Қозилик шартлари

Ислом шариати қонунлари доирасига кирувчи қозилик ва маҳкама масалалари улкан бир илм ҳисобланиб, уни биргина мўъжаз мақолада  акс эттириш амри маҳолдир. Ҳар бир инсон бу ҳаёт давомида қозига иши тушиши ва аксар ҳолларда ўзи хоҳламаган ҳолда норасмий тарзда баъзи ишларга қозилик, ҳакамлик қилиши ҳам мумкин. Кундалик ҳаётимизга назар ташлайдиган бўлсак, ҳар куни ушбу қозилик масаласига дуч келишимиз мумкин. Мана масалан ота-она фарзандлари ўртасида қозидир. Икки фарзанд бир-бири билан келиша олмай қолганда тўғри ҳукм чиқариб бериш шарт, чунки бу болалар ўртасидаги тотувликни оширади, бир-бирига нисбатан адоватни кетказади. Қиз фарзандга бошқача, ўғилга бошқача муомала қилиш, асло мумкин эмас. Эркак киши ўз хотини ўртасида ҳукмни тўғри чиқариши лозим. Эркак киши ота-онаси ва аёли ўртасида ҳар куни қозилик қилишга мажбур бўлиши мумкин. Билганингизни қилаверинглар дейиши мумкин эмас чунки бунда заифлар хор бўлиб, кучлилар заиф устидан жабр қилиши мумкин. Агар адолат билан оилани бошқарса ўша хонадон доимо тинч-тотув бўлади. Албатта юртимизнинг ҳар бир соҳасидаги қозилари, ҳакамлари илм, иймон ва адолат билан ўз мижозларининг  муаммоларини ҳал қилсалар ҳаётимиз фаровонлигига катта ҳисса қўшган бўладилар. Юртимизда кенг кўламда олиб борилаётган ишлардан  бири бу ҳаракатлар стратегияси бўлиб, унинг иккинчи йўналиши ҳам айнан шу масалага йўналтирилган. Албатта ҳар бир инсон икки киши ўртасида ҳакамлик қилишга тўғри келганда ушбу ҳадисни эслаши ва амал қилиши лозим. Абу Бурайдадан у ўз отасидан розияллоҳу анҳу ривоят қилинган: «Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам: «Қозилар учтадир. Биттаси жаннатда. Иккитаси дўзахда. Жаннатдагиси ҳақни таниб туриб у ила ҳукм қилганидир.  Ҳақни таниб туриб ҳукмда жавр қиладигани дўзахдадир»,  ҳақни танимай одамлар устидан жоҳиллик ила ҳукм чиқарган одам дўзахда, дедилар. (Абу Довуд ривояти)

Ушбу ҳадисидан қозилик иши нақадар нозик экани кўриниб турибди. Қозилик орқали жаннатга эришадиганларга нисбатан дўзахга кирадиганлар икки марта кўп бўлганидан биламизки, у ҳақиқатан ҳам нозик ишдир. Қозидан талаб қилинадиган асосий нарса адолат ила ҳукм қилишдир. Исломда қозининг ишига ички ва ташқи таъсирлар халақит бермаслиги лозим. Қози ўз ҳукми билан кишилар тақдирини ҳал қилади. Қози ўлим фармонини  чиқариши мумкин. Ёки умрбод қамоқ, узоқ йилларга қамоқ, сургун, мол-мулк мусодараси, бировнинг айбдор ёки айбсиз экани ҳақида ва ҳакозолар. Бу ҳолат эса етук сифатларга эга бўлмаган, тақвоси етарли эмас қозиларни осонгина йўлдан озишига олиб бориши мумкин. Мол-дунё дардига тушса инсонлар устидан нотўғри ҳукм чиқариб пул топиши ҳам мумкин. Қозилари порахўр бўлган давлатда зулм, адолатсизлик, жабр ҳукм суради. Қозилари порахўр бўлган давлатда бечора оддий фуқаронинг мол-мулки, эрки, ҳуқуқлари аёвсиз топталади. Ана шу ва бошқа эътиборлар сабабидан ҳам қози ўз мустақиллигига эга, турли ички ва ташқи таъсирлардан холий бўлиши зарур. Фақат етук сифатларга эга бўлиб, ҳақни таниб у билан ҳукм қила оладиган кишиларгагина бу улкан масъулият юкланиши керак бўлади. Яна шуни ҳам қўшимча қилиб айтиш мумкин-ки ҳар бир инсон ҳаёти давомида қозилик қилиши мумкин. Чунки ҳаётимизда шундай ҳолатлар бўлади-ки унда икки одамни яъни икки хусуматлашувчини маҳкамага олиб бориб қозидан ҳукм сўраш шарт бўлмай қолади. Расулуллоҳ сав “Агар сафарга уч киши чиқсангиз албатта бирингизни амир қилиб олинг деганлар”. Чунки инсонлар турли-туман бўладилар, феъл-атворлари ҳам ўзгача. Сафар вақтида икки одам бирор масалада келиша олмай қолишса албатта учинчилари тезда чиройли ҳукмни чиқариб беришига шошилиши керак, чунки инсонлар ўртасини тезлик билан ислоҳ қилинмаса ҳар ким ўзини ҳақ, қарши тарафни ноҳақ ҳисоблаб, нотўғри ҳатти-ҳаракатлар қилиб қўйиши ва муаммо янада катталашиб кетиши мумкин. Расулуллоҳ сав сафарда деганларига сабаб, сафар кўпинча узоқ юртларга қилинади, икки тортишувчи муаммоларини ҳал қилиш учун қози топгунларича вақт кетиши ва кўнгил хиралиги ортиши мумкин.

