1 РАЖАБ – ТАВБА ОЙИ – .:: Xadicha.uz

РАЖАБ – ТАВБА ОЙИ

Уч муборак ойнинг биринчиси, тавба ойи бўлмиш Ражаб ойи ҳам кириб келди.  Анас ибн Молик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: «Ражаб ойи кирса, Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Аллоҳумма баарик ланаа фий ражабин ва шаъбана, ва баллиғнаа ромазона», дер эдилар». Байҳақий ривоят қилган. Маъноси: «Аллоҳим! Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака бергин ва Рамазон ойига етказгин».

Ражаб ойида тавбага шошилиб, маьсиятлардан четланган ҳолда кейинги икки муборак ойга тайёргарлик кўриш ва охират учун заҳира тўплашга киришиш лозим. Абдулқодир Гийлоний қуддиса сирруҳу «Кунятут-толибийн» номли асарида ёзадилар: «Ражаб – тавба ойи; шаъбон – муҳаббат ойи; рамазон эса қурбат ва вуслат, яъни Ҳақ таолога яқинлик ҳосил қилиш ва етишиш ойидир». Демак, ушбу ойда банда ўтган саҳв-хатолари учун тавба қилиб, гуноҳларидан покланган ва гуноҳлардан четланган ҳолда солиҳ амалларга уриниши лозим екан.

Тавба сураси, 36-оятида Аллоҳ таоло бундай деб марҳамат қилади:

إِنَّ عِدَّةَ الشُّهُورِ عِندَ اللّهِ اثْنَا عَشَرَ شَهْرًا فِي كِتَابِ اللّهِ

 يَوْمَ خَلَقَ السَّمَاوَات وَالأَرْضَ مِنْهَا أَرْبَعَةٌ حُرُمٌ

«Албатта, Аллоҳнинг наздида ойларнинг саноғи – Аллоҳ осмонларни ва ерни яратган кунида белгилаб қўйганидек – ўн икки ойдир. Улардан тўрттаси (уруш ҳаром қилинган) муқаддас ойлардир» Булар Зулқаъда, Зулҳижжа, Муҳаррам ва Ражаб ойларидир.

Бошқа ойларда тақиқланган ҳаром ишладан бу ойларда янада қаттиқроқ қайтиш лозим болади. Чунки, бу ойларда қилинадиган гуноҳлар бошқа ойлардаги  гуноҳлардан кўра янада оғирроқдир.  Бу ойда гуноҳ қилиш – бу муборак ойларнинг муқаддаслигини оёқости қилиш ҳам саналади. Муқаддас ойларда гуноҳ қилиш худди масжид ичида ёки ҳарами шарифда (Каъбатуллоҳда)  ва эҳромли ҳолда гуноҳ қилишдек оғир жиноятдир.

Фақиҳ Абул-Лайс Самарқандий «Тафсийрул-Қуръон» китобида мазкур ояти каримани шарҳлаб, айтадилар: «Бу дегани бошқа ойларда гуноҳ қилиш мумкин дегани эмас. Албатта, бутун ойларда қилинадиган гуноҳлар ҳаром. Аммо бу ойларда қилинадиган гуноҳлар бошқа ойлардаги гуноҳлардан кўра янада оғирроқдир. Чунки содир этилган гуноҳлар билан бу ойларга ҳурматсизлик кўрсатилган бўлади. Ичкилик ичмоқ ва зино қилмоқ ҳамма вақт ва ҳамма жойда ҳаром. Худди шу жиноятлар масжидларда қилинса, гуноҳ яна ҳам ортади».

Ражаб гуноҳ ишларни, зулм ва жабрни тарк этиш; шаъбон солиҳ амаллар қилиб, Аллоҳ таолога садоқатини кўрсатиш; рамазон эса ҳақиқат ва ҳузур-ҳаловатга эришиш ойидир. Зуннуни Мисрий раҳматуллоҳи алайҳ (вафоти ҳижрий 245, милодий 859) айтадиларки: «Ражаб уруғ қадаш ойи, шаъбон унган экинни суғориш ва парваришлаш ойи, рамазон эса ўрим-терим ва ҳосилни йиғиштириб олиш ойидир».

