Маънавият  – юксак инсонийлик ва меҳр-саховат асосидир

Маънавият инсонийлик мезони. У қалб дунёси, руҳий олам, ботиний покликни ифодаловчи тушунча. Қалб, юрак, дил, виждон, имон, инсоф, адолат, меҳр-шафқат, саховат каби юксак инсоний фазилатлар айнан киши ички дунёси, ботиний олами билан боғлиқдир.  Инсоннинг ташқи хатти-ҳаракатларининг мезони маданиятни шакллантириш унчалик мураккаб эмас. Сабаби, кишилик жамияти маданият атрофдагиларга қараб шаклланади. Аммо, маънавий тарбия, одам ички дунёси гўзаллигини таъминлаш, қалб поклиги, имон мусаффолигин, виждон уйғоқлиги каби комилликка етакловчи фазилатларни шакллантириш асрлар давомида олимлар, фозиллар, мутафаккирлар ва донишмандларни ўйлантириб келаётган жумбоқлардан. Қаерда бу жумбоқ ҳал этилган бўлса, ўша жойда тараққиёт ва фаровонлик ҳукмрон. Қайси жамиятда маънавий тарбия оқсаса, ўша жамият ички муаммолар гирдобида саргардон.

Ободлик кўнгилдан бошланади деган тушунча бор. Юксак инсонийликни шакллантириш учун кўнгиллар ободлиги, поклиги даркор.

Юксак инсоний фазилатлар халққа муҳаббат, Ватанга садоқат, ҳалоллик, шахсий жавобгарликни ҳис қилиш каби хислатлар камол топиши учун маънавиятга эътибор зарурдир.

Маънавият ижтимоий ҳодисадир. Инсоннинг хусусий, яъни ўзига хос маънавияти, умумий, яъни жамият маънавиятига тобедир. Юксак маънавият юксак маънавий муҳитда камол топади. Маънавиятни юксалтириш учун одатда турли маънавий-маърифий тадбирлар ташкил қилинади. Тадбирлар мазмуни унда етакчилик қилаётган зиёлилар, профессор-устозлар ёндашувига боғликдир. Бундай тадбирларда тил ва дил бирлиги намоён бўлса, ундаги маърузачилар, нотиқ ва воизлар нафақат ўзларининг чиройли нутқлари, балки ички олам гўзалликларини намоён эта олсалар тингловчиларда маънавий завқ ҳосил бўлиб, уларнинг дунёқарашлари ўзгаради. Президентимиз кўп таъкидлаганларидек ғафлат оламидан уйғонадилар. Бугун бизга инсонларни уйғотадиган, одамларни ўзгартирадиган, Янги Ўзбекистонни қуришга тарғиб этадиган,  Учинчи Ренессансга чинакам пойдевор бўладиган маънавий тарғибот керак. Бунинг учун  воизнинг ўзи уйғоқ ва сергак бўлиши, тингловчиларни ҳис қила олиш, улар кўзларидаги маъноларни уқа олиш, ижобий фазилатларини  юксалтирадиган, замонавий ифода этганда, мотивация бера оладиган маърузалар зарур. Уни амалга ошириш учун ҳис-ҳаяжонни жунбушга келтира оладиган нотиқлар, уларнинг  Уйғониш даври – Ренессансни юзага чиқарадиган, ғафлатдан уйғоқликка етаклайдиган фикрлари, ғоялари, маърузалари, даъват ва чақириқлари даркор. Токи ёшларимиз кимга эргашаётганларини билсинлар. Ёшларимиз кўз олдиларида маънавий етук инсонлар, ота-оналар, устозлар, тенгдошлар қаҳрамон бўлсин. Уларни бегона “қаҳрамон”лар қўлига топшириб, бузғунчи ғояалар қурбони бўлишга йўл қўймайлик. Бу борадаги ишларимизни бирор дақиқа тўхтатмайлик. Фарзандларинг бўш вақти мухолифларимизнинг иш вақти бўлмасин. Маънавий тарғибот, маънавий тарбия сув ва ҳаводек зарур бўлиб қолди. Инсон сувсиз, ҳавосиз, озиқсиз яшай олмайдигани каби маънавиятсиз ҳам ҳаёт кечириши мумкин бўлмай қолди. Чунки инсониятга таҳдид солаётган кучлар айрим ғўр кимсаларнинг  онгини эгаллаш орқали қанчадан қанча кулфатлар келтираётганлир маълум ҳақиқат.

