????????????????????????????????????

 КУФУРДА АЙБЛАШ – БУЮК ХАТАР

Такфир тушунчаси замонимизнинг энг буюк хатоларидан бирини қилаётган такфирчилар билан бирга ўзининг катта хатарини кўрсатиб келмоқда. Бирор мусулмонни ёки мусулмон деб билинадиган кимсани куфрда айблаш маъносини билдирадиган “такфир” ислом тарихи давомида турли гуруҳларнинг қўлида қурол сифатида қўлланиб келинган. Бундай ҳолатлардан табаиийки исломга душман бўлган тоифалар ўзларига фурсат ўлароқ фойдаланиб келганлар ва келмоқдалар. Ваҳоланки Аллоҳ таоло Қуръони каримда тафриқага тушмаслик, бирдам бўлишликка доир кўплаб оятларни нозил қилган Аллоҳга ва Унинг Расулига итоат қилинг. Ўзаро низо қилманг, у ҳолда тушкунликка учрайсиз ва куч-қувватингиз кетадир. Ва сабр қилинг. Албатта, Аллоҳ сабр қилгувчилар биландир. (Анфол 46)

Барчангиз Аллоҳнинг ипини маҳкам тутинг ва бўлиниб кетманг. Ва Аллоҳнинг сизга берган неъматини эсланг: бир вақтлар душман эдингиз, бас, қалбларингизни улфат қилди. Унинг неъмати ила биродар бўлдингиз. Оловли жар ёқасида эдингиз, ундан сизни қутқарди. Шундай қилиб, Аллоҳ сизга Ўз оятларини баён қилади. Шоядки ҳидоят топсангиз. (Оли Имрон 103)

Эй иймон келтирганлар! Аллоҳнинг йўлида жиҳодга чиқсангиз, аниқлаб олинглар ва сизга салом берган кимсага, мўмин эмассан, деманглар. Бу дунё ҳаётининг ўткинчи ўлжасини истайсизлар, Аллоҳнинг ҳузурида эса кўплаб ўлжалар бор. Авваллари сиз ҳам шундай эдингиз, Аллоҳ сизга неъмат берди. Бас, аниқлаб олинг. Албатта, Аллоҳ нима қилаётганингиздан хабардордир. (Нисо 94)

Куфр сўзи луғатда “ёпиш”, “беркитиш” маъносини англатади. Куфрнинг шаръий маъноси имоннинг зидди бўлиб, “тониш”, “бош тортиш” маъноларидадир. “Кофир” дегани “куфр эгасининг қалби куфр сабабли ёпилган” деган маънодадир. “Куфр шариатда Пайғамбар сав ни динга оид олиб келган нарсаларида ёлғончига чиқаришдир”.
Қайси ҳолатларда иймон доирасидан чиқиб кетишни ақоид ва калом уламолари белгилаб берадилар. Мусулмон бўлиб сўнгра куфрга қайтган яъни муртад бўлган кишининг ҳукмларини эса фиқҳ илми тартибга солади. Шу ва бошқа бир қанча сабаблар туфайли бирор мўъминни куфрда айблаб, унга муртад тамғасини босиш, уни жазолаш учун калом илмининг энг нозик жойларигача, фиқҳ ва усулул фиқҳ илмларининг барча ҳукмлари-ю, қоидаларини тўлиқ билган олим бўлиш талаб этилади. Ҳозирги кунда эса мусулмонларни куфрда айблаб, уларнинг қонлари ва молларини ҳалол санаётганлар мужтаҳидлик даражасига эга бўлиш у ёқда турсин диннинг асл қоидаларини ҳам билмайдиган инсонлардир.