Демак, Ражаб ойи – покланиш, ўзини ислиҳ қилиш ойиҳамдир. Шу билан бирга бу ийда солиҳ амалларга ҳам шошилиш лозим. Жумладан, Ражаб  ойида тутиладиган нафл рўза ҳам тарғиб қилинган савоби улуғ амаллардан саналади. Усмон ибн Ҳакимдан ривоят қилинади: «Саъид ибн Жубайрдан Ражаб ойида турганимизда Ражаб рўзаси ҳақида сўрадим. У: «Ибн Аббоснинг: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам рўза тутар эдилар, ҳатто оғизларини очмасалар керак, дер эдик. Оғизлари очиқ бўларди, ҳатто рўза тутмасалар керак, дер эдик», деяётганини эшитганман», деди». Яьни, У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам гоҳида сурункасига рўза тутар эдилар, ҳатто кишилар у киши оғизларини очмаслар керак, деб ўйлаб қолишарди. Гоҳида эса, сурункали оғизлари очиқ юрганларидан кишилар энди рўза тутмасалар керак, деб ўйлаб қолишар эди. Ражаб ойда ҳам шундоқ бўлар эди.

Яна Ражаб ойида рўза тутишнинг фазилати ҳақида қуйидаги ҳадиси шарифда ҳам баён қилинади: Мужийба ал-Боҳилийя розияллоҳу анҳодан, у киши ўз оталари ёки амакиларидан ривоят қилади: «Албатта у (отаси ёки амакиси) Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳузурларига борибди. Сўнгра эса бир йилдан кейин яна ҳолати ва кўриниши ўзгарган ҳолда келибди ва:

«Эй Аллоҳнинг Расули, мени танимаяпсизми?», дебди.

«Сени нима ўзгартирди? Чиройли кўринишда эдинг?», дедилар.

«Сиздан ажраганимдан сўнг фақат кечасигина таом едим», деди.

Шунда Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам:

«Нима учун ўзингни азобга солдинг?», дедилар-да, сўнгра:

«Сабр ойи рўзасини тут ва ҳар ойдан бир кун тут», дедилар.

«Бир оз зиёда қилинг, менинг қувватим бор», деди.

«Икки кундан рўза тут», дедилар.

«Бир оз зиёда қилинг», деди.

«Уч кундан рўза тут», дедилар.

«Бир оз зиёда қилинг», деди.

«Ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, ҳаром (ой)ларида рўза тут, сўнгра тарк қил, деб уч бармоқларини буклаб-ёзиб кўрсатдилар». Абу Довуд, Аҳмад ва Насаий ривоят қилган.

Ушбу ҳадиси шарифдан йил бўйи рўза тутиш шариатга тўғри келмаслиги, нафл рўза тутмоқчи бўлган одам Рамазондан бошқа ойларда бир кундан, икки ёки уч кундан тутса бўлишини ва агар мазкур миқдорни ҳам оз деб, билса ашҳурул ҳурумда-ҳаром ойларда уч кун-уч кундан тутса яхши бўлиши. Ражаб ойи ҳам ҳаром ойлардан бўлганидан унда нафл рўза тутиш афзаллигини англашимиз мумкин. Демак, Ражаб ойида нафл рўза тутиш савобли иш ҳисобланади. Ҳадис китобларида келтирилган ривоятларда Ражаб ойида рўза тутганларга улкан савоблар ваъда қилинган.

Бу муборак уч ой ҳар йили такрорланадиган буюк бир имкон, бебаҳо фурсат, энг мақбул онлар, олтин дамлардир.

Бу муборак ойнинг ҳар бири фазилатли кечалар билан зийнатланган: ражаб ойининг 27-га  ўтар кечаси Меърож кечаси, Шаъбоннинг 14-кунидан 15-га ўтар кечаси Барот кечаси, муборак рамазоннинг 26-дан 27-га ўтар кечаси Қадр кечасидир.

Аллоҳ таъоло Ражаб ва шаъбон ойларида бизга барака берсин ва Рамазон ойига етказсин, бу муборак ойлардан мағфират қилинганлар қаторида чиқишимизни насиб етсин!

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом

 таьлим муассасаси ўқитувчиси Г.Кенжабой

 

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*