Маънавий тарғибот учун зарур ҳодиса меҳр-саховатдир. Бугун ҳар бир зиёли, ҳар бир устоз ва мураббий меҳр ва саховат кўрсатиши давримизнинг энг долзарб талабидир. Меҳр ва саховат кўрсатиш фақат моддий бойликка боғлиқ эмас. Бугун ўз касбига садоқат билан таълим муассасаларида фарзандларимизнинг таълими ва тарбияси учун жон куйдираётган ҳар бир таълим соҳаси вакили сахийдир. У моддий бойликларни улашмаса-да, ёш авлод истиқболи учун ҳаёт-мамот масаласи бўлган маънавий бойликни улашмоқда. Озгина маошни кўп билиб, сабр-қаноат билан тарбия ва таълим йўлида заҳмат чекаётган, ёшлар камолоти йўлида ғам чекаётганлар сахийдирлар. Бойлик ортидан қувиб, таълимдан бошқа соҳага ўтиб кетиш имконияти мавжуд бўла туриб илм-фан равнақини, авлод тарбиясини устун билганлар чинакам сахийдардир. Саховат ва мурувват моддий маблағга эга бўлиб, уни тарқатишдагина эмас, балки моддий маблағ ортидан қувмай, ўзини илму маърифатга бағишлаш ҳам чинакам жўмардлик, том маънодаги сахийликдир.

Марказий Осиёлик олиму уламолар, фозилу фузалолар меҳр-саховат борасида дунёга намуна бўлганлар. Улардаги саховатни, чинакам мардликни кўрган моддий сарват эгалари ҳамиша илм аҳлларига кўмак бериб келганлар. Бухорода ўрта асрларда  Оли Моза хонадони машҳур бўлган. Бу хонадон  минглаб фақиҳларни нафақат илмий жиҳатдан, балки моддий жиҳатдан таъминлагани билан машҳурдир.  X-XIII асрларда  Бухорода ҳам диний, ҳам дунёвий арбоблар даражасига кўтарилган Бурҳонуддин Маҳмуд Бухорийнинг бобоси Бурҳон Кабир бошчилигидаги  Оли Моза сулоласи  бу даврда маданият, фан ва таълим ҳамда фиқҳ илми ривожига улкан ҳисса қўшдилар.

Сулола вакиллари “Хизонат ал-кутуб” номли кутубхона ташкил этганлар. Ушбу кутубхонани нодир китоблар билан бойитишда Бурҳон Кабир ҳамда унинг икки ўғли – Садр Шаҳид ва унинг укаси Садр Саиднинг ҳиссаси катта бўлган. Оли Моза сулоласи  фақиҳ ва зиёлиларга кўрсатган ҳомийликлари билан ҳам шуҳрат қозонганлар. Манбаларда мазкур оиланинг олти минг фақиҳга ҳар йили 4000 минг Бухоро динори хажмида маблағлар эҳсон қилгани ҳақида маълумотлар мавжуд.  “Ҳусомуддин Садр Шаҳид қўли очиқ ва камбағал инсонларга ғамхўр инсон эди. У ўзининг ҳисобидан катта қозонларда таом тайёрлатиб, мискинлар, мусофирлар ҳамда талабаларга улашар эди”.

Садр Шаҳиднинг ўғли Муҳаммад Садр Жаҳон  қилган хайру эҳсонлар ҳақида ёзма манбаларда кўплаб ривоятлар берилган. Садр Жаҳон шу даражада сахий бўлганки, унинг уйидан то мадрасагача бўлган беш фарсах, тахминан 28 кмлик масофада мискин талабалар ва муҳтожларга мунтазам молиявий кўмак бериб турган.

