Фарзандларингизга Расулуллоҳни танитинг

Агар сийрат китобларини ёш болаларга ўқиб берсангиз Расуллуллоҳ ҳақларида уларда қандай тасаввур ҳосил бўлади? Гўёки ул зотнинг ҳаётлари фақат уруш, ғазотлардан иборатдай туюлади. Бадр, Уҳуд, Худайбия, Макка фатҳи ва шу кабилар ул зотнинг харбий юришларидаги кечирган вақтлари холос. Сийрат китобларида бу ғазотлар орасидаги оддий ҳаётларига кам эътибор берилгандай кўринади. Аслида мана шу оралиқда Мадинада ислом давлатини қуриш билан бир қаторда оддий ҳаёт ҳам ўз йўлида давом этган. Аллоҳнинг расули аёллари, фарзандлари, дўстлари билан доимо бирга мулоқотда бўлганлар.

Ул зот соллаллоҳу алайҳи ва саллам Мадинада истиқомат қилган вақтларида 50, 60 ёш бўлишларига қарамасдан, кўринишлари жуда чиройли бўлиб, улар болалар учун қари бир мўйсафид кўринишида эмасдилар. Уларнинг олдиларига ёш бола қўрқмасдан бора оладиган суратда эдилар. Яъни улар билан бирга ўйнаса бўладиган, ҳазил қилса кўтарадиган, шу билан бирга уларга нисбатан ҳурмат қилинадиган салобатлари бўлган. Худди бола отасини яхши кўриб, унга эркалик қила олганидек, бир вақтни ўзида унинг ҳайбат, салобатидан ўзининг ҳаддини билиб турган каби эди. Чунки ёш болага пайғамбар ким эканлиги, уларга осмон эшиклари очиқлиги, хоҳлаган вақтда уларга ваҳий келиши мумкинлигини тушунтириб бўлмайди. Бу ҳолатларни бола фақат катта бўлгандагина тушуна олиши мумкин. Шунга қарамасдан ёш болалар уларни ким деб тасаввур қилганликлари муҳим. Одатда, хоҳ ёш бола бўлсин, ёки катта инсон бўлсин биринчи кўрган инсон ҳақидаги тасаввур нотаниш инсоннинг кўзига қараб пайдо бўлади. Ул зотнинг кўзлари ҳар доим тиниқ, қон томирчалари ҳеч қачон қизариб бўртиб турмаган, кўзларининг оқ қисми тим оппоқ бўлиб, ёқимли табассум ва ёруғ юз билан мужассам бўлганида бу ҳолатни ифодалаб беришга сўз ожизлик қилади.

Уларнинг юзлари жуда ёқимли эди.  Бу гўзал юзнинг ўзи ҳаммани ўзига жалб қилар, уни кўрган инсонлар уларни ҳали ислом динига даъват қилмасларидан олдин ўз хоҳишлари билан исломни қабул қилишга тайёр бўлиб қолар эдилар. Нима учун? Чунки бу гўзал юз, меҳрга тўла кўзлар билан боқилган нигоҳнинг ўзи ҳар бир инсонда ул зотни дунёдаги энг яхши инсон эканлигини, улардан ҳеч ҳам ёмонлик чиқмаслигини, зинҳор ёлғон гапирмасликларини аниқ, тиниқ намоён қиларди. Биргина яҳудий олими бўлган Абдуллоҳ ибн Саломни эсланг: “Мен уларнинг юзларига қараб бу ёлғончи инсон эмас, балки ҳақиқий ростгўй инсоннинг сиймоси эканини бир кўришдаёқ билдим. Асло ёлғончи ё безори инсон эмас, балки унга чин дилдан ишонса бўладиган, хоҳласа ҳам алдай олмайдиган самимий бир инсон эди. Мен унга ишондим ва шу сабаб иймон келтирдим”, деган экан. Демак ул зотнинг муборак юзларига қарашнинг ўзи бошқа дин вакилларида ҳам гўзал бир таассурот қолдирган.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам асҳобларининг у зотнинг муборак юзлари ҳақидаги таасурротлари қандай бўлган?

