Ислом цивилизацияси маркази – Янги Ўзбекистоннинг Учинчи Ренессанс йўлидаги муҳим қадами

Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси маркази Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг  “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузурида Ўзбекистондаги Ислом цивилизацияси марказини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 2017 йил 23 июндаги ПҚ-3080 қарори асосида ташкил қилинган.  Президентимиз  2018 йил 15 июнда мазкур маҳобатли марказ қурилишига тамал тошини қўйишда иштирок этди. Ўтган давр мобайнида давлатимиз раҳбари  мазкур маҳобатли  марказга бир неча бор келиб, қурилиш жараёнида ўз тавсияларини берди.

 Президент Шавкат Мирзиёев  2021 йил 29 январда Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказига  навбатдаги ташрифини амалга оширди. “Бугун бу ерга келишимдан мақсад – муқаддас динимизнинг эзгулик, инсонпарварлик дини эканини, маънавиятга, илмга ундашини, ота-боболаримиз бунга беқиёс ҳисса қўшганини тасдиқловчи илмий натижаларни кўриш ва янги тадқиқотларга замин яратиш. Ҳозир маҳобатли бино қуриш осон бўлиб қолди. Мана, боболаримизга муносиб бино қурдик. Энди боболаримизга муносиб илмий муҳит яратишимиз керак”, – деди Шавкат Мирзиёев.

 Цивилизация  –  турли соҳалар ривожининг юқори чўққиси. Уни тамаддун атамаси билан ҳам ифода этадилар. Маданият сўзи одатда бир соҳага боғлаб айтилади, шаҳарсозлик маданияти, муомала маданияти, сўзлашув маданияти каби.  Цивилизация эса ҳамма соҳалардаги маданиятнинг юқори даражада ривожланганини англатувчи тушунча.

 Ислом цивилизацияси  ислом дини ёйилган ҳудудларда илм-фан, маънавият, маърифат, маданият соҳаларда эришилган ютуқлар мажмуи тушунилади. Бунда Ўзбекистоннинг ҳиссаси беқиёс. Диёримизлан чиққан буюк алломалар, олиму уламолар, фозилу фузалолар ислом тамаддуни ривожи йўлида амалга оширган улкан ишлари сабаб “Ўзбекистон – ислом цивилизацияси бешиги” деган халаро эътироф юзага келди.  Яқинда Саудия Арабистони Қирол Файсал Ислом тадқиқотлари маркази директори Сауд Солиҳ ал-Сархан Ўзбекистоннинг ислом дунёсидаги роли тобора ортаётганига эътибор қаратиб, Саудия Арабистон Ўзбекистонни Ислом цивилизациясининг бешикларидан бири деб билишини таъкидлади.

Ўзбекистоннинг ислом тамаддуни ривожи йўлидаги беқиёси ҳиссаси намойиш этадиган яхлит мажмуа – Ўзбекистондаги ислом цивилизацияси марказининг барпо этилиши Янги Ўзбекистоннинг турли соҳалардаги маданий тараққиёт йўлидаги ташриф қоғозидир. Президентимиз таъкидлаганидек, бу ерга келган инсон асрлар давомида илм-фан, маънавият, маърифат ва маданият йўлида амалга оширилган беқиёс ишларга гувоҳ бўлади, буюк алломалар билан ҳаёти ва фаолияти билан танишиб, улар билан мулоқот қилгандек бўлади. Бу даргоҳда Беруний, Хоразмий, Бухорий, Мотуридийлар сўзлайдилар. Улар ўз зиёратчиларини эзгуликка, инсонпарварликка, ҳақ ва ҳидоят йўлидан боришга чорлайдилар.

Давлатимиз раҳбари Ислом цивилизацияси маркази маҳобатига муносабат билдириб, бу маҳобатли бинога муносиб илмий муҳит яратиш кераклигини алоҳида таъкидлади. Бу илмий муҳитда алломалар мероси зиё таратади.  Бу илмий муҳит янги хоразмийлар, самарқандийлар, бухорийлар, шошийларни тарбиялайди. Асосийси ислом цивилизацияси маркази маҳобати ва моҳияти билан бу ерга ташриф буюрувчиларни юксак маънавиятга ва том маънодаги  маърифатга йўлловчи мажмуа сифатида шаклланиши лозимлиги таъкидланди.

          Хадичаи Кубро ислом махсус билим юрти     

                                                      Ахборот ресурс маркази раҳбари

М.Саиджалолова   

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*