“Расулуллоҳ сав нинг тириклик вақтларида ҳам такфир тушунчаси бўлганми?” деган ўринли бир савол туғилиши мумкин. Бунга жавобан шуни айтиш мумкинки у даврда кимларнинг кофир эканлиги маълум эди. Мадинага ҳижрат қилинганидан сўнг эса яна бир тоифа яъни “мунофиқлар” пайдо бўлишди. Уларнинг сўз ва амаллари мусулмонлар каби бўлиб, уларнинг мунофиқлигини ҳеч ким ажрата олмас эди. Аллоҳ таоло Расулуллоҳ сав га кимнинг мунофиқ эканлигини бирма бир билдириб қўйган бўлсада, буни ҳаммага ошкор қилмас эдилар. Мусулмонларни ҳеч бир кимсани куфрда айбламасликка чақирар, “Лаа илаҳа иллаллоҳ” калимасини айтганларнинг жони ва моли омонда эканини таъкидлардилар. Бир мусулмон бошқа бир мусулмонга кофирсан дейиши мумкин эмаслиги ҳақида ҳам бир қанча ҳадислар ворид бўлган.
Ибн Умар ра дан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ сав: “Бир киши биродарига “эй кофир!” деса бу гап аниқ иккисидан бирига тегишли бўлади. Агар у киши ростан ҳам кофир бўлса, унга қайтади. Аммо ундай бўлмаса, гапирувчининг ўзига қайтади”, деб айтдилар (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Абу Зарр ра дан ривоят қилинади. У зот Расулуллоҳ сав ни бундай деяётганларини эшитган: “Ким бир кишини “кофир” деб чақирса ёки “Аллоҳнинг душмани” деса, аслида у одам бундай бўлмаса, гаплари ўзига қайтади” (Имом Муслим ривояти).
Ислом тарихида илк такфир ҳаракати Хорижийлар тарафидан бошланган.

 Ҳазрати Али ва ҳазрати Муовия орасида бўлиб ўтган Сиффин жангидан сўнгра юзага келган бу фирқа энг бошида Али ра ва Муовия ра ни кофир санаб, улардан сўнг бу жангга қатнашган барчани кофир дейишга ўтишди. Амални иймоннинг бир жузъи деб санаган хорижийлар бундан сўнг катта гуноҳ қилган барчани куфрда айблаган Хорижийлар ислом дунёсидаги давлатга қарши чиққан, террор оловини ёққан илк фирқа эди.
Мўътазилийлар эса бу масалага Хорижийлардан кўра бироз енгилроқ қараганлар. Улар катта гуноҳ қилган одамнинг иймондан чиққанини лекин куфрга кирмаганини айтадилар. Аҳли суннат вал жамоат уламолари эса гуноҳи кабира қилган мусулмон, кофир эмас гуноҳкор мўъмин дейилишини айтганлар. Такфир масаласида эса жуда эҳтиёт бўлиб ҳукм чиқарганлар. Аҳли қибладан бўлган кишининг гуноҳ иш қилиши билан уни кофирга чиқармаслик қоидаси доимо аҳли суннат ва жамоат ақидасининг асоларидан бўлган. Бунга кўплаб далилларни келтирадилар.
Пайғамбар сав бундай дейдилар: “Ким биз ўқиган намозни ўқиса, қибламизга юзланса, биз сўйган нарсалардан еса, у мусулмондир. Бизга нима ҳуқуқ бўлса, унга ҳам шу ҳуқуқ ва бизга нима мажбурият бўлса, унга ҳам шу нарса мажбуриятдир” (Имом Бухорий ва Имом Муслим ривояти).
Такфир масаласи ҳақида мусулмон оламининг кўплаб забардаст олимлари қуйидаги фикрларни айтадилар.

