ИСЛОМ АЛЛОМАЛАРИНИНГ ҒАРБ ФАЛСАФАСИ  РИВОЖИГА ТАЪСИРИ

Бугунги азиз юртимизда бой илмий меросимизни айниқса, бу табаррук заминдан чиқиб диний илмларнинг турли – фиқҳ, ҳадис, тафсир, калом каби соҳаларида бебаҳо асарлар яратган алломаларимизнинг меросларини ҳар томонлама – илмий, фалсафий, тарихий ўрганиш борасида улуғвор ишлар амалга оширилмоқда. Ўз даврларида ва асрлар ўтсада номларини дунё тан олган буюк олимларимизнинг бебаҳо асарлари ва маънавий меросимиз ҳозирда бизларга миллий ғурур ва ифтихор туйғуларини шакллантириш билан бирга, комил инсон ва баркамол авлодни вояга етказишда муҳим таянч бўлмоқда.

Шундай улуғ мутафаккирларимиздан бири, ислом файласуфи ҳисобланган юртдошимиз Абу Нарс ал-Форобийдир. Ғарб фалсафасига энг кўп таъсир кўрсатган Форобий ҳаётининг сўнгги йилларидаёқ Ғарб оламида танила бошланган эди. У ғарб файласуфлари орасида «Ал-Фарабиус», «Авеннаср», «Абу Насар» ва «Абулмасат Фараби» каби номлар билан машҳур бўлган. Форобийнинг лотин тилига «Китоб фил ақл», «Китоб фил Хитоба» асарлари Ҳерман Алманнус томонидан, илмлар таснифига бағишланган «Китоб эхсоул улум» асари Жон Севилье, Де Грамона ва Гундусаллинслар томонидан таржима қилинган. Файласуфнинг билим ва метод тушунчалари ва фикрларини ўз ичига олган бу асари ислом ва схоластик файласуфлари наздида ҳам катта аҳамият касб этган. Форобийнинг Ғарб файласуфлари орасида илмлар классификацияси[1] яхши ўрганилган. Бундан ташқари, унинг ақл назарияси ва ақллар таснифига оид қарашлари катта таъсир кўрсатган. Христиан дунёсининг ўрта асрлардаги икки буюк файласуфи Катта Алберт ва Фома Аквинскийлар ушбу мавзуларда Форобийнинг фикрларидан фойдаланганликлари қайд этилган. Бу ўхшашликлар ақлий ва руҳий қувватларнинг билишдаги функциялари, инсон ақлининг  билишдаги  ўрни каби қарашларда кўрилади.[2]

Бу мавзуда Ибн Сино Форобийдан янада кенгроқ таъсирга эга бўлган. “Авиценна” номи билан машҳур бўлган Ибн Синонинг «аш-Шифо» асари табиат (физика), илоҳиёт (метафизика) ва нафс (психология)га оид бобларини ҳаммаси  ўша даврлардаёқ лотин тилига таржима қилинган. Мантиқ бўлимидан икки китоби ва «ан-Нажот», «Ал-ишорот ват-танбеҳот»дан танланган қисмлар ва баъзи кичик рисолалар ҳам ўз даврида таржима қилинган. Ислом файласуфларининг китоблари ўрта асрларданоқ Ғарб университетларида ўқитила бошланган. Масалан, Ибн Синонинг тиб тўғрисидаги «Ал-Қонун» китоби XII асрда таржима этилганди. Шунингдек, ар-Розийнинг «Ал-Ҳовий» китоби XIII аср ниҳоясида лотинчага ўгирилди. Бу икки китоб Европа университетларида тиббиёт дарсларининг асоси сифатида ўн олтинчи асрларгача ўқитиб келинди.

Аллома Густав Лубон айтади: «Араб китобларининг таржимаси, хусусан илмий китоблар ўқитиш учун ягона манба бўлиб, қарийб беш ёки олти аср хизмат қилди. Айтишимиз мумкинки, тиб илми каби баъзи илмларда мусулмонларнинг таъсири бугунги кунимизга етиб келди. Бу олим яна дейди: «Рожер Бекон, Леонард Албези, Арно Алфифуфи, Ремон Лол, Сан Тома, Катта Алберт ва бошқалар фақат ислом олимларининг китобларига ишонганлар.»  Мсье Ренон: «Албатта, катта Алберт Ибн Синога, Сан Тома эса ўз фалсафасида Ибн Рушдга қарздор»,- деб ёзади.

Шунингдек, ғарб дунёсига Ибн Сино ва Форобий каби таъсир кўрсатган яна бир мутафаккиримиз Ғаззолийдир. «Алгазел» номи билан танилган Ғаззолий асарларини XII асрлардан бошлаб, лотин ва иброний тилларига таржима қилиш бошланади. Унинг «Мақосидул фалсафа» асари Доминикуа Гундусалви томонидан XII аср охирларида, «Тахофатул фалосифа», «Ан нафсул инсоний» ва «Мишкатул анвор» асарлари лотин тилига таржима қилинади. Дастлаб Катта Алберт ва Фома Аквинскийлар, кейинчалик XIV асрларда Вильям Оккам, Николас Антрекарт, Петер де Алли каби шубҳа йўлини тутган скептик файласуфлар ғаззолийчилар ҳисобланади. Улар Ғаззолийнинг номиналистик ва шубҳа методи қарашларидан фойдаланганлар. Бугунги кунда немис мумтоз файласуфи Кант билан Ғаззолийнинг ақл ҳақидаги қарашларида ҳам ўхшашликлар кўрилмоқда.

Хулоса қилиб айтганда, аждодларимиз ислом мутафаккирлари Ғарбдаги фалсафий тафаккур ривожланишига самарали таъсир кўрсатганлар. Чунки алломаларимиз ўз асарлари орқали минг йиллар давомида ижтимоий ҳаёт ва табиатнинг ҳамма соҳаларини, математика, география, физика, поэзия, одоб-ахлоқ, астрономия, мантиқ, тиббиёт, адабиёт ва шу каби бошқа фанларнинг энг умумий қонуниятларини тушунганлар, тушунтирганлар ва талқин этганлар. Шунинг учун аждодларимиз асарларини ўрганиш, улар томонидан яратилган илмий, диний-фалсафий таълимотлари устида давр талабларига монанд тадқиқотларни амалга ошириш бугунги куннинг долзарб вазифаларидан бири бўлиб ҳисобланади.

Адина  Сайдахмедова –

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом

таълим муассасси катта ўқитувчиси,

фалсафа фанлари номзоди

[1] Форобийнинг илмлар классификация ҳақида қаранг: Бахадиров Р. Из истории классификации наук на средневековом мусульманском  Востоке. Т.,Академия. 2000

[2] R. Hammoud. The fhilosofhy of al Farabi and its influence on Medieval Thought. New York. 1947. p 12.

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*