“ҚУРЪОНИЙЛАР”НИНГ ПУЧ ДАЪВОСИ

Ҳозирда Ҳиндистон тупроқларида муваффақиятсизликка учраб, турли мусулмон диёрларига тарқатишга ҳаракат қилинаётган, Туркияда авж олишни бошлаган “Қуръонийлар “ оқими  ҳаракатини кузатишимиз мумкин.

      Қуръонийларнинг асосий ғояси ва шиорига кўра, турлича таснифланиши мумкин бўлган масалан  мутовотир, саҳиҳ, заиф, мавзу ҳадислар мусулмонларнинг ўзаро келишмовчилигига асос бўлади, шунга кўра суннатдан воз кечиб,  фақат Қуръонга эргашиш керак дейдилар. Аммо бу жуда хатарли даъво бўлиб, айнан Қуръон оятларига зид келади. Чунки, Аллоҳ таоло Қуръони каримда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам нозил бўлган нарсани баён қилиб берувчи эканлигини баён қилган:

 “Очиқ-ойдин баёнотлар ва китоблар ила (юбордик). Ва сенга одамларга нозил қилинган нарсани ўзларига баён қилиб беришинг учун зикрни нозил қилдик. Шоядки, тафаккур қилсалар” (Наҳл сураси, 44 оят).

Ушбу оятда  Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам “зикр”ни яъни Қуръон оятларини баён қилиб берувчи эканликлари таъкидланмоқда. Суннатга эргашмайдиганлар эса бу оятга хилоф иш қилаётган бўладилар.

Бутун ислом умматининг ижмоъси, иттифоқи шуки, Қуръони каримдан кейинги диннинг энг катта манбаси ҳадиси шарифлардир. Бунга ислом уламоларининг барчаси, барча мазҳаб олимлари, ҳақ мазҳаблар ҳам, ботил мазҳаблар ҳам ижмоъ қилганлар.

Қуръони каримни тушунишда ҳадиси шарифларнинг қанчалик  ўрни бор деган саволга қуйидагича жавоб беришимиз мумкин:  бандаларга намоз, закот, рўза ва ҳажни фарзлиги, фаҳш ишларнинг зоҳири-ю ботини ҳаромлиги, зино қилиш, ўлимтик ейиш, қон ва чўчқа гўшти ҳаромлиги  оятлар орқали ўрганилади. Шунингдек, фарзлигини Қуръон карим билан ҳукм қилиниб, кайфияти Расулулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам орқали баён қилинадиган оятлар бор. Масалан, намозни неча ракатлиги, намоз вақти, закотни ҳукмлари, закотнинг миқдори, ҳаж амаллари каби. Уларни Қуръони каримда Аллоҳ фарз эканлигини айтган, бошқа жиҳатларини Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам баён қилдилар. Масалан, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳажда Сафо ва Марва тепалиги орасида етти марта саъй қилдилар ва саҳобаларни у зотга эргашишга буюриб:

“      خذوا عني مناسككم”- “ Ибодатларингизни мендан ўрганинглар”дедилар.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламга эргашиш фарз эканлиги, у зотга итоат қилиш зарурлиги кўпгина оятларда келган бўлиб, баъзиларини келтириб ўтамиз:

“Ким Пайғамбарга итоат қилса, Аллоҳга итоат қилган бўлади. Ким юз ўгирса, Биз сени уларга қўриқчи қилиб юборганимиз йўқ” (Нисо сураси, 80 оят).

“Йўқ, Роббингга қасамки, сени ўз ораларида чиққан келишмовчиликларга ҳакам қилмагунларича, кейин, чиқарган ҳукмингга дилларида танглик топмасдан, бутунлай таслим бўлмагунларича, зинҳор мўмин бўла олмаслар”. (Нисо сураси, 65 оят).

“Ким ўзига ҳидоят равшан бўлгандан кейин Пайғамбарга хилоф қилса ва мўминларнинг йўлидан бошқа йўлга юрса, кетган томонга қўйиб қўямиз ва жаҳаннамга киритамиз. У қандоқ ҳам ёмон жой!” (Нисо сураси, 115 оят).

Аллоҳ таоло одамларга Ўзининг Китобига ва Расули алайҳиссаломнинг суннатига эргашишни фарз қилиб, шундай марҳамат қилди:

“Аллоҳ мўминларнинг ўзларидан уларга Аллоҳнинг оятларини тиловат қилиб берадиган, уларни поклайдиган, Китоб ва ҳикматни ўргатадиган пайғамбар юбориш билан неъматлантирди. Ваҳоланки, улар илгари очиқ-ойдин залолатда эдилар” (Оли Имрон сураси, 164-оят).

