Тасбеҳдан фойдаланиш бидъатми?

Бугунги кунимизда баъзи одамларнинг зикр учун тасбеҳ ишлатиш ножоиз ва бидъат эканлиги ҳақида гапириб, бошқаларни саросимага солаётганларини эшитиб турамиз.

Бидъат деб аслида кейин пайдо бўлган нарсаларга нисбатан айтилади. Бидъат ҳасана ва бидъат саййиага бўлинади.

Янги чиққан ҳар нарсаларни бидъат деб ундан юз ўгириш мумкин эмас. Чунки замонлар ўтиши билан дунёдаги барча нарсалар янгиланиб бораверади. Қуръони каримнинг мусҳаф шаклига келтирилиши ҳам бидъати ҳасанадир. Чунки Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида мусҳаф ҳолига келтирилмаган эди. Агар биз бидъатларнинг барчасига қарши бўлсак, унда қуръоннинг мусҳаф ҳолига келтирилишига ҳам қарши чиқишимиз керак бўлиб қолади. Биз барча бидъатларга қаршимиз дегувчиларга қарата “Қуръонни мусҳафдан ўқиманг, туя ёки кийикларнинг терисига ёзиб ўқинглар” деб айтиш мумкин. Чунки ўша даврларда шундай эди.  Яна Қуръони каримнинг бугунги кунимиздагидек ҳаракатли (эъробли) ҳолга келтирилиши ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида бўлмаган, кейин келиб чиққан бидъатлардан ҳисобланади. Ҳазрат Али (р.а.) нинг замонларида бу ишга қўл урилди. Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг замонларида бўлмаган ишларнинг ҳаммасини бидъат санайдиганлар ва ножоиз дейдиганлар, Қуръони каримнинг ҳаракатли нусҳаларидан фойдаланмасликлари лозим бўлиб қолмайдими? Барча янги нарсаларга қарши чиқар экансиз унда Қуръонни ҳам эъробсиз, нуқтасиз ҳолида тиловат қилишингиз керак бўлмайдими?

Ҳадисларнинг китоб ҳолига келтирилиб жамланиши ҳам бидъатдир. Бу иш ҳам Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг даврларида йўқ эди. Буни ҳам бидъат деб инкор қиламизми?

Агар бидъат ҳасаналарни инкор қилаверсак ҳаётимизни қийинлаштириб юборамиз.

Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг замонларида масжидларда миноралар йўқ эди. Кейинроқ пайдо бўлди. Буни ҳам инкор қилишимиз керакми?

Масжидларда микрофонларнинг ишлатилиши ҳам диний масалада қилинган янги ишлардандир. Динда янгилик бўлган барча нарсага қаршимиз дегувчилар микрофон ҳам ишлатмаяптилармикин?

Биз юқорида бидъати ҳасанага бир қанча мисоллар келтирдик.

Дарахтларга мато боғлаш, қабристонларда шам ёқиш каби ёмон ишлар динимизда бидъати саййиа ҳисобланади. Бундай ишларнинг барчаси ножоиздир.

Бироз узун бўлиб кетган муқаддимамиздан сўнг асл мавзуимиз бўлган ва баъзиларнинг қарши чиқаётган нарсалари бўлмиш “тасбеҳ ишлатиш” масаласига қайтамиз. Тасбеҳ Расулуллоҳ (с.а.в.) даврларида мавжуд эди. Баъзи саҳобалар хурмо данаклари ва тошлар билан тасбеҳларини санардилар. Биз бугунги кунда ишлатадиган турли туман тасбеҳлар табиийки у замонларда йўқ эди. Луғат жиҳатидан бугунги кундаги тасбеҳлар бидъатдир яъни янги пайдо бўлгандир. Лекин асли шариатда бор бўлгани учун бидъати ҳасана туркумига киради.

Қуйида бир қанча ҳадисларни тасбеҳ ишлатиш жоиз эканлигига далил сифатида келтирамиз;

Ҳоким ва Табароний мўминлар онаси Сафия (р.а.) дан қуйидагича ривоят қиладилар: “Менинг олдимда 4000 дона данак бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) олдимга кирдилар ва эй Ҳуяй қизи, булар нима? деб сўрадилар. Мен улар билан айтган тасбеҳларимни санайман, дедим. Расулуллоҳ (с.а.в.) мен бу данаклардан ҳам кўп тасбеҳ айтаман, дедилар. Мен эй Аллоҳнинг Расули уларни менга ўргатинг, деганимда у Зот: “Субҳаналлоҳи адада ма холақа мин шайъин” (тасбеҳи) дедилар.