Диёримиз алломаларининг ўзига хос жиҳатлари уларнинг ҳам илм, ҳам касб билан машҳур бўлганликларидир. Илмда ўз даврининг ягонаси деб эътироф этилган Абу Бакр Шошийнинг бир исми Қаффол, яъни қулф ясовчидир. Бу санада 580 йиллик юбилейи нишонланган Алишер Навоий ҳазратлари нафақат юксак ижодий салоҳияти, балки беназир меҳру саховати билан машҳурдир. Навоий ҳазратлари томонидан барпо қилинган шифохоналар, мадрасалар, ариқ ва кўприкларнинг адади ва аҳамияти алоҳида тадқиқотга лойиқдир. Ўзбекистон халқаро ислом академияси ҳузурида Абу Мансур Мотуридий халқаро ислом тадқиқот маркази фаолият олиб бормоқда.   Имом Мотуридий айни пайтгача ислом мусаффо эътиқоди дунё тан олган икки мазҳаб, икки таълимотнинг бирига асос солган. Тарихий манбалар Мотуридий ҳазратларининг боғдорлик билан шуғулланганига гувоҳлик беради.  Абу Тоҳирхўжанинг “Самария” китобида нақл қилинишича, бир кун Мотуридий ҳазратлари узум токи била овора бўлиб, бир хайрли ишдан кечикадилар. Маълум вақт ўтиб, соликлар миқдори ортганини билган Мотуридий кўз ёш тўкиб, халқ зиммасида солиқлар миқдорининг ортишида ўзларининг узум токига машғул бўлиб, хайр ишдан кечикканларини сабаб деб кўрадилар ва Яратганга истиғфор айтадилар.

Мотуридия таълимотининг машҳур вакили – Абу Муин Насафий “Табсират ал-адилла” асарида Имом Мотуридий ҳақида қуйидагича маълумот берган: “Имом Мотуридий зоҳид, камтар ва албатта қўли очиқ, саховатпеша инсон эди. Имом Мотуридий ўз шогирдларига ҳам ушбу фазилатларни тарғиб қилар ва бу борада аввало ўзи ўрнак бўлар эди”.

Имом Мотуридийнинг асарларига мурожаат қилсак, бу фикрлар ўз тасдиғини топади. Жумладан, аллома биргина “Пандномаи Мотуридий” (“Имом Мотуридий панд-насиҳатлари”) номли рисоласида меҳр-мурувват ва саховат ҳақида қуйидаги ҳикматларни келтирган: “Юрт ободлиги, халқ фаровонлигини истасанг, саховатли,очиққўл бўл. Ўзгаларга ҳурмат-эҳтиром кўрсатиш, оғирини енгил қилиш бойликдан афзал.Такаббурликдан узоқ бўл ва камтарона ҳаёт кечириб бошқа инсонларга ёрдам бер. Яхшилик қилганингни айтиб юрувчи бўлма ва ҳар бир эҳсонинги ҳолис қил.Бировнинг оғирини енгил қилиш йўлида хайр-эҳсон қилиб, саховатни буюк иш деб бил;ҳамма билан ошно бўлишга интил ва саховат қилиббечоралар кўнглини кўтаришга интил.

Мотуридия таълимотининг энг ёрқин вакили – Абу Муин Насафий XI-XII асрларда Насаф (ҳозирги Қашқадарё ҳудуди) воҳасида туғилиб ижод қилган.

Унинг “Табсират ул-адилла”, “Баҳр ул-калом” ва “Тамҳид” номли қатор асарларида хайр-эҳсон, меҳр-мурувват, саховат каби одамийлик фазилатлари алоҳида эътибор билан қайд этган.

Олимнинг таъкидлашича, инсонга берилган бойлик унга Аллоҳ томонидан берилган катта неъмат ҳисобланади ва ушбу неъматга сазовор бўлган ҳар бир инсон уни тасарруф қилишда исрофга қўл қўймасдан хайр-эҳсон, силаи раҳм, саховат каби муборак динимизда улуғланган фазилатларга риоя қилиши зарур.

