Ислом цивилизацияси маркази: дин, илм ва замонавийлик уйғунлиги

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази – ҳам маҳобати, ҳам моҳияти жиҳатидан улкан лойиҳа.

Президент Шавкат Мирзиёев 29 январь, жума куни ушбу марказга ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбари ўтган йилларда бу ерга бир неча бор келиб, уни чиройли ва сифатли қилиб қуриш, дунё олимлари фикрини ўрганиб, мазмунини бойитиш бўйича кўрсатмалар берган эди. Бу галги ташриф чоғида шу борада амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот берилди.

Марказ биноси лойиҳаси, ички ва ташқи дизайни, музей экспозициялари мазмуни бўйича дунёнинг етук олимлари, исломшунос ва санъатшунослари билан фикрлашилган. Шу асосида илмий-тарихий концепция ишлаб чиқилган.

Ташриф чоғида ушбу концепциянинг тақдимоти ўтказилди.

– Бугун бу ерга келишимдан мақсад – муқаддас динимизнинг эзгулик, инсонпарварлик дини эканини, маънавиятга, илмга ундашини, ота-боболаримиз бунга беқиёс ҳисса қўшганини тасдиқловчи илмий натижаларни кўриш ва янги тадқиқотларга замин яратиш. Ҳозир маҳобатли бино қуриш осон бўлиб қолди. Мана, боболаримизга муносиб бино қурдик. Энди боболаримизга муносиб илмий муҳит яратишимиз керак, – деди Шавкат Мирзиёев.

Бу ёш авлодда ғурур, ғайрат уйғотиб, янги тараққиёт даврига ундаши қайд этилди.

– Кўпчилик ўйлайди: нима учун Президент иккита Ренессансни эслади, деб. Бу – ғоя, келажакдаги мақсадимиз. Мамлакатимиз интилаётган марралар учун тарихимиздан руҳий куч олишимиз керак-ку! Бу марказ Учинчи Ренессанс пойдеворидан бири бўлишига умид қиламиз. Чунки у илмий, дунёвий, замонавий марказ бўлади, – деди давлатимиз раҳбари.

Марказ экспозициялари бўйича халқимиз фикрини ҳам ўрганиш, шу мақсадда танлов эълон қилиб, энг яхши ғоя ва таклифларни акс эттириш зарурлиги таъкидланди.

– Юртимиз заминидан жуда кўп олимлар, муҳаддислар, авлиёлар етишиб чиққан, уларнинг мероси ундан ҳам кўп. Лекин тан олиш керак, бу катта манбани чуқур ўрганмадик. Шунинг учун бу марказ қандай буюк эллигимизни яна бир бор илмий асослаб, халқчил тушунтириб берадиган бўлиши керак. Бу ерда миллий ғоя жўш уриб туриши зарур. Марказга келган одамларда, ёшларимизда руҳий куч, руҳий ишонч пайдо бўлиши керак, – дея таъкидлади Президент.

UNESCO, ISESCO каби халқаро ташкилотлар, илмий марказлар билан ҳамкорликни ривожлантириш муҳимлиги қайд этилди.

– Ўзи бугун дунёда математика, физика, геометрия, астрономия, тиббиёт каби фундаментал соҳаларда қўлланилаётган қоидалар, формулалар аллома боболаримиз кашфиётларига асосланган. Ўрта асрлардаги биринчи манбаларда боболаримизнинг номига ҳаволалар берилган. Лекин кейингиларида йўқолиб кетган, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу боис биринчи манбаларни ўрганиш мақсадида Ўзбекистон Фанлар академияси Тарих институтига қўшимча маблағ, тадқиқотчиларга грантлар ажратиш бўйича кўрсатма берилди.

Марказ учун малакали гид-таржимонлар тайёрлаш, уларнинг мамлакатимизда ислом дини ёйилиши ва илм-фан ривожи бўйича ихтисослаштириш вазифаси қўйилди.

Бу ердаги илмий меросни ёшларга замонавий тарзда етказиш учун марказ қошида мультимедиа бўлими, қадимий хаттотлик анъаналарини кўрсатиш учун устахона-лаборатория ташкил этиш бўйича кўрсатма берилди.

Манба: https://uza.uz

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*