Абу Туфайл розияллоҳу анҳудан: «Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламни тавсифлаб беринг», деб сўраганларида у киши шундай деган: «У зот соллаллоҳу алайҳи васаллам оқ (тиниқ) рангли, гўзал юзли эдилар. Агар хурсанд бўлсалар, юзлари худди ойдек чақнаб кетар ва гўёки у зотнинг юзларида тўлин ой кўриниб тургандек бўлар эди». (Имом Муслим ривояти.)

Жобир розияллоҳу анҳу айтади: «Ул зотнинг юзлари қуёш билан ойга ўхшарди». (Имом Муслим ривояти.)

Яна бу ҳақда уларнинг асҳобларидан бири: “Биз Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни доимо юзларида табассум балқиган ҳолатдагина кўрганмиз. Бирон марта уларни бақирган, жаҳл қилган ҳолатда кўрмаганмиз”, дея таъкидлаганлар. Демак бундай ҳолат уларнинг оддий, кунлик кўринишлари бўлган экан. Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам хутба қилганларида, ғазотларда иштирок этганларида, ваҳий келган вақтларидагина жиддийлашганлар холос. Бу албатта табиий эди. Гувоҳи бўлганингиздек, Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васалламнинг таърифларини келтирган саҳобалар бир овоздан муборак юзларининг нурли, ёрқин ҳамда порлаб турганини ва ўзгача тиниқлик касб этганини таъкидламокдалар.

Тасаввур қилинг, Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва саллам сизга табассум қилмоқдалар… Яна қўлингиздан тутиб, сизнинг кўзингизга майин нигоҳларини йўналтирдилар… Сизга ёқимли сўзлар билан мурожаат қилмоқдалар… Шу билан бирга яна сизга раҳм-шафқатлидирлар… Сизни бирон нарсада айбламайдилар, сизга бақирмайдилар, тана қилмайдилар, асло сизга қўл кўтармайдилар ёки саҳобаларга “бориб, уни уриб келинг” демайдилар… У зотнинг шахсий қўриқловчилари бўлмаган, у зотнинг нигоҳларида таҳдидни кўрмайсиз, у зот ўзларини миршабдек тутмаганлар, у зотни кўриш биланоқ ҳамма ўзини бехавотир, хотиржам тутган. Уларнинг ҳузурларида катта инсон ўзини бехавотир тутган бўлса, энди у зотнинг ёқимли, тўлин ойга ўхшаган  меҳр, мурувват таралиб турган юзларини кўрган ёш болани тасаввур қилинг…

Саодат асрининг болаларига Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг юзларига боқишнинг ўзи уларда ҳис-ҳаяжон туғдирарди.

Абдуллоҳ ибн Ҳориса розияллоҳу анҳудан ривоят қилинган ҳадисда: “Қачон мен Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни учратсам ҳар доим уларнинг юзлари табассумли бўларди. Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламдан кўра кўпроқ табассум қиладиган инсонни кўрмадим”, дея таъкидлаганлар. (Термизий ривояти.)

 Анас ибн Молик розияллоҳу анҳу ул зотнинг ҳузурларида ўн йил хизмат қилган бахтли бола эди. Сахобалардан энг охирги 103 ёшга кириб вафот этган бу саҳоба ул зотни эслаб шундай деган эди: “Умримнинг охиригача тушимда Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламни кўрмаган бирон тун йўқ эди. Ҳар сафар тушимда ул зотнинг юзларини кўрганимда, йиғламаган бирон тун йўқ эди.”

Ҳа, азизлар, бу Расуллулоҳ соллаллоҳу алайҳи ва салламнинг муборак юзлари васфларидан бир шингил холос… Иншааллоҳ, охиратда ул зотнинг муборак юзларига тўйиб-тўйиб боқиш бахти ҳаммамизга насиб этсин!

Хадичаи Кубро аёл- қизлар билим

юрти мударрисаси Г.Қурбонова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*