Соғлом турмуш тарзи – саломатлик мезони

Оиша розияллоҳу анҳодан ривоят қилинади:

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Агар сизлардан бирингиз (овқат) ейдиган бўлса, ана шу таомнинг аввалида Аллоҳнинг исмини зикр қилсин. Агар аввалида Аллоҳнинг исмини зикр этишни унутса, “Бисмиллаҳи аввалаҳу ва ахираҳу”, деб айтсин”, дедилар.

Гигиена (юнонча ҳйгиеинос-соғлом) тиббиётнинг бир соҳаси бўлиб кишилар соғлиғини турмуш ва меҳнат шароитлари таъсирини ўрганади, ҳамда касалликларнинг олдини олиш, яшаш учун энг қулай шароит яратиш, соғлиқни сақлаш ва умрни узайтириш чора тадбирларини ишлаб чиқади. Гигиенанинг бир неча соҳалари бор: авиацион гигиена, ҳарбий гигиена, меҳнат гигиенаси, болалар ва ўсмирлар гигиенаси, шахсий гигиена, ижтимоий гигиена, овқатланиш гигиенаси, радиацион гигиена ва ҳоказолар.

Гигиена физиология, патофизиология, эпидемиология, токсикология, физика, кимё шунингдек ижтимоий-иқтисодий фанлар билан чамбарчас боғлиқ, чунки табиий омиллар билан бирга жамиятнинг иқтисодий аҳволи ҳам киши соғлиғига таъсир этади.

Гигиена энг қадимги фанлардан ҳисобланади. Қадимги Ҳиндистон қонунлари мажмуасида кийим–кечакни алмаштириш, тери ва тишни парвариш қилиш, ўсимликлардан тайёрланган овқатлар ейиш зарур деб кўрсатилар, овқатга ружу қўйиш тақиқланар эди. Гиппократ “Ҳаво, иқлим ва сувни одам соғлиғига таъсир этадиган муҳим омиллар” деб атаган. Абу Али ибн Синонинг гигиенага доир фикрлари, соғлиқни сақлаш қоидалари кўп асрлар мобайнида амали қўлланма бўлиб келди. У ҳаво ва сув орқали тарқалиб, касалликка сабаб бўладиган қандайдир жониворлар бор, деб фараз қилган, сувни қайнатиш ёки филтрлаш керак, деган талаб эса ана шу фаразга асосланган. Гигиена фани олдига қўйилган вазифа ва талабларнинг ортиши, гигиеник текшириш усулларининг мураккаблашиши гигиена соҳаларининг мустақил фан сифатида ажралиб чиқишига олиб келди.

Овқатланиш гигиенаси – гигиенанинг бир тармоғи, соғлом одамнинг тўғри ва бекаму–кўст овқатланиш муаммоларини ўрганадиган фан. Овқатланиш гигиенаси одамнинг овқатланишини жинс, ёш, касб, меҳнат ҳарактери жисмоний зўриқиш, иқлим шароити, миллий хусусиятлари, турли ҳудудлардаги аҳоли овқатининг миқдори ва сифат томонларига боғлаб ўрганади ва кишиларнинг меҳнат шароитига қараб ўз моддаларга эҳтиёжини белгилаб беради.

Расулуллоҳ соллаллоҳу алайҳи васаллам: “Сизлардан бирингиз овқатланадиган бўлса, бармоқларини яламасдан олдин артмасин”, дедилар.

Овқатдан кейин бармоқларини ялаш мусулмонларнинг овқатланишдаги гигиеник жиҳатларидан биридир. Қўл ялаб кейин артилса, ёғлар увол бўлмайди. Сочиқлар ва қўл артиш учун ишлатиладиган бошқа нарсаларни ортиқча ишдан чиқармайди.

Яна бошқа бир ҳадисда қўлидаги таом юқини ювмасдан ухлаб қолган кишига бирор мусибат етиши мумкинлиги айтилган. Ҳозирги кунимизда маданият тушунчасини ҳар бир соҳага қўллаганимиз учун қўлидаги таом юқини ювмайдиган одам ҳам бўладими, деган савол туғилиши табиий. Лекин, ўта эътиборсиз одамлар ҳозирги пайтда ҳам йўқ эмас.

Ишлаб чиқариш корхоналарининг жамоалари, мактаблардаги, мактабгача тарбия ёшидаги болалар ва бошқа муассасаларнинг болалар жамоалари учун рационал овқат ишлаб чиқиш, умумий овқатланиш ва овқат саноати корхоналарида озиқ – овқат масаллиқларини зарарли моддалар қўшилишидан сақлашга доир таъсирли санитария назорати усулларини ишлаб чиқиш, овқатда бўладиган токсикоинфексиялар ва интоксикацияларни олдини олиш тадбирларини ишлаб чиқиш, овқат саноати, савдо ва умумий овқатланиш корхоналарини лойиҳалаш, қуриш ва ишга туширишни профилактик санитария назоратига олиш, янги саноат товарларининг вақтинча техника шартлари ва давлат андозасига мос ишлаб чиқишда қатнашиш овқатланиш гигиенасининг амалий вазифаларидир.

Овқатланиш гигиенаси ўз тадқиқотларида кимё, микробиология, физиология, стомотология, иқлимшунослик ва бошқа фанларнинг илмий маълумотларига таянади.

Ўзбекистон Республикасида овқатланиш гигиенаси соҳасидаги илмий тадқиқотларни Республика диетология маркази Тошкент Тиббиёт Институтининг овқатланиш гигиенаси кафедралари, шунингдек санитария–гигиена илмий тадқиқотлари институти, лаборотория ва бўлимлари, дон, гўшт ва сут, консерва ва сабзавот қуритиш, кондитер саноати ва бошқаларнинг назорат тармоқлари олиб боради.

Тўғри овқатланиш тўғрисида сўз юритишдан аввал овқат ҳазм қилиш органлари ва уларнинг вазифалари ҳақида танишиб чиқамиз.

Овқат ҳазм қилиш органлари лаблар, оғиз бўшлиғи, ҳалқум, қизилўнгач, меъда, ўн икки бармоқ ичак, ингичка ва йўғон ичаклар ҳамда меъдаости бези ва жигар каби органлардан ташкил топган. Овқат ҳазм қилиш аъзоларининг фаолияти нормал бўлишида идиш-товоқнинг тозалиги, таомларнинг сифатли тайёрланиши, ташқи кўриниши, ёқимли ҳиди катта аҳамиятга эга. Дид билан тайёрланган таомлар ва дастурхоннинг безатилиши, кўриш ва ҳид билиш аъзолари орқали овқатланиш рефлексларини қўзғатади. Бу эса оғизда сўлак ва меъда-ичакларда шира ажралишини кучайтиради ҳамда иштаҳани очади.

Хадичаи Кубро аёл-қизлар ўрта

махсус ислом таълим муассасаси

ўқитувчиси Мухитддинова Ферузахон

Мулоҳаза билдириш

Your email address will not be published. Required fields are marked *

*