Савдода алдовнинг ҳукмлари

 

 

Бандаларга ҳалол йўллар билан ризқланишни ва ҳаром йўллардан четланишни амр қилган Аллоҳ таолога битмас туганмас ҳамду санолар бўлсин! Умматларга савдо муомалаларини ҳам батафсил тушунтириб, уларни қандай амалга оширишни тушунтириб берган маҳбуб Пайғамбаримиз Муҳаммад Мустафога мукаммал ва батамом салавотлар ва дурудлар бўлсин!

“Набий соллаллоҳу алайҳи васалам таом сотаётган одамнинг олдидан ўтаётиб: “Қандай сотаяпсан?”, деб сўрадилар. У ҳабар берди. Шунда у зотга: “Қўлингни у(таом)нинг ичига киргиз”, деб ваҳий қилинди. У зот қўлларини киргизсалар, ҳўл экан. Шунда Набий соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Ким алдаса, биздан эмасдир”, дедилар”.

Ушбу  хадисдан савдо-сотиқ борасида бир неча фойдалар олинади.

  1. Ислом дини савдо-сотиқ иқтисодий ишларда ҳам ўз таълимотларига эга экани.
  2. Савдо-сотиқ ишлари шариатга мувофиқ бўлиши кераклиги.
  3. Савдо молида айб бўлса, уни харидорга айтиш ёки кўрсатиш лозимлиги.
  4. Савдода алдамчилик қилиш савдрогарни мусулмонлик доирасидан чиқариши.

Абу Саид Худрий (розияллоҳу анҳу)дан ривоят қилинган ҳадиси шарифда

 

التاجرالصدوق الأمين مع النبيين والصديقين والشهداء

 

“Ростгўй, омонатдор тижоратчи (жаннатда) пайғамбарлар, сиддиқлар ва шаҳидлар билан бирга бўлади” (Имом Термизий  ривояти).

Яна ҳадиси шарифда

 

الحلف منفقةالسلعة ممحقه للبركة

 

“Қасам молнинг бозорини чаққон қилади, аммо баракасини кетказади”,  дейилган (Имом Бухорий, Муслим ва Насоий ривоятлари) .

Бу ҳадис барча олди-сотди билан шуғулланувчилар, тадбиркорлар, касб-ҳунар эгаларига тегишлидир. Тижоратчи фирибгарлик, алдовнинг ҳар қандай кўринишидан  узоқ бўлиши зарур. Савдода алдаш, ёлғон қасам ичиш нафақат ризқнинг баракасини кўтаради балки, гуноҳ орттириб олишига ҳам олиб келади.

Энди бугунги катта-кичик савдогарларнинг қилаётган ишларига бир назар солайлик. Бозорда, нафақат бозорда умуман, олди-сотди савдосида алданганлар жуда кўпчиликни ташкил қилади. Ақлга сиғмайдиган ҳийла-найранг, алдов, қаллоблик каби иллатларни ўзига касб қилиб олган мусулмонлар ўзларини, Муҳаммад соллаллоҳу алайҳи васалламнинг умматиданман дейишга ҳаққи бормикан?!

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам марҳамат қиладилар: “Олди берди қилувчи икки киши(яъни сотувчи ва харидор) то бир-биридан ажрамагунларича (молни олиш ёки сотиш борасида) ихтиёрга эгадирлар. Агар рост сўзлаб, (молнинг ҳолатини чиройли) баён қилсалар, савдода барака берилади, алдаб беркитсалар, савдоларининг баракаси ўчирилади” (Саҳиҳайн). Демак, тадбиркор, савдогар киши ростгўйликни ўзининг шиорига айлантириб олиши керак экан. Шунда унинг ризқига барака ато қилинади.

Исломда алдов, фирибгарлик, бировни чув тушуриш, савдо-сотиқда алдамчилик каби иллатлар қораланган.  Шариатимизда ҳалоллик муҳим ўрин тутиб, у инсон умри хотиржам, осойишта ва фаровонлик билан ўтишига гаровдир. Динимиз ҳалолликни тарғиб этади.

Авваллари юртимизда савдо-сотиқ, хунармандчилиқ, деҳқончилик ва фермерлик билан эркин шуғуллана олмасдилар. Аллоҳга беадад шукурлар айтамизки, юртимиз мустақиллиги шарофати ила бозор иқтисодиёти жорий бўлди. Бунинг натижасида фуқаролар ўзлари севган касб-корларини қилишлари, кичик бизнес ва тадбирколикни ривожлантиришлари мумкин бўлди, иқтисодиётни эркинлаштириш ва рақамлаштириш борасида турли ислоҳотлар амалга оширилди, аҳоли учун кенг имкониятлар яратилди. Бунга фақат шукур қилишимиз ва савдо борасида адолатли ҳамда инсофли бўлишимиз даркор. Ким сўзда ҳам, ишда ҳам ҳалол бўлса, Аллоҳ таоло баракот ато этади.

 

                                                           Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом таълим муассасаси ўқитувчиси

Раҳматуллаева Шаҳзода

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*