“Эй иймон келтирганлар! Аллоҳга итоат қилинг, Пайғамбарга ва ўзингиздан бўлган ишбошиларга итоат қилинг. Бирор нарса ҳақида тортишиб қолсангиз, агар Аллоҳ ва охират кунига иймон келтирган бўлсангиз, уни Аллоҳга ва Пайғамбарга қайтаринг. Ана шундай қилиш хайрли ва оқибати яхшидир!” (Нисо сураси, 59 оят).

Фақат Қуръонгагина амал қиламиз деб даъво қилувчилар ушбу оятларга қандай жавоб берадилар…улар даъволари кўра бу ва бошқа оятларга амал қилувчи эдику…

Ваҳоланки, салаф ва халаф уламоларимиз томонидан суннатни инкор қиладиган ва унга ихтилоф қиладиганлар хатарда эканликлари айтилган. Масалан, Хофиз Жалолидин  Суютий (роҳимаҳуллоҳ) айтадики: “Билингки, Аллоҳнинг Расули соллаллоҳу алайҳи васалламнинг ҳадисларини – хоҳ сўзлари бўлсин, хоҳ амаллари бўлсин – илмий асосланган шартларга жавоб берадиган ва ҳужжат бўла оладиган ҳадисларини инкор қилган одам куфрга кетади, Ислом умматидан чиқади ва қиёматда яҳудийлар, насронийлар ёки Аллоҳ хоҳлаган бошқа иймонсиз гуруҳлардан бири қаторида тирилади.”

Ривоят қилишларича, бир куни имом Шофеъий бир ҳадисни айтиб, уни саҳиҳ дедилар. Шу пайт ўтирганларидан бири: “Ўзингиз бу ҳадисга амал қиласизми, эй Абу Абдуллоҳ?” деб қолди. Бу гапни эшитиб, имом Шофеъий қаттиқ ғазабланиб, шундай дедилар: “Сен мени насроний деб ҳисоблаяпсанми? Ёки черковдан чиқиб кетаётганимни кўрдингми? Ёки белимга насронийча белбоғ (зуннор) таққанимни кўрдингми? Қандай қилиб Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламдан бир ҳадисни айтиб, унга амал қилмаслигим мумкин?”

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам ҳам келажакда шундай оқимлар пайдо бўлишидан огоҳлантирган эдилар:

Имом Абу Довуд қуйидагича ривоят қиладилар:
“Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам айтдилар: “Огоҳ бўлинглар! Менга Китоб ва у билан бирга унинг мисли берилгандир. Яқин кунларда бир тўқ­сероб кимса ўриндиғида суяниб ўтирган ҳолида: “Сизлар мана бу Қуръоннигина лозим тутинглар. Унда нимани ҳалол топсангиз, ҳалол деб билинг, нимани ҳаром топсангиз, ҳаром деб билинг”, деган гапларни айтади. Ҳой, огоҳ бўлинглар! Сизларга хонаки эшак ҳалол эмас. Ҳар қандай тишли йиртқич ҳамда қушлардан ҳар қандай ваҳший тирноқлиси ва муоҳиднинг топиб олинган нарсаси ҳам. Фақатгина у ўзи ундан беҳожатлигини айтса, майли. Ким бир қавмнинг орасига тушса, уларга уни меҳмон қилишлари лозимдир. Агар меҳмон қилмасалар, у (ҳалокат даражасидаги заруратда) меҳмонлик ҳаққича улардан олиши мумкин”.
Имом Байҳақий роҳимаҳуллоҳ шундай дейдилар: “Бу Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг ўзларидан кейин ҳадисларини инкор қилувчи бидъатчилар чиқиши борасидаги башоратларидир.

Яна бир ҳадисда, Абу Ҳурайра розияллоҳу ан­ҳудан ривоят қилинади: «Набий алайҳис­салом: “Умматимнинг барча­си жаннатга киради. Фақат бош тортганлари бундан мустасно”, дедилар. Шун­да саҳобалар: “Бош тортадиганлар ким?” деб сўрашди. Пай­ғамбаримиз алайҳиссалом: “Ким менга эргашса, жаннатга киради. Ким менга осий бўлса, дарҳақиқат, бош тортибди”, дедилар» (Имом Бухорий ривояти).

Юртимиз уламоларига берилаётган саволлардан юртдошларимиз орасида ҳам бу оқимнинг даъволарига қўшилиб қолганлар борлиги маълум бўляпти. Барча  уламолар мутовотир ҳадисни инкор қилувчи кофир бўлишлигига иттифоқ қилганлар. Шундай экан, кимки бундай асоссиз ва илмсиз тарқатилаётган чақириқларга жавоб берган бўлса, тезда тавба қилиши, аҳли сунна вал жамоъани маҳкам тутиши зарур бўлади. Аллоҳ таоло барчамизни  адашмасдан, Қуръон ва суннатдан оғишмай  динда собит туришимизни насиб қилсин.

                                                                          Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Мухамедходжаева Санобар

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*