Агар тасбеҳ билан санаб зикр айтиш жоиз бўлмаганида Расулуллоҳ (с.а.в.) онамизни бундан ман қилган бўлардилар.

Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу бир ипни бир-бирига тугиб чиққанлар. У кишининг икки минг тугунли тасбеҳлари бор эди. Расулуллоҳ (с.а.в.) дан умрларининг охиригача ажралмай у зотдан ҳадисларни ривоят қилган Абу Ҳурайра розияллоҳу анҳу ножоиз бўлган ишни қилишлари асло мумкин эмас.

Ҳазрат Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам Умму Ҳоний розияллоҳу анҳога «ҳар куни 100 марта «Лаа илоҳа иллаллоҳ» дегин» деб айтганлар. Умматларига «ҳар куни 100 марта «астағфируллоҳ» ни айтинглар, мен ҳам айтаман», – деганлар.

100 та тасбеҳни санаш учун бармоқлар кифоя қилмайди. Албатта буни осонлаштириш учун бир воситага эҳтиёж сезилади.

Саъд ибн Абу Ваққос Пайғамбар (с.а.в.) билан бир аёлнинг олдига кирдилар. У аёлнинг ҳам олдида данаклар ёки майда тошлар бор эди. У аёл бу нарсалар билан тасбеҳ айтар эди. Расулуллоҳ (с.а.в.): “Сенга булардан ҳам осон ҳамда фазилатли тасбеҳни ўргатайми?”, – дедилар ва қуйидагиларни айтдилар: “Осмонда яратилган махлуқотлар ададича Аллоҳга тасбеҳ айтаман. Барча яратган махлуқотлари ададича Аллоҳга тасбеҳ айтаман. “Аллоҳу акбар” ҳам, “Алҳамдулиллаҳ” ҳам, “Ла илаҳа иллаллоҳ” ва “Ла ҳавла вала қуввата илла биллаҳ” ҳам худди шундай ўқилади, дедилар.

Аҳмад ибн Ҳанбал Юнус бин Убайддан унинг онаси шундай деганини ривоят қиладилар:

“Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг асҳобларидан бўлган Абу Сафийя бизнинг қўшнимиз эди. У майда тошлар воситасида тасбеҳ айтарди.”

Аҳмад ибн Ҳанбалдан ривоят қилинади. Абу Дардонинг бир идиш ичига солиб қўйган ажва хурмосининг данакларидан бўлган тасбеҳлари бор эди. Бомдод намозининг ўқиб бўлгач, уларни битта битта қўлдан ўтказиб санаб тасбеҳ айтардилар.

Ибн Абу Шайба Мусаннаф китобларида ривоят қиладилар: “Абу Саид ал Худрий тошлар билан тасбеҳ айтардилар”

Тасбеҳ бир восита ҳисобланади. Яъни кунимизда тасбеҳлар ҳам, Расулуллоҳ (с.а.в.) нинг замонларидаги тош ва данаклардан қилинган тасбеҳлар ҳам аслида мақсадга эришиш учун восита ҳисобланади. Воситаларнинг ҳукми мақсаднинг ҳукмига кўра бўлади.  Масалан ҳаж қилиш ибодатдир. Бу ибодатнинг воситаси Расулуллоҳ (с.а.в.) замонларида туя эди. Замонлар ўтиши билан воситалар ўзгариб кетди. Ҳозирда туяларнинг ўрнини уловлар, учоқлар, кемалар эгаллади. Асл мақсад ҳаж ибодатини бажаришдир. Қайси воситани танлаш аҳамиятли эмасдир. Воситаларнинг ўзгариб кетишини бидъат деб бўлмайди.

Аллоҳни зикр қилишда саноқларида адашмаслик учун восита сифатида бармоқни ишлатиш ёки тошни ё данакни ёхуд кунимиздаги замонавий тасбеҳ айтиш асбобларининг бирортасини ишлатиш бидъат яратишга кирмайди. Чунки асл мақсад зикр айтиш бўлиб, у ўз ўрнида ўзгармай турибди. Воситаларнинг замонлар ўтиши сабабидан ўзгариб кетиши аҳамиятга молик эмас. Тасбеҳ айтишга ҳадисларда келган ададларни ўзгартириш эса ҳақиқий бидъат саналади. Масалан 33 марта “Субҳаналлоҳ” дейиш лозимлиги ҳақидаги ҳадисни 35 тага ўзгартирилса бу динимиз таъқиқилаган бидъат ҳисобланади.

 Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

 махсус ислом таълим муассасаси

катта ўқитувчиси С.Ибрагимова

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*