаган. Ҳижрий 643 йилда вафот қилган Ибн Салоҳ ҳам у кишини Ибн Сурайжни кўрмаган, деган. Лекин у буни қатъий айтмаган. Ҳофиз Шамсуддин Довудий “Табақотул муфассирин”да шундай дейди: “Шайх Абу Исҳоқ Шерозий уни Ибн Сурайждан дарс олган, деган. Рофеий ҳам “Тақриб”да шу фикрга эргашган”. Ибн Салоҳ эса, ўзининг бу борадаги фикрини қуйидагича келтиради: “Бизга кўпроқ маълум бўлгани – у Ибн Сурайжни кўрмаган”. Буни Мутаввиъий ўз китобида зикр қилиб: “Ибн Салоҳдан кейин келганлар: Ибн Қозий Шуҳба ўзининг “Табақоти”да, Салоҳиддин Сафадий, Имом Заҳабий ва бошқалар ҳам шундай (Абу Исҳоқнинг фикрини такрорлашган) деган. Баъзилар бу борадаги икки фикрни ҳам зикр қилиб, ҳеч бирини устун демаган. Субкий ўзининг “Табақоти”да, Аснавий ҳам “Табақот” асарида ва Довудий “Табақотул муфассирин”да ҳам шундай йўл тутганлар. Бу борадаги асосий гап Ибн Салоҳники, сўнг Мутавваъийники. Уларнинг фикрига кўра Қаффол Шошийнинг Бағдодга кириши 309 йил ёки сал олдин бўлган”.

Абу Исҳоқ Шерозийнинг гапига қўшилганлар ҳам кўп. Жумладан, имом Нававий “Таҳзибул асмо вал луғот”да, Ибн Ҳалликон “Вафияятул аъён”да, Тошкўпризода “Мифтаҳус саода”да, Ибн Имод Ҳанбалий “Шазаротуз заҳаб”да Ибн Аҳвалдан нақл қиладилар. Улар Имом Қаффол Ибн Сурайждан илм олган, деб айтадилар ва ўзларига хилоф қилганларни зикр қилмайдилар. Худди бу борада ҳеч қандай ихтилоф бўлмагандай. Уларнинг фикрига кўра Қаффол Шошийнинг Боғдодга кириши 306 йилдан олдин бўлган. Чунки айнан 306 йилда Ибн Сурайж вафот этган. Бу ихтилоф Ибн Сурайжнинг вафоти санасидан келиб чиқмаган. Улар Ибн Сурайжнинг 306 йилда вафот қилгани тўғрисида ихтилоф қилишмаган. Имом Субкий “Табақотул  кубро” асарида шундай деб ёзади: “Ибн Сурайжнинг вафоти 306 йилда бўлганини ҳамма бирдай тасдиқлаган. У ўша асрнинг олими. Ихтилоф Қаффолнинг Ироққа кириш санаси ва Ибн Сурайжни кўрганлиги тўғрисидадир”[7].

Бу ихтилофли масалани кўриб чиқиб, қуйидаги сабабларга кўра шайх Абу Исҳоқ Шерозий ва унга эргашганларнинг қарашини устун деб топдик:

  1. Биз бевосита тадқиқот олиб борган “Маҳосин ал-шариа”нинг Оксфорд қўлёзмаси 159-а бетининг 16 ва 17-сатрларида, Қаффол Шоший опа сингилларнинг ҳидона[8]да энг ҳақлилари тартибини Ибн Сурайждан бевосита нақл қилади. Бу Қаффол Шоший Ибн Сурайжни кўриб ундан дарс олганини тасдиқлайдиган кучли далилдир.
  2. Бундан ташқари Қаффол Шошийнинг ўзи фиқҳни Ибн Сурайждан ўргангани ҳақида айтиб ўтгани Ҳофиз ибн Асокирнинг “Тариху мадинати Димашқ” асарида қуйидагича келтирилади: “Абулқосим Зоҳир ибн Тоҳир Абу Бакр Байҳақийдан, у Абу Абдуллоҳ Ҳофиздан, у Абу Бакр Муҳаммад ибн Али фақиҳ Шошийдан ривоят қилади: “Нишопурга кирганимда Абу Бакр ибн Хузайма олдига кирдим. Ўшанда ёш ўсмир эдим. Унинг олдида бир масала тўғрисида гаплашдим. У менга: “Эй ўғлим, фиқҳни кимдан ўргандинг?” деди. Мен Абу Лайсни айтдим. У: “Кимдан ўргандинг?” деди. Мен: “Ибн Сурайждан”, дедим. У: “Ибн Сурайж илмни бировлардан (ўқиш учун) олиб турган китобларидан олган”, деди. Унинг ҳузуридагилардан бири: “Бу Абу Лайс асли Шошлик ва у юртнинг аҳли ҳанбалийдирлар”, деди. Шунда Абу Бакр: “Ибн Ҳанбал Шофеийнинг шогирдларидан бири эди-ку”, деган. Бу гап мақолда айтилганидек, “ҳаммани мўм тишлатиб қўйган”[9].

         Юқоридаги маълумотларга кўра, Қаффол Шошийнинг Бағдодга кириб келиши Ибн Сурайж вафот этган 306 йилдан олдин бўлган. Имом Қаффол Шоший Ироқда Ибн Сурайж билан бир қаторда Муҳаммад ибн Жарир Тобарий, Ҳофиз Боғандий, Абу Бакр Сайрофий каби уламолардан дарс олган. Имом Нававий “Таҳзиб” асарида, Субкий “Табақот” асарида, Довудий “Табақотул муфассирин”да унинг шу олимлардан илм олганини таъкидлаган.

 

ЎзХИА таянч докторанти,

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

 ўқитувчиси  Н.Хакимова

[1] Қаранг: Ибн Осим Ибодий. Табақот ал-фуқаҳо ал-шофеия.,

Абу Исҳоқ Шерозий. Табақот ал-фуқаҳо.,

Саъмоний. Ансоб.,

Ибн Асокир. Табаййин.,

Ибн Асокир. Тариху Димашқ.,

Имом Нававий. Таҳзиб ал-асмо ва ал-луғот.,

Ибн Холликон. Вафаят ал-аъён.,

Ҳофиз Заҳабий. Сияр аълам ал-нубало.,

Қазвиний. Асор ал-билад.,

Субкий. Табақот шофеия кубро.,

Аснавий. Табақот шофеия

Ибн Қози Димашқий. Табақот шофеия.,

Ибн Ҳидоятуллоҳ

[2] Ал-лубоб фи таҳзибил ансоб, 2 / 174.

[3] Ал-ансоб, 10/ 211.

[4] Асор ал-билад, Б.538.

[5] Қаранг: Абу Исҳоқ Шерозий. Табақот ал-фуқаҳо.

[6] Имом Заҳабий. Тарихул ислом.,

Салоҳиддин Сафадий. Ал-Вофий бил вафият.

[7] Ат-табақотул кубро, 3/ 25.

[8] Никоҳи бекор қилинган ота-оналарнинг бошқа турмуш қуриши, ёки вафоти сабабли уларнинг фарзандларини яқин қариндошлари васийлик ва ҳомийлик асосида тарбияга олиш тартиби ислом ҳуқуқида ҳидона деб аталади.

[9] Ибн Асокир, Тариху мадинати Димашқ. 54/247

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*