Меҳр-мурувват жаннатга етиш учун калитдир

Ислом дини барча самовий динлар қатори Аллоҳ таоло юборган муқаддас диндир. Қуръони Карим эса бандаларга туширилган охирги китоб. Алоҳ таоло Қуръонда бандаларнинг бир-бирига, атроф-муҳитга қандай муомала ва муносабатда бўлиши кераклигини аниқ, равшан кўрсатиб берган. Бу эса инсонни доимо меҳр-мурувватли бўлишга ундайди.

Аллоҳ таоло Оли Имрон сурасининг 92-оятида “Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча, сира яхшиликка (жаннатга) эриша олмайсизлар. Нимаики эҳсон қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билгувчидир”, деган.

Имом Насафий р.а ушбу оят тафсирида: “Муҳтожларга қилаётган инфоқ-эҳсонингиз ўзингиз яхши кўрган ва афзал деб билган мол-мулкингиздан бўлсин”, деган.

Ҳасан Басрий р.а.: Аллоҳнинг розилиги учун яхши кўрган нарсасини – гарчи у бир дона хурмо бўлса ҳам – садақа қилган киши мазкур оятга амал қилган бўлади”, деганлар.

Банда ўзига маъқул бўлган нарсани муҳтожга бериши улкан ажрлар олишга сабаб бўлади. Умар ибн Абдулазиз шакар сотиб олиб, уни садақа қилар эди. У зотдан: “Нега шакарни пулини садақа қилиб қўя қолмайсиз?” деб сўралди. “Ўзим яхши кўрган нарсани эҳсон қилишни хоҳлайман”, деб жавоб берди.

Пайғамбаримиз с.а.в: Инсон яхши кўрган нарсасини биродарига ҳам илиниб, унда шу нарса бўлишини яхши кўрмагунича комил мўмин бўлолмайди”, дедилар (Имом Бухорий ривояти).

Манбаларда айтилишича, Ойша р.а Қуръони Каримни тиловат қилаётиб, «Суйган нарсаларингиздан эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка (Жаннатга) эриша олмайсизлар» оятига етганларида тўхтаб, тилла суви юритилган мусъҳафларини сотиб, пулини садақа қилиб юборганлар.

Абу Толҳа р.а. Мадина шаҳридаги ансор саҳобаларнинг мол-мулки кўпларидан бири эди. Унинг Масжиди Набавий рўпарасида Байраҳо номли боғИ бўлиб, уни жуда яхши кўрарди. Набий с.а.в. ҳам ўша боғдаги булоқнинг сувидан ичар эдилар. Анас р.а. айтадилар:  «Суйган нарсаларингизни эҳсон қилмагунингизча сира яхшиликка ( жаннатга ) эриша олмайсизлар..» ояти нозил бўлган пайтда, Абу Толҳа р.а.: «Ё Росулуллоҳ, менинг энг яхши кўрган нарсам Байраҳо номли боғим. Уни Аллоҳ йўлида садақа қилдим. Боғни Аллоҳ буюрган жойга ишлатинг», деди. Набий с.а.в.: «Аллоҳ сенга барака берсин! Бу жуда фойдали мол бўлди, бу жуда фойдали мол бўлди, эй Абу Толҳа, уни ўзингга мухтож яқинларингга сарфлашингни фойдали деб ўйлайман», дедилар. Абу Толҳа р.а. боғни қариндошлари ва амакиларининг ўғилларига бўлиб бердилар. (Имом Бухорий ривояти)

Ояти каримада ихтиёрий эҳсон қилишнинг меъёри баён қилинмоқда. Унга кўра, инсон инфоқ қилишда қўлидаги арзимас нарсани эмас, балки ўзига маҳбуб-севимли нарсани чин кўнгилдан бериш лозимдир.

Аллома Шаъровий р.а. айтади: “Аллоҳ таоло банда яхши кўрган нарсасини инфоқ қилгани эвазига жаннатни беради. Инсон ҳақиқатда яхши кўрганини ёки яроқсиз нарсани инфоқ қилгани Аллоҳ таолога малум. Эй мўминлар, бу борада ўзингизни алдашга уринманг! Зеро, Аллоҳ таоло қалбнинг тубидаги ҳаммадан яширин нарсаларни билади. Шунинг учун оятнинг сўнггида, “Ниманики инфоқ қилсангиз, албатта, Аллоҳ уни билгувчидир”, деб огоҳ этилмоқда!”

Юқоридаги оятларга мувофиқ амалларни саҳобалар ва салафи солиҳлар ҳаётида жуда кўп учратиш мумкин. Бу эса иймоннинг комиллигига ишорадир.

Ҳозирда ижтимоий ҳаётимизда бошимизга тушаётган ташвишларнинг асл илдизи иймоннинг сустлиги атрофимиздаги муҳтожларни кўрмаслик, силаи-раҳмни узилганлигидир”. Агар меҳр-мурувватга чақирадиган оят ва ҳадисларга амал қилсак, солиҳларга эргашсак, уларни ҳаётидан ўрнак олсак, иймон мустаҳкам, қалб хотиржам, халқ фаровон, миллат етук бўлади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар

ўрта махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Фотима Ибрагимова

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*