Жаҳон Отин Увайсий ҳаёти ва ижоди

      Ўзбек мумтоз адабиёти тарихида Жаҳон Отин Увайсий номи истеъдодли шоира сифатида эътироф этилади. Асли марғилонлик бўлиб, Амирий ва Моҳларойим Нодира ҳукмронлиги даврида Қўқонда яшаб, ҳаёти ва ижоди шу ердаги адабий муҳит билан боғланган шоира фаолияти серқирра ҳисобланади.

ХХ асрнинг 30 йилларида жадид намояндаларидан Чўлпон шоира ижодига эътибор қаратади. Унинг “Увайсий” номли махсус мақоласи “Ёрқин турмуш” журналида чоп этилади. Мақола қисқа бўлса ҳам Чўлпоннинг ўтмишдаги ижодкор ҳаёти ва ижодига бўлган эътибори, уни оммалаштириши, тарғиб этиши ўз халқининг миллий ўзлигини англатишга бўлган ҳатти-ҳаракатлари самараси деб баҳолаш мумкин.

         Мақолада шоирани Чўлпон Жаҳонойи деб атаган ва унинг ҳаёти ҳамда ижоди ҳақида бир қатор маълумотлар берган. Жаҳонойи аслида Марғилондан эканлиги, Қўқонга эса шоирларнинг адабий гурунгларида иштирок этиш учун боргани  ва маслаҳатларга амал қилган ҳолда қари кампир қиёфасида адабий давраларда иштирок этгани ҳақида гапирилган. Дастлаб шоирани адабий давраларга киритмайдилар, лекин шоира “Забонингни” дея бошланган ғазалидан бир байт ёзиб, шоирлар мажлисига киритади.  Жаҳонотинда шеър ёзишга ҳавас анча эрта уйғонган бўлиб, у “Увайсий”, “Вайсий” тахаллусидаги лирик шеърлари билан тез орада элга танилади. Баъзи маълумотларга кўра, Увайсий амир Умархон ҳукмронлиги даврида Қўқонга келиб, саройдаги мушоираларда иштирок этган. Қўқонлик адабиётшунос олим Пўлатжон Қайюмовнинг (1885 – 1964) “Тазкираи Қайюмий” асарида ёзилишича, Увайсий амир Умархоннинг вазири Қосим оталиқнинг укаси Нақибга қариндош бўлгани учун шу ерга келиб турган. “Тазкираи Қайюмий”да бу ҳақда, жумладан, шундай ёзилади: “Баъзиларнинг айтишича, Оталиқнинг укаси Нақибнинг хотунига яқинроқ қариндош бўлганидан шунда турди. Бир-икки йилдан сўнгра шоиралиги билан шуҳратланди ва овозаси хоннинг ҳарамсаройига маълум бўлгач, Моҳларойим ўз ҳузурига қабул этди ва унга мушфиқлик этиб, ҳарамда ўзига муносиб бир ўрун кўрсатди. Умархоннинг ўзидан ҳам қочар, одоби таълимда ягона эди, деб мулла Салоҳжон махдум қозидан эшитиб, шоир Мирзойи Хўқандий сўзлаб эди”. Шундан сўнг шоиранинг тақдири қуйидагичакечди: 1842 йили Бухоро амири Насрулло томонидан Қўқон босиб олингач, Увайсий Марғилонга қайтиб кетган ва умрининг охиригача ижод билан шуғулланиб, 1845 йилда, тахминан 65, айни ижоди гуркираган ёшида вафот этган. Увайсийдан бизга салмоқли адабий мерос қолган. У умри давомида 4 девон тузганлиги маълум. Жаҳонотин Увайсий  ўзбек  мумтоз  адабиётида  ўз  ўрнига  эга  ижодкор  ҳисобланади.

         Шуни вйтиш керакки, Жаҳонотин Увайсийнинг ҳаёти ва ижоди ҳақида кўп ишлар қилинди, аммо шоиранинг ижодий маҳорати ўзбек адабиёти ихлосмандларига тўлиқ очиб берилгани йўқ. Шу кунгача чоп этилган девонларидаги асарлари ҳали якунига етказилмаган. Ушбу девонларда хали ўрганилмаган турли жанрлардаги асарлар мавжуд. Маълумки, шоиранинг шу кунгача 269 ғазал, 29 мухаммас, 55 мусаддас, 1 мурабба ва 13 чистони ўрганилган.

Шоираларнинг юксак бадиий маҳорат эгаси бўлишида шарқ адабиётининг йирик намоёндаларидан таъсирлангани ҳам муҳим аҳамиятга эга. Жаҳонотин Увайсий ижодида ҳам Навоий, Фузулий, Бедил, Машраб каби ўзига устоз деб билгувчи салафларига эргашиши аниқ сезилиб туради. Айниқса, шоира шеърият мулкининг султони бўлмиш Алишер Навоийнинг анъаналарини давом эттириб, буюк устозига издош сифатида ижод қилгани шоиранинг девонларида намоён бўлади. Алишер Навоийнинг  девонларида 16 та шеърий жанр намуналари мавжуд. Жаҳонотин Увайсийнинг ҳозирги кунда маълум бўлган 4 та девонини кўздан кечирсак, 10 дан ортиқ лирик жанрларда самарали ижод қилганини кўришимиз мумкин.

          Жаҳонотин Увайсий, шубҳасиз,ўзбек мумтоз адабиётининг етук намоёндаларидан биридир. Шоиранинг Навоий, Фузулий, Машраб ғазалларига боғланган кўплаб мухаммаслари, назиралари, Бедил шеърларига татаббуълари Увайсий маҳоратининг, иқтидорининг балоғатидан далолат беради. Шоира, асосан, арузнинг ҳазаж ва рамал баҳрларида ижод қилди. Бу ҳолат унинг ижодини халқ оғзаки ижоди билан ҳамоҳанглигини яққол кўрсатиб туради. Шоира мумтоз адабиётимизнинг деярли барча жанрларида юксак савия билан ижод қила олган иқтидор эгаси саналади. Айниқса, ғазал  ва мухаммас жанрларида ўзининг беқиёслигини намоён қилди. Ўзбек мумтоз адабиётида Жаҳонотин Увайсий ижоди ўзига хосликлари билан ажралиб туради.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

И.Нурмуҳаммедова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*