НАВОИЙ АСАРЛАРИДА ҲАЁТ ФАЛСАФАСИ

 

“Алишер Навоий халқимизнинг онг ва тафаккури,

 бадиий маданияти тарихида бутун бир              

    даврни ташкил этадиган буюк бир шахс,

миллий адабиётимизни тенгсиз намоёндаси,                                

 миллатимизнинг ғурури, шаъну шарафини

дунёга тараннум қилувчи ўлмас сўз

санъаткоридир”.

 

Алишер Навоий ҳаёти ва ижодини ўрганиш, уни кенг ҳалқ оммаси, айниқса ёшлар орасида тарғиб ва ташвиқ қилиш бугунги кунимиз маънавий ҳаётида ниҳоятда долзарб масаладир.

Дарҳақиқат, Навоийни қанчалик кўп ўқисак, олам ҳақидаги, одам ҳақидаги, айниқса инсонниг маънавий олами ҳақидаги ҳақиқатлардан шунчалик кўпроқ хабардор бўлаверамиз.

Алишер Навоий том маънодаги сўз мулкининг султонидир. У адабиёт оламида шунчалик улкан кашфиётлар яратдики, бу кашфиётлар даражасида нафақат туркий халқлар адабиётида, балки жаҳон адабиётида ҳам яна битта улуғ зотни санаш шарафлидир. Унинг ҳар бир мисрасида, ҳар бир жумласида ниҳоятда мураккаб ва гоҳо зиддиятли ҳаётнинг такрорланмас ифодалардаги буюк ҳикматлари мужассам. Уларда Ватан ва ватанпарварлик, меҳнат ва меҳнатсеварлик, юксак инсоний ва аҳлоқий фазилатлар тараннуми мутлақо янги тарзда ифода этилган. Бу ифодалар қисқа ва лўндалиги, ҳаёт ҳақиқатига уйғун ва таъсирчанлиги билан эътиборга моликдир.

Алишер Навоий буюк мутафаккирдир. Шунинг учун ҳам у ҳаётнинг қайси соҳаси ҳақида сўз очмасин, инсон ақлини лол қолдирадиган даражада аниқ, ишончли, энг муҳими, юксак бадииятнинг барча талабларига мукаммал шаклда жавоб бера оладиган дурдоналарни яратди.

Алишер Навоий яратган бадиий тимсоллар ҳаётийлиги, юксак инсонпарварлиги, халқчиллги билан қалбларнинг туб-тубига муҳрланиб қолади. Фарҳод, Мажнун, Лайли, Ширин, Искандар, Суҳайл, Меҳр, Дилором каби қатор образлар адабиёт аҳлининг ардоғига айланган. Бу қаҳрамонларнинг ҳаёти, бадиий ифодасини кўриб беихтиёр уларга эргашгинг, улуғ ишларга қўл ургинг келади. Биргина

Ҳунарни асрабон нетгумдур охир,

Олиб тупроққаму кетгумдур охир

мисралари фақат ўқувчи ёшларнинг эмас, балки бутун халқимизнинг ҳам шиорига айланиб кетган

Деди: ҳар ишки қилмиш одамизод,

Тафаккур бирла билмиш одамизод

деган ҳикмат Алишер Навоийнинг ҳаёт фалсафасидаги эскирмас ҳикматидир.

Алишер Навоий оламдаги энг улуғ зот сифатида Инсонни англайди. Аслида оламнинг яратилиши ҳам ана шу Одам билан боғлиқдир. Инсон эса имон билан мукаммалдир:

Кимки жаҳон аҳлида инсон эрур,

Балки нишони анга иймон эрур …

Бас ани инсон демак улғ айраво,

Ким иши иймон била топқай наво …

Бўлмаса иймон била кетмак иши,

Бир киши йўққим, деса бўлғай киши.

Мамлакат ободлиги, эл-юрт осойиши Навоий ижодининг ўзак масалаларини ташкил этади. Ҳатто, у буюк бир журъат билан ўзи замондош бўлган ҳукмдорларга қўл остидагиларидан доимий бохабарлик мамлакат эхтиёжи учун ҳам, эл-юрт манфаати учун ҳам беҳад зарурлигини қайта-қайта уқтиради.

Навоийнинг ақл ва адолат, тинчлик ва ҳамжиҳатлик, меҳнат ва турли касб-корлар ҳақида айтган фикрлари ҳам ҳалигача инсониятнинг ҳаёти йўлини ёруғ бир машъал каби нурлантириб турибди.

Навоийниг ҳар бир сўзи, ҳар бир фикри ёшларимизга маънавият, маърифат йўлини кўрсатувчи бир майоқдир. У ҳаётнинг маънавият билан боғлиқ, бироқ яқин-яқингача қоронғуб ўлган гўшаларини ўз нурлари билан ёритиб беради. Бу нурга интилиш ва ундан баҳраманд бўлиш эса киши кўнглига файз ва сурур баҳш этади.

Буларнинг барчаси Навоий ижодини ўрганиш ҳам маърифий, ҳам тарбиявий жиҳатдан улкан аҳамиятга молик эканлигини кўрсатиб турибди. Демак, бу улуғ зот асарларини мутолаа қилишнинг, уларнинг замирига яширинган улкан ҳаётий ҳамда бадиий ҳақиқиатларнинг том маъносига этиб боришнинг турли шакл ва усулларни излашимиз, топишимиз зарур.

 

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ЎМИТМ

ўқитувчиси Х. Усмонова

 

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*