Шифо неъмати

Бемор бўлган бандаларига шифо берувчи Аллоҳ таолога ҳамд-у санолар, бизга шифо топиш сабабларини ўргатган пайғамбаримиз Расулуллоҳ ﷺ га саловатлар бўлсин. Соғлигимиз Аллоҳ таолодан берилган катта бойлигимиз. Буни барча бемор бўлганлар яхши англайди. Улар соғлиқни тиклаш учун қўлидан келган барча амалларни қилиб кўрадилар. Усома ибн Шарик розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади. Расулуллоҳ ﷺ шундай деганлар: “Даволанинглар, Аллоҳ қайси бир дардни берган бўлса, албатта, унинг давосини ҳам бергандир”. (Имом Аҳмад, Термизий, Насаий, Абу Довуд, Ибн Можа, Ҳоким ривояти)

Ушбу ҳадис бутун жаҳон тиббиётининг ривожланиб боришининг исботи. Шифокорлари дардларнинг давосини излашар экан ҳадиси шарифнинг ҳикматлари кўринаверади. Даво топишнинг эса турлича йўллари бордир. Қуйида зикр қилинадиганлари дуолар ила шифо топишдир. Бу дуолар орқали инсон руҳиятига ҳам яхшигина таъсир бўлади ва “Мен тузаламан” деган кучли ишонч пайдо бўлиб, соғайиши тезлашади. Танамиз ҳам мийядаги буйруққа асосан ишлайди ва Аллоҳнинг изни ила шифо топади. Ҳозирги кундаги илмий изланишлар ҳам беморнинг руҳий ҳолати, ихлоси муолажага ижобий таъсир кўрсатишини исботлаганлар.

Оиша розияллоҳу анҳодан дан ривоят қилинади: “Бизлардан бир киши шикоят қилса Расулуллоҳ ﷺ уни ўнг қўллари билан силардилар ва: “Инсонлар Роббиси шиддатни кетказ, Сен шифо берувчисан, шифо бер. Сени бирор дард қолдирмасдан шифо беришингдан бошқа шифо йўқдир” дердилар”. (Муттафақун алайҳ)

Усмон ибн Абул Ос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “У киши Расулуллоҳ ﷺ га жасадида топган оғриқдан шикоят қилди. Расулуллоҳ ﷺ унга дедилар: “Қўлингни танангдаги оғриётган жойингга қўйиб уч марта Бисмиллаҳни айт ва етти марта: Аллоҳнинг иззати ва қудрати билан ўзимда топган ва ҳис қилаётган нарсани ёмонлигидан паноҳ сўрайман деб айт”. У киши айтади: Шуни қилдим бас, Аллоҳ мендаги нарсани кетқазди”. (Муслим ривояти )

Абу Саид ал-Худрий розияллоҳу анҳудан  ривоят қилинади: “Жаброил Набий ﷺ олдиларига келди ва деди: “Ей Муҳаммад касал бўлдингми? У зот –Ҳа дедилар. У: Аллоҳнинг номи билан ҳар бир сенга азият берган нарсадан, ҳар бир нафснинг ёмонлигидан ва ҳасадчи кўзнинг ёмонлигидан Аллоҳнинг номи билан дам соламан. Аллоҳ шифо берсин”деди”. (Муслим ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Расулуллоҳ ﷺ Ҳасан ва Ҳусайнга шундай дам солардилар: “Аллоҳнинг тамомий калималари билан ҳар бир шайтон ва васвасадан, ёмонликларни ўз ичига жамлаган кўзнинг ёмонлигидан сиз иккингизга паноҳ сўрайман.Ва: Албатта отангиз шулар билан Исмоил ва Исҳоқга дам солган” дедилар”. (Бухорий ривояти)

Ибн Аббос розияллоҳу анҳудан ривоят қилинади: “Набий ﷺ уларга иситма ва турли оғриқларда мана бундай дейишни ўргатардилар: Аллоҳнинг номи билан томирларда жўшиб оқаётган қоннинг ёмонлигидан ва дўзаҳ оловининг иссиқлигидан паноҳ сўрайман”. (Термизий ривояти)

Ҳадисга амал қилиб, ўз ҳаётида қўллаган, ушбу дуолар ила шифо топган дўстларимиз бунга мисол бўладилар. Ахир ихлос билан, бутун вужуди билан Аллоҳдан ёрдам сўраган бандани Роббимиз ёрдамсиз қолдирармиди?! Аллоҳ ихлос билан қилаётган дуоларимизни қабул этсин ва барчамизни саломат қилсин.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта махсус ислом

таълим муассасаси 4-курс талабаси

Шахбердинова Мадина

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*