Рўза тутмасликка руҳсат берилганлар.

Аллоҳ таоло мўмин мусулмон киши учун Рамазон рўзасини тутишни фарз қилган. Шу билан бирга марҳамати чексиз бўлган Роббимиз баъзи тоифадаги инсонлар учун рўзани Рамазон ойида тутолмаганликлари сабабли унинг қазосини бошқа ойларда тутишга ёки умуман рўза тутишларига кўзи етмаганларга фитр садақа бериб фарз бўлган амални ўз зиммаларидан соқит қилишга руҳсат берган. Бу тоифа инсонлар қуйидагилар:

  1. Касал инсонлар;
  2. Сафардаги инсонлар;
  3. Тузалишларидан ёки қайта қувватга киришларидан умид бўлмаган касал ёки қариялар;
  4. Ҳомиладор ва эмизувчи аёллар.

          Касал ва сафардаги инсонларга рўза тутмасликка руҳсат эканлигига қуйидаги оят далил бўлади:

أَيَّامًا مَعْدُودَاتٍ فَمَنْ كَانَ مِنْكُمْ مَرِيضًا أَوْ عَلَى سَفَرٍ فَعِدَّةٌ مِنْ أَيَّامٍ أُخَرَ وَعَلَى الَّذِينَ يُطِيقُونَهُ فِدْيَةٌ طَعَامُ مِسْكِينٍ فَمَنْ تَطَوَّعَ خَيْرًا فَهُوَ خَيْرٌ لَهُ وَأَنْ تَصُومُوا خَيْرٌ لَكُمْ إِنْ كُنْتُمْ تَعْلَمُونَ

Саноқли кунлар. Сизлардан ким бемор ёки мусофир бўлса, бас, саноғини бошқа кунларда тутади. Уни қийналиб тутадиганлар зиммасида бир мискин таоми фидя лозимдир. Ким яхшиликни ўз ихтиёри ила қилса, ўзи учун яхшидир. Агар билсангиз, рўза тутмоғингиз сиз учун яхшидир.[1] Рўза тутмасликни мубоҳ қилувчи касаллик ва сафар қандай бўлиши кераклиги борасида уламолар турлича фикрлар билдирганлар. Лекин тўрт мазҳаб эгаларининг бу борадаги фикрлари бир хилдир. Улар рўзани очишни мубоҳ қилувчи касаллик енгил бўлмаслиги керак ва сафар ҳам яқин сафар бўлмаслиги керак дейдилар. Бармоқ оғриғи ёки тиш оғриғи кабиларда рўзани очиш тўғри бўлмайди деганлар. Шу жумладан  имом Абу Ҳанифа роҳимаҳуллоҳ рўзани очишга руҳсат берувчи сафар уч кеча-кундузлик йўлдан кам бўлмаган сафар деганлар. Албатта бу ерда туя ёки уловдаги сафар назарда тутилган. Ҳозирги кунда эса сафар масофаси саксон км.дан зиёда бўлса рўзани очиш мубоҳ бўлаверади. Бу касал ёки мусофир киши албатта рўзасини очиши керак деган гап эмас. Уламоларимиз рўза тутиш албатта қуввати етган одамга афзалдир, рўза тутишга қодир бўлмаган одамга тутмаслик афзал бўлади деганлар. Рўзани ўз вақтида тутолмаган бундай узр эгалари имконлари бўлган бошқа ойда бўлиб-бўлиб (яъни кетма-кет бўлмаса ҳам) тутиб беришлари мумкин бўлади.

          Қайта қувватга кириб рўза тута олишларига кўзи етмайдиган қарияларга ёки тузалишларига кўзи етмайдиган ҳасталар ўз зиммаларига фарз бўлган рўзани фидя бериш билан ўзларидан соқит қилишлари мумкин. Ибни Аббос розияллоҳу анҳумо: “Ёши катта чолга рўза тутмаслиги, ҳар бир кундан бир мискинга таом беришлиги, унга қазо йўқлиги рухсат берилди” деганлар. Ояти кариманинг ўзи ҳам бунга далил бўла олади. Ҳомиладор ва эмизувчи ўзларига ёки болаларига хавф қилсалар, рўза тутмайдилар. Чунки у иккаласининг ҳукми касалнинг ҳукмидир.[2] Улар маълум муддатдан кейин ҳомиласини туғишлари ёки эмизишликни тугатишлари эътиборга олиниб улар фидя бермайдилар балки фақат қазо тутиб берадилар дейилади. Чунки фидя келажакда рўза тутишга кўза етмайдиганлар учун жорий қилинган.

           Ислом дини бағрикенглик ва осончилик динидир. Аллоҳ таоло ўз бандаларига доимо енгилликни ирода қилади. Юқорида ўтган мисоллар бунинг яна бир исботидир.

4-курс талабаси Кенжаева Юлдуз 

[1] Бақара сураси 184-оят

[2] Муҳаммад Али ибн аш-шайх Жамил ас-Собуний “Роваиъул баён”

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*