Абу Муин Насафий “Баҳр ул-калом” асарида ўз фикрларини давом эттирар экан, инсоннинг саховат қилишига ва меҳр-мурувватли бўлишига қуйидаги ҳадисни далил келтиради:

“Кимки турли риёлардан четлашган ҳолда, ўз оиласи ва қўни-қўшнисига инъом, саховат кўрсатиш учун ҳалол йўл билан молу дунё топса, қиёмат куни унинг юзи худди бадр кечасидаги тўлин ойдек бўлади… .

Абу Муин Насафий “Баҳр ул-калом” асарида яна ҳалоллик, меҳр-мурувват, саховатга Қуръондан Бақара сураси, 267-оятда ҳам инсонларни ҳалол йўл билан мол топишга буюрган: “Эй мўминлар, касб қилиб топган нарсаларингизнинг ҳалол-покизаларидан ва Биз сизлар учун ердан чиқарган нарсалардан инфоқ-эҳсон қилингиз!”

Насафийнинг таъкидлашича, ушбу оятда Аллоҳ эҳсон ва саховат қилишга буюрмоқда. Шундай экан, ушбу оят ва ҳадисларга мувофиқ инсоннинг ҳаётида меҳр-мурувват, хайр-эҳсон ва саховат кўрсатиб яшашини ҳаёти энг олий вазифа деб билиши керак.

Асрлар давомида ислом оламида тўғри йўл сифатида эътироф этилиб келаётган мотуридия таълимотининг асосчиси – Абу Мансур Мотуридий IX-X асрларда Самарқанд шаҳрида яшаб ижод қилган. Имом Мотуридий “Китоб ат-тавҳид”, “Таъвилот аҳли сунна”, “Мақолот” ва “Пандномаи Мотуридий” номли қатор асарлари бизга маълум.

Маҳмуд Замахшарий: “Хайру эзгуликдан бошқа инсонга кўркамлик берадиган ҳеч нарса йўқдир” дея таъкидлайди. Саховат ва кўмак инсон учун беназир зийнат экан мазкур ҳикматдан англашилади. Аллома қайд этишича, саховат нафақат инсоннинг ўзига, балки авлодлари саодатига ҳам таъсир кўрсатувчи омилдир: “Хайр-саховат ва фазилат соҳибининг фарзанди ҳурмат ва шону шарафга сазовор ва муносибдир, чунончи дур, инжу садафга қараганда юқори даражададир”.

Аллома таъкидлашича саховат инсонни ҳамиша азизу мукарррамликка етакловчи фазилатдир: “Сахий, карим киши ҳар жойда иззату икромда бўлади”. Саховат ва мурувват соҳиби қаерда бўлса ҳам ҳурмату эътиборга сазоворлиги мазкур панддан англашилади.

Хожа Абдухолиқ Ғиждувоний, Хожа Юсуф Ҳамадоний, Баҳоуддин Нақшбанд, Хожа Аҳрор валий каби машойихлар тараққиётини таъминлаган нақшбандия тариқати ҳалоллик, маънавий поклик, халққа хизмат, раҳбарларга итоат, фақир-муҳтожларга хайр-саховат, умуман, инсониятга, набототга, ҳайвонот ва жамодотга фақат эзгулик қилиш  каби фазилатлари билан ҳануз дунё мусулмонларини ўзига ром этиб келмоқда. Баҳоуддин Нақшбанд камолот йўлига қадам қўйганларида устозлари ул зотга фақиру-йўқсиллар ҳолидан хабар олиш, уларнинг яхши-ёмон дамларида бирга бўлишни насиҳат қилади.