Имом Ғаззолий шундай дейдилар: Таъвил хусусида хатога тушган одамни кофирга чиқариш кераклиги ҳақида ҳеч қандай насс собит бўлмаган. Шу сабабли бировни куфрда айблаётганлар ўз даъволари учун далил келтиришлари шартдир. Ла илаҳа иллаллоҳ деган кишининг моли ва жонининг сақланиши ҳақида эса кўплаб далиллар бор.
Имом Аъзам айтадилар:  “Бидъатчиларнинг хатоларидан бири шуки, улар бир бирларини кофир деб атайдилар. Аҳли суннатнинг гўзал тарафи эса, хато қилинган пайтда бир бирларини кофирга чиқармайдилар”.
Мусулмон олимларининг бир қанча масалаларда бир-бирлари билан ихтилоф қилганларини кўрамиз, лекин улардан ҳеч бири бошқасини куфрда айбламаган. Мусулмонни куфрда айблаганлар аксар ҳолларда исломнинг туб моҳиятини англаб етмаган билимсиз инсонлардан содир бўлганига тарих шоҳиддир.

Имом Шавконий айтадилар:  “Кишининг ўз иши билан куфр миллатига ўтишни хоҳламаган ҳолатда, унинг бирор куфрга олиб борадиган феълни қилиши сабабли уни кофир дейилмайди. Худди шунингдек маъносини қабул этмаган ҳолда мусулмоннинг бирор куфр калимасини ишлатиб қўйгани учун ҳам унга кофир нисбати берилмайди”. Такфир бу икки учи бор ўққа ўхшайди. Ўқни отилганда қарши тараф кофир бўлса ўша ерда қолади, агар ундай бўлмаса, ўқ ортга қайтиб отувчининг ўзига тегади, яъни сўзловчининг ўзи кофир бўлади.

Мусулмон эканлигини айтиб турган кишига шубҳа билан куфр тамғасини босилмайди. Мусулмон кишининг ишларида ва сўзларида бир қанча куфр эҳтимоли ва бир дона иймон эҳтимоли бўлса ҳам унга кофир дейилмайди.

Инсон ўзининг динга киришига сабаб бўлган эътиқодларининг ҳаммаси ёки баъзисини инкор этмас экан диндан чиққан ҳисобланмайди. Жузъий масалалардаги ҳар хил фикрга эга бўлиш эса унинг кофирлигига далолат қилмайди. Чунки у ўзи қилаётган ишини тўғри деб ўйлаётган бўлиши ёки унга бирор далил билиши мумкин ёки далилни нотўғри таъвил қилаётган бўлиши мумкин. Шунинг учун уни кофир деб бўлмайди.
Ислом олимлари айтадиларки мусулмон одамга кофир деб ҳукм чиқариш учун қуёшдан ҳам порлоқ ва очиқ далиллар керак.
Мусулмондан содир бўлаётган феълларда таъвил қилиш мумкин бўлган бирор ҳолат бўлса, лекин бу таъвил бизнинг наздимизда хато бўлса-да, таъвил эгасини кофирга чиқарилмайди. Хорижийларни куфрда айблаш мумкин бўлмагани каби.

Ислом фиқҳида айблар шубҳа сабаблар кетказилади, ҳадлар шубҳа сабабли бекор қилинади қоидалари бордир. Такфир яъни бирор инсоннинг кофир эканлигига ҳукм қилиш сабабли у инсонни ўлимга ҳукм этилиш керак бўлади, лекин инсонни куфрда айблаш ва уни исботлаш юқорида айтганимиздек аниқ далил ва ҳужжатларни талаб этади. Мусулмонман деб турган инсонни шубҳа билан куфрда айблаш хато ва гуноҳ саналади.
Аҳли қибланинг яъни каъба тарафга қараб намоз ўқишнинг фарзлигига ишонган, диний заруротларни яъни исломнинг тамал қоидаларини қабул қилган фақтгина иймоннинг асосларини турли таъвил қилган турли мазҳаб ва фирқаларни куфрда айблашга аҳли суннат ва жамоат қаршидир.

 

 

Хадичаи Кубро аёл қизлар 
ўрта махсус ислом таълим 
муассасаси ўқитувчиси
Иброхимова Фотима

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*