Шариат истилоҳида ҳукмларни лозим тутиш, хусуматларни ажрим қилиш ва низоларни кесишга «қозилик» дейилади. Қозилик фарзи кифоя иш ҳисобланади. Агар қозиликка бир киши яроқли бўлса, ўшанга бу ишни қилиш вожиб бўлади.

Қозилик қилмоқчи бўлган шахсда қуйидаги сифатлар мужассам бўлиши шарт:

  1. Ҳурлик.
  2. Оқиллик.
  3. Балоғатга етганлик.
  4. Мусулмонлик.
  5. Адолатли бўлиш. (Катта гуноҳлардан четда бўлиб, кичик гуноҳларни давомли қилмаган бўлиши).

Қозиликни унга ўч бўлиб талаб қилиш тил билан ҳам, дил билан ҳам мумкин эмас. Қози аҳли илмларни ва адолатлиларни ўз атрофига йиғиши яхши иш ҳисобланади. Қози қалби бир нарса билан машғул бўлиб турганда, аччиғи чиқиб турганда, ўта хурсанд ёки хафа чоғида, оч ёки чанқоқ пайтида, тоҳарати қистаб турганда ёки бирор аъзоси оғриб турганда, ўта исиб ёки совқотиб турганда қозилик қилмайди. Қози ўзига ишончли, адолатли, солиҳ ва тақводор таржимон ва котиб ҳам олади. Қози ҳадяни қабул қилмайди. Илло, хусумат иши бўлмаган ўзининг маҳрамидан ва қози бўлишидан олдин ҳадя беришга одатланган одамдан аввалги миқдордаги ҳадяни олса мумкин. Ушбу рухсатдан ташқари ҳолда қози олган ҳадя пора деб эътибор қилинади.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади:

«Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳукмда пора берувчини ва пора олувчини лаънатладилар».

Аҳмад ва Термизий саҳиҳ санад ила ривоят қилишган.

Қози оммавий даъватлардан бошқа даъватга бормайди. Агар даъват эгасининг қозихоналик иши бўлса, қози оммавий даъватга ҳам бориши мумкин эмас. Қози хусуматчилар орасида ўтириш ва қарашни баробар қилади. Улардан бири билан пичирлашиб гаплашмайди, меҳмон қилмайди, кулишмайди, ҳазиллашмайди.

Абдуллоҳ ибн Абу Авфо розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган: «Набий соллаллоҳу  алайҳи васаллам: «Модомики қози жавр қилмас экан, Аллоҳ у биландир. Бас, қачонки у жавр қилса, Аллоҳ ундан воз кечади ва уни Шайтон ўзига лозим тутади», дедилар.

Термизий ривоят қилган.

Қайси бир қози адолат ила ҳукм қилса жаннатни, аксинча, қайси бир қози жавр ила ҳукм қилса, дўзахни қўлга киритади. Қозиликка номзод бўлган киши ҳар бир адолатли мусулмон шахсда бўлиши лозим сифатлардан ташқари яна бир қанча сифатларга эга бўлиши талаб қилинади. Имом Бухорий ўз саҳиҳларида Музоҳим ибн Зуфардан қўйидаги ривоятни келтирадилар. «Бизга Умар ибн Абдулазиз: Бешта (хислат) бор. Қозида улардан биттаси кам бўлса, битта айби бор бўлади. Қози ўта фаҳмли, ҳалим, афиф, қаттиқ, олим ва илмдан кўп сўровчи бўлиши керак» деди.