Нақл қилинишича, Ҳазрат Баҳоуддин ўз азиз устозлари топшириқларини маромига етказиб бажарадилар. Шундан сўнг ҳайвонот оламига яхшилик қилиш, касал ва ногирон бўлган жонзотларни даволаш, парваришлаш топшириғини оладилар. Мана шундай қилиб, атроф жавонибдагиларнинг хизматини қилиб, кўлдан келганча яхшилик қилиш, меҳру-мурувват, саховат ва кўмак кўрсатиш орқали Муҳаммад Баҳоуддин камол топадилар ва бугунги кунда нақшбандия тариқати ул зотнинг муборак номлари билан боғлиқдир.

Биргина “Дил ба ёру даст ба кор”,  “Қўлинг ишда дилинг Аллоҳда бўлсин” деган рашҳа остида қанча ҳикмат мужассам. Дин ва дунё уйғунлиги, Аллоҳни зикр қилиш учун хонақоҳга ёки хилватга чекиниш шарт эмаслиги, ҳалол меҳнат қилиб ҳам, дилда зикр айтавериш мумкинлиги тамойили диёримизда қадим-қадимдан  илм-фан, касбу ҳунар тараққиётида муҳим аҳамият касб этди. Касб қил, меҳнат, топганингни муҳтожлар билан баҳам кўр. Мана нақшбандиянинг гўзал ғояси!

Ҳазрати Баҳоуддин Хожаи Жаҳон номи билан шарафланган Хожа Абдухолиқ Ғиждувонийнинг: “Олийҳиммат бўл, Ҳақ таъоло сенга нимаики берган бўлса Худонинг халқига нисор эт” каби устозлари ўгитларига қатъий риоя қилдилар. Аллоҳ ато қилган молу мулкни атрофдагиларга ҳадя қилиш – саховат ва кўмакнинг олий намунаси.

Меҳр- саховат Президентимиз таъбирлари билан айтганда халқни рози қилишдир. Халқ ҳолидан хабар олиш, мушкулини осон қилишдир. Бугун таълимда фаолият олиб бораётган ҳар бир ходим ёшлар билан ишлашга, уларнинг мунаввар истиқболига масъул экан, ёш авлоднинг ҳолидан, ички кечинмаларидан бохабар бўлиш, ёшларимизнинг шишдек нозик ва оқ дастурхондек покиза қалбларини йўл топа олишимиз, бу йўлда бор меҳру муҳаббатимизни, илмий-ижодий салоҳиятимизни сарфлашимиз давр олдимизга қўйган кечиктириб бўлмас вазифа ва том маънодаги меҳру саховатдир. Сўнгги пайтларда расмий оммавий ахборот воситаларида жамиятимизда энг коррупциялашган соҳалар қаторида, минг афсуски, таълимни ҳам кўрсатмоқда. Бугун коррупциядан ўзини тийган таълим вакили саховатлидир. Бугун коррупцияга қарши курашган таълим вакили сахийдир. Бугун олаётган маошига қаноят қилиб, ёшлар тарбиясига ўзини бағишлаган таълим ва тарбия соҳасининг ҳар бир вакили том маънодаги саховат эгасидир. Коррупция – миллатимиз, ёшларимиз, таълим ва тарбия, маънавият ва маърифат, меҳр ва саховат душманидир. Уни томирини қирқишга ҳисса қўшиш айни меҳр ва саховатдир. Ҳадиси шарифларда “Қаноат тугалмас хазина” дейилади. Айнан коррупциянинг турли кўринишларидан, талабаси, ўқувчиси, шогирдидан ҳеч нарса тама қилмайдиган устоз, муаллим ва мураббий энг катта бойлик эгасидир. Чинакам сахийдир.

Меҳр-саховат инсонийлик белгиси, юксак фазилатдир. У ўз соҳибини дунё ва охират саодатига етаклайди. Саховат жаннат аҳли фазилати экани эътиборидан, ёшларимизга соф виждон, мусаффо имон, самимий юрак билан таълим-тарбия беришимиз жанннатмакон она Ўзбекистонимизнинг гуллаб яшнашида, Учинчи ренессанс пойдеворини бунёд этишимизда муҳимдир.

   Хадичаи Кубро ислом махсус билим юрти

                                     Ахборот-ресурс маркази раҳбари

М.Саиджалолова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*