Қози учун амал қилиши вожиб бўлган ишлардан бири икки хусуматчи томонни ҳам яхшилаб эшитишдир. Фақат бир томоннинг гапини эшитиб туриб ҳукм чиқаришга ҳеч бир қозининг ҳаққи йўқ. Агар шундай қилса унинг ҳукми ўтмайди. Ҳазрати Али ўзлари: «Агар сенинг олдингга икки хусуматчининг бири кўзи ўйилган ҳолда келса ҳам, иккинчисини эшитмай туриб ҳукм чиқарма, эҳтимол иккинчисининг икки кўзи ҳам ўйилгандир», деган эканлар.

«Буюк саҳобий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу халифа Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳу томонларидан Куфага волий этиб таъйинланган эдилар. Бир куни Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу бир оддий аскарни уриб, сочини олдиртириб ташлади. Ҳалиги аскар олиб ташланган сочини йиғиб олиб, шикоят қилиш учун Куфадан Мадинага, ҳазрати Умар ибн Хаттоб розияллоҳу анҳунинг ҳузурлари томон жўнаб кетди. Мазкур аризачи ҳазрати Умар розияллоҳу анҳунинг олдиларига кириб: «Абу Мусо мени ўз улишимни тўла беришини талаб қилганим учун, ўз насибамдан оз олишга рози бўлмаганим учун урди. У мени сенинг ҳузурингга ўз ҳурмати борлигидан, сен ундан қасос олмаслигингга ишонганидан ва мусулмонлар ичида обрўси улуғлигига ишониб урди, деди.

Ҳазрати Умар розияллоҳу анҳу ўзлари таъйин қилган волий, Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳунинг қилган бу ишидан қаттиқ афсусландилар ва унга: «Агар бу ишни кўпчилик ичида қилган бўлсанг, унга кўпчилик ичида ўтириб, сендан қасос олишига имконият яратиб бер. Агар мазкур ишни холий жойда қилган бўлсанг, холий жойда ўтириб, унга ўзингдан қасос олишга имкон яратиб бер, бўлмаса, иш бошқача бўлади, деб мактуб ёздилар. Даъвогар мактубни олиб бориб волий Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳуга берди. Ҳодисадан хабардор одамлар ўртага тушиб, амир Абу Мусони афв қилишни илтимос қилдилар. Аммо даъвогар шахс бу илтимосларни қабул қилмади. Шунда  Абу Мусо ал-Ашъарий розияллоҳу анҳу уларнинг олдиларига чиқиб ўтирдиларда даъвогарга мурожаат қилиб:

-Кел, мендан қасосингни ол-дедилар. Ана шундагина даъвогар кишининг кўнгли ўрнига тушди ва бошини осмонга кўтариб туриб:

-Эй Роббим! Мен уни афв этдим!-деди.

Хулоса қилиб шуни айтамизки икки инсон ўртасида каттами-кичикми бир масала устидан ҳукм чиқармоқчи бўлсангиз у иккисининг қай бири сизга яқинлигига кўра эмас, қайси биридан кўпроқ қўрқишингизга кўра ҳам эмас, ундан келиши мумкин бўлган фойдани кўзлаб ҳам эмас, балки Аллоҳ ва Расулининг кўрсатмаларига асосан ҳукм чиқаринг, адолат ила чиқаринг.

إِنَّ اللَّهَ يَأْمُرُكُمْ أَنْ تُؤَدُّوا الْأَمَانَاتِ إِلَى أَهْلِهَا وَإِذَا حَكَمْتُمْ بَيْنَ النَّاسِ أَنْ تَحْكُمُوا بِالْعَدْلِ إِنَّ اللَّهَ نِعِمَّا يَعِظُكُمْ بِهِ إِنَّ اللَّهَ كَانَ سَمِيعًا بَصِيرًا (58)

Албатта, Аллоҳ сизларга омонатларни ўз аҳлига эриштиришни ва агар одамлар орасида ҳукм қилсангиз, адолат ила ҳукм қилишни амр қилур. аллоҳ сизларга қандай ҳам яхши ваъз қилур! Албатта, Аллоҳ эшитувчи ва кўрувчи зотдир.  (Нисо 58)

Хадичаи Кубро аёл қизлар ўрта махсус ислом таълим

муассасаси катта ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*